YUSUF (alayhissalom)

    71

    ЮСУФ (алайҳиссалом)  – Қуръони каримда номи келган пайғамбарлардан бири. Тўлиқ исмлари Юсуф ибн Яъқуб ибн Исҳоқ ибн Иброҳим ибн Торх (Озар) ибн Ноҳур ибн Соруғ ибн Роғу ибн Фолиғ ибн Обир ибн Шолиҳ ибн Арфахшаз ибн Сом ибн Нуҳ (алайҳиссалом)дир. Яъқуб (алайҳиссалом)нинг ўғиллари, Исҳоқ (алайҳиссалом)нинг набиралари, Иброҳим (алайҳиссалом)нинг абиралари.
    Оналари Роҳил бинти Лобондир. Юсуф (алайҳиссалом)нинг насаблари ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилади: Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «У Карим ибн Карим ибн Карим ибн Карим: Юсуф ибн Яъқуб ибн Исҳоқ ибн Иброҳимдир», дедилар» (Имом Бухорий ривояти). Юсуф (алайҳиссалом) Яъқуб (алайҳиссалом)нинг ўн икки ўғилларидан бири ва уларнинг ичидан чиққан ягона пайғамбардир. Юсуф (алайҳиссалом)нинг Абдуллоҳ,
    Сиддиқ, Набий, Расул, Ибн Яъқуб Карим ибн Карим ибн Карим ибн Карим каби машҳур номлари бўлган. Юсуф (алайҳиссалом) милоддан аввалги 1610 йилда Канъонда (Фаластин) дунёга келдилар ҳамда 1500 йилда Мисрда вафот этганлар. У зот 110 йил, баъзи ривоятларга кўра, 120 йил умр кўрдилар. Дастлаб Мисрга дафн қилиндилар. Кейин васиятларига биноан ака­укалари хокларини Шом ерларидан Ноблусга (Фаластин) олиб бориб кўмдилар. Тафсири Насафийда келтирилишича, Юсуф (алайҳиссалом) Зулайҳога уйланадилар ва икки ўғил, бир қиз (Афросим, Мишо ва Айюб (алайҳиссалом)нинг хотинлари Раҳма) фарзанд кўрадилар. Қуръони каримда Юсуф (алайҳиссалом)нинг номлари 3 суранинг 27 оятида зикр этилган. Анъом ва Ғофир сураларида 2 марта, Юсуф сурасида 25 марта келтирилган. Жумладан, Юсуф (алайҳиссалом)нинг пайғамбар эканликлари ҳақида шундай дейилади: «Унга (Иброҳимга) Исҳоқ ва Яъқубни ато этдик. Ҳаммасини ҳидоятга йўлладик. Олдин Нуҳни
    ҳам ҳидоятга йўллаган эдик. Унинг зурриётидан Довуд, Сулаймон, Айюб, Юсуф сураси, Мусо ва Ҳорунни (ҳам йўлладик). Чиройли иш қилувчиларни мана шундай тақдирлаймиз» (Анъом, 84). Бошқа оятда эса: «Дарвоқе, илгари Юсуф сизларга (аждодларингизга) ҳужжатларни келтирганида ҳам, сизларга келтирган нарсаларга шак (ва шубҳа)да қаттиқ туриб олган эдингиз» (Ғофир, 34), дейилган. Қуръони каримдаги 12­сура Юсуф (алайҳиссалом) номлари билан аталиб, унда бошидан охиригача тўлиқ ушбу пайғамбар қиссаси ҳақида сўз юритилади. Юсуф (алайҳиссалом) қиссаси: Пайғамбар Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва мусулмонлар Маккада қийналиб, бошларига турли мусибатлар келган оғир бир пайтда, уларга таскин ва далда сифатида бундан­да қаттиқроқ машаққат ва синовларга учраган Юсуф
    (алайҳиссалом) қиссаси нозил қилинди. У зот ёш вақтида туш кўрдилар ва оталари Яъқуб (алайҳиссалом)га сўзлаб бердилар. Бу воқеа Қуръони каримда шундай баён қилинади: «Алиф, Лом, Ро. Ушбулар аниқ Китобнинг оятларидир. Албатта, Биз уни (Китобни) англашингиз учун арабий Қуръон тарзида нозил қилдик. Биз Сизга ушбу Қуръон (сураси)ни ваҳий қилишимиз билан бирга гўзал қиссани айтиб берурмиз. Сиз эса, (эй, Муҳаммад!) ундан (ваҳийдан) олдин бехабарлардан (бири) эдингиз.
    Эсланг, Юсуф (ўз) отасига (Яъқубга) деди: «Эй, отажон! Мен (тушимда) ўн битта юлдуз, Қуёш ва Ойнинг менга сажда қилаётган ҳолларида кўрдим». (Отаси) айтди: «Эй, ўғилчам! Тушингни биродарларингга сўзлаб бермагин! Акс ҳолда сенга қаттиқ макр қилишади. Зеро, шайтон инсонга аниқ душмандир» (Юсуф, 1–5). Яъқуб (алайҳиссалом) Юсуфни ақли, заковати, ҳусни, ахлоқи, одоби юқори даражада бўлганидан жуда яхши кўрар эди. Бу меҳрни пайқаган биродарлари Юсуфга ҳасад қилишар эди. Шунинг учун кўрган тушини билсалар, ҳасадлари янада ошиб кетмасин, деб, уни огоҳлантириб қўйди (А.Мансур). Сўнгра Яъқуб (алайҳиссалом) сўзларида давом этиб, яна қуйидагиларни айтдилар: «Шу (тушингда кўрганинг) каби Раббинг сени танлаб олади, сенга гаплар (тушлар ёки илоҳий китоблар) мазмунини ўргатади ва икки боболаринг – Иброҳим ва Исҳоққа тўла бергани каби, сенга ва Яъқуб наслига (Ўзининг) неъматини тўла бахш этади. Албатта, Раббинг билим ва ҳикмат эгасидир» (Юсуф, 6). Бу туш Юсуф (алайҳиссалом)нинг келажакда боболари Иброҳим ва Исҳоқ (алайҳиссалом) каби улуғ пайғамбар бўлишидан дарак берар эди. Юсуф (алайҳиссалом)нинг она бошқа акалари Роббин, Шамъун, Лово, Яҳузо, Ясокир, Забулун, Ваддон, Нафтолий, Жод, Ашур жами ўн киши эди. Туғишган укаларининг исми Бинямин бўлган. Акалари Юсуф (алайҳиссалом)га ҳасад қилиб, отамиз биздан кўра укамиз Юсуф (алайҳиссалом) ва унинг ота­она бир, туғишган укаси Биняминни яхши кўради, аслида улардан кўра бизга кўпроқ эътибор бериши керак эди, отамиз бу ишда адашмоқда, дедилар: «Ўшанда (акалари) айтдилар: «Юсуф ва унинг укаси (Бинямин) отамизга биздан кўра суюклироқдир. Ваҳоланки, биз бир тўп (кўпчилик)миз. Ҳақиқатан, отамиз аниқ гумроҳлик узрадир» (Юсуф, 8). Ўзаро махфий тарзда маслаҳатлашиб акалари чўлдаги Юсуф (алайҳиссалом)ни қудуққа ташлайдилар ва оталарига келиб: «Айтдилар: «Эй, отамиз! Биз Юсуфни матоҳларимиз олдида қолдириб қувалашиб кетсак, уни бўри еб кетибди. Рост гапирсак ҳам, (барибир) сиз бизга ишонувчи эмассиз» (Юсуф, 17). Юсуф (алайҳиссалом) қудуққа ташланганларида ёшлари нечада бўлгани тўғрисида турли тахминлар бор. Йўловчи савдо карвони дам олиш учун Юсуф (алайҳиссалом) ташланган қудуққа яқин жойга жойлашиб, сув олиш учун қудуққа челак ташлади. Юсуфни кўриб, қувониб кетди: «(Юсуф қудуқда уч кун ётгач) бир карвон келди. Сув келтирувчини юборган эдилар, у челагини (қудуққа) туширгач: «Хушхабар! Бу бола-ку!» – деди. Уни (бозорбоп) матоҳ сифатида сир тутдилар. Аллоҳ эса қилаётган ишларини билувчидир» (Юсуф, 19). Юсуф (алайҳиссалом)ни қудуқдан чиқариб олишди ва Миср Азизи лақабли вазирга қул қилиб сотишди: «Уни (Миср бозорида) арзон – саноқли дирҳамларга сотдилар ва (бу ишда гўё улар) тарки дунё қилувчилардан бўлдилар» (Юсуф, 20). Миср Азизи Юсуф (алайҳиссалом)даги одоб, ахлоқ, олийжаноблик, юқори савиядаги тарбия ва бошқа хуш хулқларни кўриб, у зотни ёқтириб қолади. Аҳли байтига, бунга яхши қаранглар, эҳтимол, ўғил қилиб олармиз, деб тайинлади: «Мисрда уни сотиб олган киши (Миср азизи Қитфир) хотини (Зулайхо)га: «Унга яхши жой бер, зора бизга фойдаси тегса ёки уни ўғил қилиб олсак», – деди» (Юсуф, 21). Юсуф (алайҳиссалом) каттароқ бўлганларида Азизнинг хотини Зулайҳо ёш ва гўзал Юсуф (алайҳиссалом)га ошиқ бўлиб қолди ва у зотни ҳаром ишга ундади: «У (Юсуф) уйида бўлган аёл (Зулайхо) ундан нафсини (қондиришини) талаб қилди ва эшикларни қулфлаб: «Қани кел!» – деди. (Юсуф) деди: «Аллоҳ сақласин! Ахир, у (эринг) хожам-ку?! Менга яхши жой берган бўлса?! Золимлар, зотан, нажот топмаслар» (Юсуф, 23) шунда Аллоҳ таоло Юсуф (алайҳиссалом)ни бундан сақлади: «…Шу тарзда ундан ёмонлик ва фаҳшни буриб юбордик. Албатта, у (дили) холис бандаларимиздандир» (Юсуф, 24). Аммо, у зот туҳматга учрадилар. Азизнинг хотини Юсуф (алайҳиссалом)га туҳмат тошларини ота бошлади. «У сенинг аҳлингга тажовуз қилмоқчи бўлди, уни ҳибсга сол ёки аламли азоб бер!» дея даъво қилди. Лекин даъвони исбот қилиш керак эди. Текшириш жараёнида ашёвий далиллар хотиннинг зиддига, Юсуфнинг фойдасига бўлиб чиқди (Юсуф, 25–27). Эр хотинининг макр қилганини тушунди. Хотинларнинг макри зўр эканини яна бир бор англаб етди: «…«Албатта, бу сиз (аёллар)нинг макрингиздир. Ҳақиқатан, сизларнинг макрингиз улкандир… деди» (Юсуф, 28).
    Бўлиб ўтган воқеа ҳақида шаҳар аёллари ўртасида турли мишмишлар тарқалди. Юсуф (алайҳиссалом)нинг ошиқлари кўпайди (Юсуф, 30–32). Энди аввалгидан ҳам каттароқ синовга йўлиқдилар. Охири Аллоҳ ҳаром қилган йўлга юришдан кўра ҳибсда ўтиришни афзал кўрдилар: «(Юсуф) деди: «Эй, Раббим! Менга таклиф этишаётган нарсадан кўра зиндон маъқулроқдир. Агар уларнинг макрларини мендан дариғ тутмасанг, уларга мойил бўлиб, жоҳиллардан бўлиб қолурман» (Юсуф, 33). Зиндон ҳам Юсуф (алайҳиссалом) учун синов, имтиҳон ва келажакка тайёргарлик босқичи бўлди. У ерда ҳам Аллоҳнинг динига даъват қилишни давом эттирдилар. Қамоқдагилар унинг фазли, илми, ахлоқ­одобини кўриб, ундан ҳатто тушларининг таъбирини сўрайдиган бўлдилар (Юсуф, 35–42). Миср подшоҳининг аъёнлари унинг тушини таъбир қилишга қийиналиб қолганларида, Юсуф (алайҳиссалом) айтиб берадилар (Юсуф, 43–49). Юсуф (алайҳиссалом)нинг илми, тадбиркорлиги подшоҳга ёқиб қолади ва уни ўзига вазир қилиб олади: «Шоҳ: «Уни ҳузуримга келтирингиз, уни ўзимга хос кишилардан қилиб олай!» – деди. У билан сўзлашгач (шоҳ): «Сен бугун(дан бошлаб) бизнинг ҳузуримизда мартабали ва ишончли (шахс)дирсан», – деди. (Юсуф) деди: «Мени шу ернинг хазинабони қилиб қўй! Зеро, мен (омонатни) сақловчи ва (ўз ишини пухта) билувчидирман» (Юсуф, 54–55). Бу даврда Миср атрофидаги юртларда очарчилик ҳукм сурарди. Очарчилик фақатгина Мисрга кирмаган эди. Бошқа юртларда, жумладан, Юсуф (алайҳиссалом)нинг она юртлари Канъонда ҳам ўз ҳукмини ўтказарди.
    Шунинг учун Юсуф (алайҳиссалом)нинг акалари Мисрдаги муваффақиятли иқтисодий ҳолатдан хабар топиб, нажот излаб келдилар. Вазирга таҳсинлар айтиб, ёрдам сўрашди. Лекин улар бу вазир ўзлари бир пайтлар қудуққа ташлаган укалари Юсуф (алайҳиссалом) эканини билмадилар: «Юсуфнинг биродарлари (Мисрга) келишиб, унинг ҳузурига кирганларида, уларни таниди. Улар эса, уни танимас эдилар» (Юсуф, 58). Юсуф (алайҳиссалом) эса уларни дарҳол танидилар ва яхши муомалада бўлдилар.
    Кейинги сафар келишларида уйда қолган укаларини ҳам бирга олиб келсалар, бир туя қўшимча озиқ­овқат олиб кетишлари мумкинлигини айтди: «Уларни сармоялари билан жиҳозлагач, (Юсуф) деди: «Ўша, ота бир иниларингизни менинг ҳузуримга келтирингиз. Ахир, мен сизларга яхши мезбонлик қилиб, (донларни) тўла ҳолда ўлчаб бераётганимни кўраяпсизми?» (Юсуф, 59). Акалари қайтиб бориб, оталари Яъқуб (алайҳиссалом)га бўлган ҳодисаларни гапириб бердилар ва кичик укаларини келгуси сафар бирга қўшиб беришини сўрадилар. Аммо ота, Юсуф (алайҳиссалом)ни сизга ишониб топшириб панд еганман, энди укасини ҳам сўрайсизларми, деди: «Оталарининг олдига қайтиб келишгач, дедилар: «Эй, ота, (бундан кейин) бизларга ўлчов (озиқ­овқат) берилмайдиган бўлди. Биз билан бирга инимизни (Биняминни) юборгин, шунда ўлчаб ола биламиз. Бизлар, албатта, уни муҳофаза қилувчимиз». (Яъқуб) деди: «Мен уни сизларга илгари акасини ишонганимдек яна ишонайинми?! Бас, Аллоҳ энг яхши асрагувчидир ва У меҳрибонларнинг меҳрибонроғидир» (Юсуф, 63–64). Узоқ тортишувлардан кейин кичик ўғлини ҳам акаларига қўшиб берди. Миср вазири Юсуф (алайҳиссалом) тадбир ишлатиб, укасини ўзи билан бирга олиб қолди.
    Яъқуб (алайҳиссалом)нинг дардига дард қўшилди: «Кейин улардан юз ўгириб: «Эсизгина Юсуф!» деди. Ғам-ғуссадан унинг кўзлари оқариб (ожиз бўлиб) қолди ва у
    энди маҳзундир» (Юсуф, 84). «Тафсири Насафий»да ушбу оят шарҳи шундай келтирилади: «Яъқуб (алайҳиссалом) 80 йил суюкли ўғли Юсуф (алайҳиссалом)нинг фироқида кўп йиғлаганидан кўзлари оқариб, охири кўр бўлиб қолади. Бу йиғи бесабрлик йиғиси бўлмай, инсонга Аллоҳ ато этган туғма табиат бўлиб, оталик меҳридан далолатдир. Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам Иброҳим исмли ўғиллари вафот этганида кўзларидан беихтиёр ёш тўкилгани ҳадисда бор». Ниҳоят, Юсуф (алайҳиссалом) ўзининг ким эканлигини ошкор қилди: «Улар: «Сен ўша Юсуфмисан?», – дедилар. У: «Ҳа, мен Юсуфман, бу эса укамдир. Аллоҳ бизга марҳамат кўрсатди. Дарҳақиқат, кимки Аллоҳдан қўрқиб, сабр қилса, албатта, Аллоҳ эзгу иш қилувчиларнинг мукофотини зое қилмагай», – деди» (Юсуф, 90). Юсуф (алайҳиссалом) акаларига ота­оналарини ҳам олиб келишни тайинлади. Ҳаммалари – ота­она ва ўн бир ўғил Миср вазири Юсуф (алайҳиссалом) ҳузурига кириб, эҳтиромларини билдирдилар. У зотнинг ёшликда кўрган тушлари ўнгидан келди: «(Кейин, Мисрга кириб саройда бўлганларида) у ота-онасини ўз тахтига чиқарди ва улар (яъни ота­она ва акалари Юсуфга) сажда қилган ҳолларида (ерга) йиқилдилар. У деди: «Эй, отажон! Мана шу (кўп йил) илгари кўрган тушимнинг таъбиридир.
    Раббим уни рост қилди. Дарҳақиқат, у менга яхшилик қилди – мени зиндондан чиқарди, шайтон мен билан акаларим орасини бузиб иғво қилганидан кейин, мана сизларни саҳродан (Мисрга соғ­саломат ҳолингизда) келтирди. Албатта, Раббим Ўзи хоҳлаган нарсани лутф билан амалга оширувчидир. Албатта, Унинг Ўзигина Алим (билимли) ва Ҳаким (ҳикматли)дир» (Юсуф, 100). Қиссанинг сўнггида Пайғамбар Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га хитоб қилинади: «(Эй, Муҳаммад!) Бу Биз Сизга ваҳий қилаётган ғайб хабарларидандир. (Чунки Сиз Юсуфнинг акалари) макр-ҳийла билан ўзларининг ишларига келишиб, иттифоқ тузишаётган пайтларида уларнинг ҳузурларида йўқ эдингиз» (Юсуф, 102). Суранинг охирида шундай дейилади: «Дарҳақиқат, уларнинг қиссаларида ақл эгалари учун (катта) ибрат бордир. (Ушбу Қуръон) тўқиб чиқариладиган гап эмас, балки ўзидан олдинги нарсаларни (яъни, самовий китобларни) тасдиқ этувчи, унга имон келтирадиган қавм учун барча нарсаларни муфассал баён қилиб берувчи ҳидоят ва раҳмат (манбаи бўлган бир Китоб)­дир» (Юсуф, 111). Ушбу оят тафсирида: «Тарихда ўтган пайғамбарларнинг хусусан, Юсуф (алайҳиссалом) билан биродарларининг қиссасида кўп ибратлар бор. Жумладан, суюкли ўғил – Юсуф (алайҳиссалом)нинг қудуққа тушиб қолиши, бўйрада ўтирган «қул» (Юсуф алайҳиссалом.)нинг тахтга эга бўлиши, сабр­тоқат, макр­ҳийла натижалари, ака­ука ўртасидаги оқибат ва бошқалар.

    Ад.: Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва тафсир муаллифи Абдулазиз Мансур; Имодуддин Абулфидо Исмоил ибн Касир. Қисас ал­анбиё (Доктор Абдулҳай Фармовий тадқиқи); Жалолиддин Суютий. Ал­Итқон. Доктор Салоҳ Холидий. Ал­Қисас ал­-қуръоний. Ж II; Раҳматуллоҳ қори Обидов. Пайғамбарлар тарихи исломият тарихидир (Қуръони каримда пайғамбарлар сиймоси) Биринчи китоб; Шайх Муҳаммад Содиқ М.Ю. Ҳадис ва ҳаёт 20­жуз (Анбиёлар қиссаси). Абдурашид Абдуллаев. Энг гўзал қисса.

    С.Сиддиқов

    « Back to Glossary Index