YAXYO (alayhissalom)

    38

    ЯҲЁ (алайҳиссалом) – Қуръони каримда номи зикр этилган пайғамбарлардан бири. Тўлиқ исмлари Яҳё ибн Закариё ибн Ладан ибн Муслим ибн Садуқ ибн Ҳашбон ибн Довуд ибн Сулаймон ибн Муслим ибн Садиқа ибн Бархиё ибн Балъата ибн Ноҳур ибн Шалум ибн Баҳфошот ибн Айноман ибн Раҳиом ибн Сулаймон ибн Довуд ибн Ийша ибн Увайд ибн Обир ибн Салмун ибн Наҳшун ибн Авинодб ибн Эрам ибн Ҳасрун ибн Фарс ибн Яҳузо ибн Яъқуб ибн Исҳоқ ибн Иброҳим (алайҳиссалом)дир. Яҳё (алайҳиссалом)нинг оналари Ашбоъ бинти Имрон бўлиб, Марям (алайҳиссалом)нинг опаларидир. Яҳё (алайҳиссалом) Бани Исроил қавмидан чиққан пайғамбарлардан бири. У зот милоддан аввалги 1­йилда туғилиб, милодий 30 йилда вафот этганлар. Баъзи манбаларда Яҳё (алайҳиссалом) Исо (алайҳиссалом)дан олти ой ёки уч йил аввал дунёга келганлари ва умрларининг кўп қисмини у зот билан бирга ўтказганлари айтилган. Қуръони каримда Яҳё (алайҳиссалом)нинг номлари Оли Имрон, Анъом, Марям ва Анбиё сураларида 5 марта келтирилган. Аллоҳ таоло қуйидаги оятда Яҳё (алайҳиссалом)ни катта пайғамбарлар сирасида зикр қилган: «Закариё, Яҳё, Исо ва Илёсни (ҳам ҳидоятга йўлладик). Ҳаммаси солиҳлардандир» (Анъом, 85). Закариё (алайҳиссалом)га Аллоҳ таоло фарзанд бериб, унинг исмини Ўзи Яҳё деб қўйди ва улуғ пайғамбарлардан қилди: «(Аллоҳ айтди): «Эй, Закариё! Биз сенга бир фарзанд хушхабарини берурмиз; унинг исми Яҳё бўлиб, илгари унга бирор (кимсани) ҳамном қилган эмасмиз» (Марям, 7). Яҳё (алайҳиссалом) ёшликларидан ибодатга берилган, Тавротдаги ҳукмларга астойдил амал қиладиган, ниҳоятда ҳалим ва камтар зот бўлганлар. Исо (алайҳиссалом) худонинг элчиси эканлигини биринчи бўлиб олдиндан айтган, унга ишонган ва ёрдам берганлар. Вояга етгач, Шом ва Қуддусга бориб у ердаги одамларни Аллоҳнинг ягоналигига имон келтириб, фақат Унгагина ибодат қилишга чақирганлар. Қуръони каримда Аллоҳ таоло Яҳё (алайҳиссалом)га у зотдан олдин ўтган Мусо (алайҳиссалом)га нозил бўлган Тавротни ўқиб, унга амал қилишга буюрган: «(Биз унга): «Эй, Яҳё! Китобни (яъни Тавротни) жиддийлик билан қўлга ол!» – (дедик) ва унга гўдаклик чоғидаёқ ҳикмат (ва илм) ато этдик» (Марям, 12). Мазкур оят тафсирида шундай дейилади: Яҳё (алайҳиссалом) уч ёшларида Таврот китобини бемалол ўқиганлар. Тенгқур болалар кўчада ўйнашга чақиришса, Яҳё (алайҳиссалом) уларга: “Ўйин учун яратилмаганмиз”, – дер эканлар. Шунинг учун Қуръонни балоғат ёшига етмай туриб ёд олган қорилар ҳам Яҳё (алайҳиссалом) каби ҳикмат ато этилган зотлардан саналар экан. Яҳё (алайҳиссалом)нинг шаҳид бўлишлари ҳақида бир неча ривоятлар мавжуд.

    Ад.: Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва тафсир муаллифи Абдулазиз Мансур; Имодуддин Абулфидо Исмоил ибн Касир. Қисас ал­анбиё (Доктор Абдулҳай Фармовий тадқиқи); Жалолиддин Суютий. Ал­Итқон. Доктор Салоҳ Холидий. Ал­Қисас ал­қуръоний. Ж. III; Раҳматуллоҳ қори Обидов. Пайғамбарлар тарихи исломият тарихидир (Қуръони каримда пайғамбарлар сиймоси) Биринчи китоб; Шайх Муҳаммад Содиқ М.Ю. Ҳадис ва ҳаёт 20­жуз (Анбиёлар қиссаси). Шайх Муҳаммад Содиқ М.Ю. Тафсири Ҳилол 5­-жуз.

    С.Сиддиқов

    « Back to Glossary Index