ZUMAR SURASI

    39

    ЗУМАР СУРАСИ ( араб. – гуруҳлар). Маккада но­зил бўлган. У 75 оят, 1172 калима ва 4908 ҳарфдан иборат. Тартиб рақами бўйича Қуръонда 39-­сура. Сурада қиёмат куни одамларни фаришталар жаннат ва дўзахга гуруҳ­гуруҳ қилиб олиб боришлари тасвир ланган. Ундаги оятларда Аллоҳ таоло ўз бандаларига турли ҳаётий мисоллар келтириб, Ўзининг қудрат ва ҳикматларини баён этиш билан охиратга солиҳ амаллар билан тайёр ланиш йўлларини кўрсатади.
    Суранинг бошидан охиригача тавҳид масаласи батаф­сил ва турли услублар орқали баён қилинади. Ушбу су рада нидо, хитоб, мисол ва бошқа услублар орқали киши қал бини ларзага солувчи тавҳид ҳақиқати тушунтирилади. Тавҳид борасидаги шубҳалар рад қилинади.Бу сурада еру осмон ва уларнинг ўртасидаги барча мавжудотни йўқдан бор қилган Аллоҳ таоло ҳар бир нарсага ўзига хос сурат ва сийрат ато этгани ҳамда ҳар бирига алоҳида вазифа юклаб қўйгани, демак бу оламдаги ҳар бир нарса фақат Аллоҳ буюрган ва имкон берган ишни қилиб ўтиши аниқ эканлиги уқтириб ўтилади.
    Сўнгра инсоният учун Аллоҳ таолодан ўзга бирон кимса ё нарсага сиғиниш – ибодат қилиш дуруст эмаслиги хусусида сўзланиб, биргина Аллоҳга бўйсуниб, фақат унинг
    буйруқ­фармонини бажаришга ва фақат уни рози қилишга ҳаракат қиладиган хизматкор билан бир неча хўжайин ўртасида қолиб, қайси бирларининг кўнглини олишни билмай, балки бирорталарини тўла рози қилиш имконини топа олмай аросатда қолган хизматкор баробар эмаслиги ҳақида ибратли мисол келтирилади.
    Сура Қуръони каримнинг Аллоҳ таоло томонидан нозил қилинган Китоб эканини таъкидлаш билан бошланиб, сўнгра Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни ва барча инсонларни ёлғиз Аллоҳ учун холис ибодат қилишга буюрилади. Аллоҳни махлуқотга ўхшатиш, бизга шафоатчи бўлади, деб бутларга сиғиниш хато экани таъкидланади.
    Осмонлар, ернинг яратилиши, кеча ва кундузнинг ал­машиниши, сайёраларнинг сайр этиши, инсоннинг она раҳмида яратилиш жараёни каби масалалар келтирилади.
    Инсонни тавба қилиб қолишга чақирилади. Пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар, яхши бандалар ва бутун мавжудот Аллоҳга ҳамду сано айтиши келтири лади.
    Сура ниҳоясида маҳшар Кунидаги ҳисоб­китоб тас­вирланиб, у кунда ҳеч кимга зулм қилинмаслиги, аксинча имон ва яхши амаллар қилиш билан яшаб ўтган мўминлар тўп­тўп бўлган ҳолда жаннатга, куфру исён билан ўтган кофирлар эса тўда­тўда қилиниб, жаҳаннамга ҳайдалиши ҳақида хабар берилади. Суранинг «Зумар – Гуруҳлар» деб номланишининг боиси ҳам шудир. Суранинг яна бир номи «ал-­Ғураф»дир.
    Ад.: Қуръони карим маъноларининг таржима ва таф­сири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Абдулазиз Мансур; Тафсири Ҳилол. Шайх Муҳаммад Содиқ М.Ю.; Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Алоуддин Мансур; Муҳаммад Амин ибн Абдуллоҳ Ҳаририй. Тафсир ҳадоиқ ар­-ровҳ ва­р­райҳон фи ровабий улум ал-Қуръон.

    Д.Муродов

    « Back to Glossary Index