ZUXRUF SURASI

    30

    ЗУХРУФ СУРАСИ ( араб. – зеб­зийнат). Маккада нозил бўлган. У 89 оят, 833 калима ва 3400 ҳарфдан иборат. Тартиб рақами бўйича Қуръонда 43­-сура.
    Маккий суралар каби ақида, имон масалалари асосий ўрнига қўйилган. Сурада Аллоҳнинг саноқсиз неъматлари, мушрикларнинг Аллоҳ шаънига тўқиган бўҳтонлари,
    Иброҳим ва Мусо пайғамбарларнинг қиссаларидан лав­ҳалар ва бошқа маълумотлар мавжуд. У Қуръони карим таърифи билан бошланиб, сўнгра Аллоҳ таоло Ўз бандаларига ато этган беҳисоб неъмат­лардан айримлари санаб ўтилади.
    Мушриклар ота­боболаридан қолган эътиқод ва урф­-одатларига қаттиқ ёпишиб олганлари, Қуръон эса, уларнинг нотўғри тасаввурларини мантиқ асосида турли мисоллар билан фош этгани ва рад қилгани сабабидан, Қуръонга ва ундаги ақидага қарши қаттиқ курашар эдилар. Бу сурада барча нарсани Аллоҳ яратганига ўзлари иқрор бўлиб туриб, яна Аллоҳ таолога ўзгаларни «шерик» қиладиган ва хусусан «Унинг боласи бор» дейдиган мушрикларнинг даъволари аниқ­равшан ҳужжатлар билан кескин рад этилади. Аллоҳнинг борлигига, ҳар бир нарсага қодир эканига далолат қилувчи – осмонлар, ер, тоғлар, денгизлар, осмондан тушган сув, сув устидаги кемалар, инсонга хиз­мат қилаётган ҳайвонларнинг яратилиши ҳақида маълу­мотлар берилган.
    Бу сурада ҳам Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва сал­лам)нинг салафларидан ҳазрат Иброҳим ва Мусо пай­ғам барларнинг даъватлари ва чеккан азиятларидан ай­рим лавҳалар тасвирланади. Фиръавннинг оқибати тилга олинади. Қиёмат шиддати, охират азоблари ва дўзахий­ларнинг аҳволи зикр қилинган.
    Сура Пайғамбар (алайҳиссалом)ни мушриклардан юз ўгиришга буюриб, уларнинг яқинда қилмишларига яраша жазо олишлари аниқ экани ҳақида хабар бериш билан ниҳоясига етади. Аллоҳ кимни пайғамбар этиб танлашини ўзи билиши баён қилинади. Балки мушриклар ўйлаганидек, бой, давлатманд, дабдабали инсон бўлиши керак деган ўйларга қарши оятлар мавжуд. Балки дунё Аллоҳ учун арзимас экани, уни хоҳлаган кишисига бериши таъкидланади.
    Суранинг «Зухруф – Зеб­зийнат» деб номланишига сабаб, унда бу дунё олтин­кумуш ва зеб­зийнатлари Аллоҳ таоло наздида қандай мартабада эканлиги батафсил баён қилинганидадир.
    Ад.: Қуръони карим маъноларининг таржима ва таф­сири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Абдулазиз Мансур; Тафсири Ҳилол. Шайх Муҳаммад Содиқ М.Ю.; Қуръони
    карим маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва изоҳлар муаллифи Алоуддин Мансур; Муҳаммад Амин ибн Абдуллоҳ Ҳаририй. Тафсир ҳадоиқ ар-­ровҳ ва­р­райҳон фи
    ровабий улум ал­-Қуръон.

    Д. Муродов

    « Back to Glossary Index