YUNUS (alayhissalom)

    26

    ЮНУС (алайҳиссалом)– Қуръони каримда номи зикр этилган пайғамбарлардан бири. Насаблари Юсуф (алайҳиссалом)нинг туғишган укалари Биняминга боради. У зот Юнус ибн Амиттой номи ила машҳур. Амиттой у зотнинг оналарининг исми. Пайғамбарлар ичида фақат Юнус ва Исо (алайҳиссалом) оналарига нисбат берилганлар. Юнус (алайҳиссалом) тахминан милоддан аввалги 8­-асрда туғилиб, 7­-асрда вафот этганлар. Қабрлари Ироқнинг Мосул шаҳрида жойлашган. Қуръони каримда Юнус (алайҳиссалом) ҳақларида Нисо, Анъом, Юнус ва Соффот сураларида келтирилган.
    Анбиё сураси 87­оятида эса, «Зуннун» – Балиқ эгаси, Қалам сураси 48­оятида «Соҳиб ал­ҳут» – Наҳанг соҳиби лақаблари билан зикр қилинган. Қуръоннинг 10­сураси «Юнус» деб аталади. Оятда шундай дейилади: «Юнус ҳам, албатта, пайғамбарлардандир» (Соффот, 139). Юнус (алайҳиссалом) Бани Исроил қавмидан чиққан пайғамбарлардан эдилар. У зотни Аллоҳ таоло Ироқнинг Мосул шаҳри яқинидаги Найнаво деган жойга пайғамбар қилиб юборган. Ўша пайтда у ернинг аҳолиси турли санамларга ибодат қилишар? ҳар хил гуноҳ ишлар билан банд эдилар. Юнус (алайҳиссалом) уларни Аллоҳ таолога имон келтиришга, гуноҳ ишларни тарк қилишга даъват қилдилар. Лекин улар бу даъватни қабул қилмай, фисқу фасод ишларида давом этдилар. Юнус (алайҳиссалом) уларни маълум муддатдан сўнг Аллоҳнинг азоби нозил бўлишидан огоҳлантирдилар. Кўнмаганларидан сўнг, аччиқлари чиқиб, мен ўз вазифамни адо этдим, энди гуноҳкорлар ичида қолмаслигим керак, деган эътиқодга бориб шаҳарни ташлаб чиқиб кетдилар. Бу ишни ўзларича, шуниси тўғри, деган фикр билан Аллоҳнинг изнисиз қилдилар, юриб­юриб денгиз соҳилига етиб бордилар. Бир кема жўнаш олдида турган экан, унинг эгаларидан ўзларини бирга олиб кетишларини сўраган эдилар, улар рози бўлдилар. Ушбу қисса Қуръони каримда шундай келтирилади: «Қайсики (ўз қавмидан ғазабланиб) тўла юкли кемага қараб қочган эди» (Соффот, 140).
    Кема денгизга чиққанда бирдан шамол туриб, довул бошланди. Тўлқин кучайиб, кема ғарқ бўлиши хавфи туғилди. Кемачилар ҳам йўловчилар ҳам қўрқиб даҳшатга тушдилар. Тўпланиб, маслаҳат қилишди. Баъзилари, ичимизда гуноҳкор киши бор, шунинг учун ноқулай ҳолда қолмоқдамиз, дейишди. Маслаҳат қилиб, охири қуръа ташлаб, кимнинг чекига тушса, ўша одамни қурбонлик учун денгизга ташлаб юборишга қарор қилишди. Қуръа Юнус (алайҳиссалом)га чиқди ва у зотни денгизга ташлаб юборишди: «Бас, (кемадагилар билан) қуръа ташлашди ва мағлуб бўлди» (Соффот, 141). Аллоҳ таолонинг амри билан у зотни улкан балиқ ютиб юборди ва ҳазм қилмасдан қорнида олиб юрди: Бас, маломатга қолган ҳолида уни бир наҳанг балиқ ютиб юборди» (Соффот, 142). Шунда Юнус (алайҳиссалом) хатоларини тушуниб, балиқнинг қорнида туриб ёлбориб, зорланиб Аллоҳ таолога дуо қилдилар: «…сўнг (Биз
    уни балиқ қорнига ташлаганимиздан кейин) қоронғи зулматлар ичра: «Сендан ўзга илоҳ йўқдир. Сен (барча) нуқсонлардан покдирсан. Дарҳақиқат, мен (ўзимга) зулм қилувчилардан бўлдим», – деб нидо қилган (пайтини эсланг!)» (Анбиё, 87). Аллоҳ таоло у зотнинг дуоларини ижобат қилиб, балиққа амр қилди ва у Юнус (алайҳиссалом)ни озор етказмасдан очиқ жойга олиб чиқиб ташлади ва беҳуш ётиб қолдилар. У зотнинг баданлари балиқнинг ичида илвиллаб қолган эди. Аллоҳ таоло раҳм қилиб офтобдан зарар етмаслиги учун устларига соя солиб турувчи сербарг ошқовоқни ўстириб қўяди: «Бас, Биз уни хаста ҳолида (сувдан чиқариб) қуруқликка улоқтирдик. Унинг устида (соя ташлаб туриши учун) қовоқ дарахтини ундириб қўйдик» (Соффот, 145–146). Ушбу ҳолатда бир муддат ётиб, соғайиб ўзларига келадилар. Аллоҳ таоло у зотга қавмлари олдига бориш учун фармон беради. Чунки, Юнус (алайҳиссалом) уларни ташлаб кетганларидан кейин эртасига осмондан қора тутун аралаш ёмғир ёғиб, ҳамма ёқни қорага бўяб юборади. Қавмга Аллоҳнинг азоби бошланиши аён бўлгандан сўнг, хатоларини тушуниб тавба қилиб, Яратганга итоат қила бошлаган эдилар. Азобни қайтаришни Аллоҳдан сўраб илтижо қилдилар. Юнус (алайҳиссалом)нинг умматлари юз мингдан кўпроқ киши эди: «Биз уни юз минг, балки ундан ҳам кўпроқ (одам)га пайғамбар қилдик» (Соффот, 147). Юнус (алайҳиссалом) улар ҳузурига қайтиб, барчаларини имонга чақирдилар. Аллоҳ таоло барчаларини ҳидоятга бошлади: «Бас, улар (Юнусга) имон келтирдилар. Сўнгра Биз уларни (маълум) бир муддатгача (ажаллари етгунча ҳаётдан) баҳраманд этдик» (Соффот, 148).
    Ад.: Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва тафсир муаллифи Абдулазиз Мансур; Имодуддин Абулфидо Исмоил ибн Касир. Қисас ал­анбиё (Доктор Абдулҳай Фармовий тадқиқи); Жалолиддин Суютий. Ал­Итқон. Доктор Салоҳ Холидий. Ал­Қисас ал­қуръоний. Ж. III; Раҳматуллоҳ қори Обидов. Пайғамбарлар тарихиисломият тарихидир (Қуръони каримда пайғамбарлар сиймоси) Биринчи китоб; Шайх Муҳаммад Содиқ М.Ю. Ҳадис ва ҳаёт 20­жуз (Анбиёлар қиссаси).

    С.Сиддиқов

    « Back to Glossary Index