YUNUS SURASI

    43

    ЮНУС СУРАСИ (араб. – Юнус (алайҳиссалом)). Маккада Исродан кейин, Ҳуд сурасидан олдин нозил бўлган. У 109 оят, 1832 сўз ва 7567 ҳарфдан иборат. Миун (юзликлар) суралардан. Тартиб рақами бўйича Қуръонда 10-­сура.
    Маккий суралар каби Аллоҳга имон келтириш, илоҳий китоблар, хусусан Қуръони каримга имон келтириш, пайғамбарлар, Қиёмат сураси, қайта тирилиш, жазо, мукофот, жаннат, дўзах каби масалалар баён этилади. Унда асосан тавҳидга даъват, ширк ва куфрга нафрат ғоялари талқин этилади.
    Мушрикларнинг илоҳийлик ва ибодат ҳақидаги нотўғри тушунчалари зикр қилинади. Уларнинг худо қилиб олганбутлари нима экани тушунтирилади. Охират ҳақида эсалатилиб, унга имон келтирмаслик натижасида турли ёмонликларнинг келиб чиқишидан огоҳлантирилади. Қиёматнинг ҳақ экани, унинг саҳнаси, нималар рўй бериши, имон келтирганларнинг охирати яхши ва имонсизларнинг дўзахга тушиши зикр этилган. Бу сура аввал пайғамбарлик ва пайғамбарлар ҳақида сўзлаб, Аллоҳ барча бандаларига Ўз пайғамбарини юборганини, бинобарин, охирги пайғамбар Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг келишларидан ажабланишга ўрин йўқлигини уқтиради. Кейин Аллоҳ ва банданинг ҳақиқати баён қилиниб, яратган билан
    яралган орасидаги алоқа қандай бўлиши лозимлиги айтилади ва одамларга ҳақиқий Яратувчи қандай Зот эканлиги танитилиб, фақат Унгагина ибодат қилишлари дуруст ва зарур эканлиги таъкидланади. Яна бу сурада мушрикларнинг Қуръонга ва ваҳийга бўлган муносабатлари ҳақида ҳикоя қилиниб, бу Китоб ҳақиқий илоҳий мўъжиза экани айтилади.
    Сурада Нуҳ, Мусо, Юнус каби пайғамбарларнинг қиссалари зикр қилиниб, ўтган умматларнинг қиссаси эсга олиниб, улардан ибрат олишга чақирилади. Сура ниҳоясида эса Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га фақат Аллоҳнинг кўрсатмаларига амал қилиш ва Аллоҳ йўлидаги машаққатларга сабр қилишга амр этилади. Суранинг номи ҳам пайғамбарлардан бири – Юнус пайғамбар исмлари билан аталгандир.

    Ад.: Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Абдулазиз Мансур; Тафсири Ҳилол. Шайх Муҳаммад Содиқ М.Ю.; Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Алоуддин Мансур; Муҳаммад Амин ибн Абдуллоҳ Ҳаририй. Тафсир ҳадоиқ ар­-ровҳ ва­р­райҳон фи ровабий улум ал­-Қуръон.

    Д.Муродов

    « Back to Glossary Index