YUSUF SURASI

    75

    ЮСУФ СУРАСИ (араб. – Юсуф (алайҳиссалом)). Маккада нозил бўлган. У 111 оят, 1996 сўз ва 7176 ҳарфдан иборат. Миун (юзликлар) суралардан. Тартиб рақами бўйича Қуръонда 12­-сура.
    Пайғамбарлар ҳаётидан ҳикоя қилувчи суралардан биридир. Унда асосан Аллоҳнинг пайғамбарларидан Юсуф ибн Яъқубнинг ҳаёти зикр қилиниб, у зотнинг бошига тушган балолар, оға­инилари ва бегоналардан кўрган кулфатлари – қудуққа ташланганлари, туҳматга йўлиққанлари, зиндонбанд бўлганлари ҳақида ва бундай оғир кўргиликларга сабр қилишлари натижасида оқибат зиндон азобидан халос қилиниб, бутун Мисрнинг хазинасига эга бўлганлари хусусида сўз боради. Шунингдек, муҳаббат, аёллар макри, туш таъбири, сахийлик ва кечиримли бўлиш каби инсоний хусусиятлар ўз ифодасини топган. Бу қисса Қуръони каримдаги «Энг гўзал қисса» деб таърифланган ва бошқа ҳикоялар қўшилмаган ягона сура ҳисобланади. Сурадаги қисса Юсуф (алайҳиссалом)нинг болаликларидаги туш кўришларидан бошланади, сўнг акаларининг хиёнати, савдогарларга сотиб юбориш, савдогардан эса, Миср Азизи сотиб олиши ва ўзига бола қилиб олиши, у киши катта бўлганларидан сўнг аёллар макрига учрашлари, қамоқда ўтириб чиқишлари, туш таъбирини билишлари, Миср аҳолисини очарчиликдан қутқариб қолиш йўллари, охири бутун Мисрга эгалик қилишлари, ота­она, ака­укалари кечирим сўрашлари ҳақида батафсил маълумот берилган.
    Маккий суралар каби ақида, Аллоҳнинг қудрати, имон йўлида ҳаракат қилиш, шу йўлдаги турли қийинчиликларга сабр қилиш ва бошқа масалалар қисса давомида зикр қилиб ўтилган. Муҳаммад (алайҳиссалом)га Юсуф (алайҳиссалом) каби сабр қилишлари ва оқибат яхшиликка эришишлари уқтирилган. Бу сурадан илҳомланган шоир ва ёзувчилар қадимдан турли достонлар битганлар. Улар ичида Абдураҳмон Жомий, Фузулий, Фирдавсий, Рабғузий, Дурбек, Балхий каби шоирларнинг асарлари диққатга сазовордир. Суранинг нозил бўлиш сабаби икки хил кўрсатилган. Биринчиси – саҳобийларнинг талаб ва истаклари асосида. Иккинчиси – яҳудийлар томонидан Яъқуб (алайҳиссалом), у зотнинг фарзандлари ва Юсуф (алайҳиссалом) тўғрисида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан синов учун сўралганда нозил қилинган.
    Бу сура Ҳуд сурасидан кейин – Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳаётларининг энг қора кунларида – яқинлари Ҳадича ва Абу Толибдан ажраган, мушриклар томонидан озор­азиятлар чекиб қийналиб юрган кезларида нозил бўлган. Гўё Аллоҳ таоло Ўзининг суюкли пайғамбарига ва қолаверса, у зотнинг барча умматларига агар бошларига тушган балою кулфатларга ва диёнатсиз кимсаларнинг зулму зўравонликларига сабр қилиб ўзларининг Ҳақ йўлидаги курашларидан толмай, Аллоҳнинг динидан қолмай собитқадам бўлсалар, Аллоҳ таоло уларни зулматлардан ва тангликдан халос қилиб, нурли, саодатли кунларга етказажагини уқтираётгандек.

    Ад.: Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Абдулазиз Мансур; Тафсири Ҳилол. Шайх Муҳаммад Содиқ М.Ю.; Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Алоуддин Мансур; Муҳаммад Амин ибн Абдуллоҳ Ҳаририй. Тафсир ҳадоиқ ар­-ровҳ ва­р­райҳон фи ровабий улум ал­-Қуръон.

    Д.Муродов

    « Back to Glossary Index