ИМОМ ТЕРМИЗИЙНИНГ “АЛ-ЖОМЕЪ” АСАРИДА ҚЎЛЛАНИЛГАН БАЪЗИ ҲАДИС ИСТИЛОҲЛАРИ ШАРҲИ

64

ИМОМ ТЕРМИЗИЙНИНГ “АЛ-ЖОМЕЪ” АСАРИДА ҚЎЛЛАНИЛГАН БАЪЗИ ҲАДИС ИСТИЛОҲЛАРИ ШАРҲИ

Ўзбекистон заминидан ўзларининг илмий, маънавий, маърифий, мерослари билан жаҳон илм-фани ривожига салмоқли ҳисса қўшган кўплаб аллома ва мутафаккирлар етишиб чиқиб, самарали фаолият кўрсатганлар. Хусусан, қадим Термиздан етишиб чиққан Абу Исо Термизий ва термизлик алломаларнинг ҳаёти ва меросини илмий асосда чуқур ўрганиш ва уларнинг номларини абадийлаштириш мақсадида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 14 февралда қабул қилинган «Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори ҳам аждодларимиз бой маънавий меъросини чуқур ўрганиш ва улардаги эзгу ғоя ва таълимотларни кенг халқ оммасига етказиш ва шу асосда ёшларда соғлом дунёқарашни кучайтириш, уларни қадриятларга содиқлик руҳида тарбиялашда муҳим амалий ишлардан бири десак муболаға бўлмайди.

Муҳаддис аллома Абу Исо Муҳаммад Термизий (824–892) ўз илмий фаолияти даврида ўндан

ортиқ асарлар таълиф этди. Унинг илмий-маънавий меросида, шубҳасиз, «ал-Жомеъ» асари ката аҳамиятга эга. Бу асар «ал-Жомеъ ас-саҳиҳ», «ал-Жомеъ ал-кабир», «Сунан ат-Термизий» номлари билан ҳам аталади. Муаллифнинг йирик асарларидан яна бири «аш-Шамоил ан-набавийя»дир. Бу асар «аш-Шамоил ал-Муҳаммадийя», «аш-Шамоил фи Шамоил ан-Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам» номлари билан ҳам аталади. Булардан бошқа «Китоб ал-илал» (ал-Илал ас-сағир ва ал-Илал ал-кабир), «Китоб ат-тарих», «Китоб аз-зуҳд», «Китоб ал-асмо ва-л-куна», «ал-Илал фи-л-ҳадис», «Рисола фи-л-хилоф ва-л-жадал», «Асмо ас-саҳоба» шулар жумласидан. Имом Термизий ровийлардан эшитган ҳадисларнинг матни ва иснодини ўта диққат билан аниқлаб, қайта-қайта текшириб тўғрилигига тўлиқ ишонч ҳосил қилгандан кейин уларни ўз асарига қайд этган. Шу тариқа ҳадисларни саҳиҳ, ҳасан, заиф ёки ғариб каби турларга ажратган. Шунингдек, ҳадиснинг ровийлари, санадлари ва иллатлари, унинг бошқа йўллар билан қилинган ривоятлари хусусида ҳам илмий тарзда ўз фикрини баён қилади.

Имом Термизийнинг илмий меросида, шубҳасиз, «ал-Жомеъ» асари катта аҳамиятга эга. Айнан шу асари туфайли олим мусулмон дунёсидаги энг нуфузли олти муҳаддислардан бири даражасига кўтарилди. Бу борада Аллома Шамсиддин Заҳабий (ваф. 748/1347 й.) айтади: «Ал-Жомеъ» асари фойдали илм, кўплаб манфаатлар, муҳим масалаларни ўз ичига олган бўлиб, у ислом динининг асосий манбаларидан биридир». «Ал-Жомеъ» ҳасан ҳадисларни ўрганишда энг муҳим манба ҳисобланади. Ибн Салоҳ ҳам айтади: «Абу Исо Термизийнинг китоби ҳасан ҳадисларни ўрганишнинг асл манбаидир. У ҳасан ҳадис атамасини «Жомеъ»сида кўп ишлатган».

Имом Термизий «ал-Жомеъ» асарида ҳадис илмига оид кўплаб атама ва ибораларни келтирган. Уламолар уларни шарҳлашда жуда эҳтиёткорлик билан иш тутганлар. Шайх Муҳаммад Абдурраҳмон ибн Абдурраҳим Муборакфурий (ваф. 1355/1936 й.) ўзининг «Туҳфат ал-аҳвазий шарҳи Жомеъ ат-Термизий» номли асари муқаддимасида Имом Термизийнинг «ал-Жомеъ»сидаги ҳадисларни саҳиҳ ва заифга ажратиш, жарҳ ва таъдил бобига киритилганлар ҳамда мазҳаблар баёни ва бошқа шу кабиларда фойдаланган ибораларнинг баъзисини шарҳлашга бағишлаб, тўлиқ бир бўлим тузган. Қуйида ана шу бўлимда зикр этилган ҳадис истилоҳларидан айримларининг шарҳлари келтирилади:

  1. «Фиҳи мақолун» (ҳақида гап-сўз қилинган) ёки «фи иснадиҳи мақолун» (унинг исноди гап-сўз қилинган): Бу ибора ҳадисда муҳаддислар гап-сўз қилган, деган маънони англатади. Яъни улар ҳадис борасида ўзаро суҳбатлашганлар ва унинг саҳиҳлигига шубҳа қилганлар. Имом Термизий бу истилоҳни кўп бора қўллаган. Баъзан ровий ёки ҳадиснинг заифлигини ифодалаш учун бу иборадан фойдаланади. Мисол учун, Абдуллоҳ ибн Абу Авфо (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадисда шундай дейди: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Кимни Аллоҳга ёки одам боласидан бирор кишига ҳожати бўлса, яхшилаб таҳорат қилсин, сўнг икки ракат намоз ўқисин», дедилар». Имом Термизий бу ҳадисни ғариб ҳадис ва иснодида бир гап бор, деган.
  2. «Заҳиб ал-ҳадис» (ҳадиси кетган, йўқолган): Ушбу атама заиф ровийлар учун ишлатилади. Мазкур истилоҳ ҳадис илми уламолари наздида ҳам тасдиқланган бўлиб, фалончи ҳадис ўғирлайди, ёлғон ҳадис тўқувчи, ҳадисдан бирор нарсани тушириб қолдирувчи, йўқотиб юборувчи, деган иборалар билан қиёсланади. Имом Термизий «Жомеъ»сида уч ровийни ушбу сифатлар билан васф қилади. Улар: Муҳаммад ибн Фазл ибн Атийя, Ато ибн Ажлон ва Сайф ибн Муҳаммад Саврий. Бу ровийларнинг барчаси заиф бўлиб, уларнинг ривояти далил-ҳужжат сифатида қабул қилинмайди.
  3. «Муқориб ал-ҳадис» (ҳадиси яқин келган): Бу истилоҳдаги «ро» фатҳа ва касралик шаклда келтирилади. Ким фатҳа ўқиса: «ровий ҳадис ёдлашда (ҳифз) бошқалар унга яқин келади», деган маъно чиқади. Ким бу иборани касра қилиб ўқиса, «у бошқаларга яқин келади», дейилади. Биринчиси «исми мафъул» (мажҳул сифатдош) бўлса, иккинчиси «исми фоъил» (аниқ сифатдош) бўлиб маъноси бир хилдир. Ҳофиз Суютий «Тадриб ар-ровий» асарида Ҳофиз Ироқийдан нақл қиладики, «муқориб ал-ҳадис» ровийларни адолатли деб билиш ибораларидан бўлиб, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг: «Тўғри йўлга бошланглар ва яқинлаштиринглар», деган сўзларига биноандир. Термизий бу васфга «Жомеъ»сида икки ровий Баккор ибн Абдулазиз ибн Абу Бакра ва Ҳажжож ибн Динорни киритади.
  4. «Шайхун лайса бизака» (унчалик яхши даражада бўлмаган шайх): Бу унутиш эҳтимоли бўлган катта шайх бўлиб, у ишониладиган мақомда эмасдир. Яъни унинг ривояти кучли эмас. «Ҳува шайхун» (у шайх) сўзи ровийни айблашда (жарҳ) қўлланилган, шунингдек, «лайса бизака» (унчалик эмас) иборасидан ҳам фойдаланилган. Гарчи бу ибора муҳаддис уламолар томонидан ровийни адолатли (таъдил) деб билиш истилоҳларидан деб ҳисобланган бўлсада, уни олимлар жарҳда, яъни ровийнинг ишончсизлигини билдиришда ҳам қўллаганлар.
  5. «Бу ҳасан ҳадис»: Имом Термизий асарида «ҳасан» сўзи энг кўп қўлланган иборалардандир. Нафақат Имом Термизий, балки жумҳур олимлар ҳам бу атамада бунчалик турли хил фикрлар айтмаганлар. Имом Термизий шунинг ўзи билан чекланмайди, балки бундан олдинги ва кейинги истилоҳлар билан ҳам машҳур бўлган. Унинг устози Бухорий бу истилоҳни баъзиларидан аввал зикр этади. Аввалги имомлар ҳадис ҳақида кўпинча «саҳиҳ», «заиф», «мункар», «мавзуъ» ва «ботил» деб айтар эди. Имом Термизий «ҳасан ҳадис»ни ўзининг «ал-Илал ас-сағир» асарида қуйидагича таърифлайди: «Бу китобда «ҳасан ҳадис» деб айтганимиздан мурод – бизнинг наздимизда унинг санади «ҳасан»- яхши эканидир. Бир ривоят қилинган ҳадиснинг иснодида «кизб» (ёлғон билан айбланган ровий) бўлмаса, у шозз бўлмаса, шунга ўхшаш бошқа бир кўриниш билан ҳам ривоят қилинган бўлса, мана шу бизнинг наздимизда ҳасан ҳадисдир».
  6. «Бу саҳиҳ ҳасан ҳадис» ибораси: Бу истилоҳ иснодга, яъни бир ҳадиснинг икки йўл билан ривоят қилинганига тааллуқлидир. Уларнинг бири ҳасан, бошқаси эса саҳиҳ иснодга эга бўлади. Бунда «ушбу ҳадис ҳасан саҳиҳдир», дейиш тўғри бўлади. Яъни у (ҳадис) бир иснод жиҳатдан ҳасан, бошқа иснод жиҳатдан саҳиҳдир. Гарчи нафс бунга мойил бўлиб, қалб уни инкор қилиб турса ҳам, ҳасан иборасидан биз сўз юритаётган истилоҳий маънодан бошқа луғавий маънони назарда тутган тоифаларга эътироз билдирмаймиз.
  7. Ал-Кароҳа (яхши кўрилмаган, макруҳ): ал-Кароҳа ва ал-кароҳийя Имом Термизий «Жомеъ»сида қўллаган лафзлардан биридир. Масалан: «Ўнг қўл билан истинжо қилишнинг кароҳияти (макруҳлиги) боби», «Ғусл қилинадиган жойга бавл қилишнинг кароҳияти борасида келган ҳадислар боби», «Хуфтондан олдин ухлашнинг кароҳияти хусусида қилинган ривоятлар боби» кабиларни келтириш мумкин. Бундан маълум бўладики, Имом Термизий ушбу истилоҳдан унинг машҳур бўлган, «сақланиш» ва «тарк этиш афзал», деган маъносини назарда тутмаган, балки баъзида ушбу мазмунини, бошқа ҳолларда эса, унинг «тўлиқ шаклдаги сақланиш» ва «ҳаром» маъносини кўзда тутган.

Демак, Имом Термизийнинг «ал-Жомеъ» асари ҳадис тўпламларининг энг машҳурларидан саналиб, муҳаддис уламолар уни энг яхши, фойдали, тартибли, такрори жуда кам бўлган китоб, деб таърифлаганлар. Мазкур асар бугунги кунда ҳадис ва унга оид илмларни ўрганишда муҳим аҳамиятга эга. Унда бошқа китобларда учрамайдиган мазҳаблар зикри ва далил келтириш усуллари ҳамда ҳадисларни саҳиҳ, ҳасан ва ғариб каби турлари баён этилган. Шунингдек, асарда жарҳ ва таъдил – ровийларнинг ишончли ёки ишончсизлиги ва охирида “Иллатлар китоби”нинг ўрин олиши бу асар ўқувчилар учун ўзида кўплаб фойдаларни жамлаганидан дарак беради.

С. Сиддиқов,

Ўзбекистон халқаро ислом академияси катта илмий ходими