Истиқлолимизнинг олтин пойдевори

68

Ўзбекистон мустақиллигининг 26 йили мобайнида барча соҳаларда улкан муваффақиятларга эришилди. Хусусан, ислом дини равнақи, унутилган улуғ алломаларимиз ҳаёти ва фаолияти, шунингдек, уларнинг нафақат мусулмон олами, балки бутун дунё халқлари тан олган асарларини халқимизга қайтариш, диний билимларни теран ўрганиш имконини берувчи янги билим даргоҳларини очиш, хорижий мамлакатлар билан турли соҳаларда  кенг алоқалар боғлаш бўйича кўплаб хайрли ва эзгу ишлар амалга оширилди. Бу ишларнинг барчаси Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти  Ислом Каримовнинг номи, у кишининг оқилона сиёсати билан боғлиқдир. Ислом Каримов «Ватан саждагоҳ каби муқаддасдир» номли асарида: “Ватанимиз азалдан башарият тафаккур хазинасига унутилмас ҳисса қўшиб келган. Асрлар мобайнида халқимизнинг юксак маънавият, адолатпарварлик, маърифатсеварлик каби эзгу фазилатлари Шарқ фалсафаси ва ислом дини таълимоти билан узвий равишда ривожланди. Ва ўз навбатида бу фалсафий-ахлоқий таълимотлар ҳам халқимиз даҳосидан баҳра олиб бойиб борди”, деб таъкидлаган.

Маълумки, дин маданий, маънавий инсоний қадриятларни сақлаб қолиш ҳамда авлоддан авлодга етказишдаги роли беқиёсдир. Ўзбек халқи ҳаётига диний қадриятлар, исломий тушунчалар чуқур сингиб кетган. Ёшларни дунёвий билимлар билан бир қаторда Имом Бухорий тўплаган ҳадислар, Нақшбандий таълимоти, Термизий ўгитлари, Яссавий ҳикматлари асосида тарбия қилиш муҳим аҳамиятга эга. Бу борада амалга оширилган кўплаб бунёдкорлик ишлари – динга оид минглаб китоблар нашр этилиши, масжид ва мадрасаларни обод қилиниши, буюк алломаларнинг таваллуд саналарини дунё миқёсида нишонланиши,  уларнинг мақбараларини зиёратгоҳларга айлантирилиши – буларнинг барчаси ўзбек халқининг ислом динига меҳр-муҳаббати, ҳурмат-эҳтиромининг яққол тасдиғидир. Зеро, алломаларнинг илмий-маънавий мероси ўзбек миллати, халқи ғурурига ғурур қўшиб, уларнинг ворислари сифатида ягона халқ бўлиб яшашида куч-қувват бағишлайди.

Бугунги кунда ёшларни ўз ҳақ-ҳуқуқини танийдиган, ўз кучи ва имкониятларига таянадиган, ён-атрофида содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга мустақил ёндаша оладиган, айни замонда шахсий манфаатларини мамлакат ва халқ манфаатлари билан уйғун ҳолда кўрадиган, ҳар жиҳатдан баркамол инсонлар этиб тарбиялаш вазифаси асосий масалага айланди. Бу борада муқаддас китобларимиз ва қадриятларимиз, буюк мутафаккир аждодларимиз мероси доимо ҳалол меҳнат билан яшашга, ватанпарварлик, мардлик, саховат ва камтарликка чақириши билан катта аҳамият касб этади. Зеро, ватанпарварлик ғояси онгига чуқур муҳрланган, дунёқараши кенг, ҳар жиҳатдан билимли, зукко, юрт кори учун дахлдорлик ҳиссини туядиган ҳамиша огоҳ авлодни ҳеч ким енга олмайди. Эл-юрти учун ёниб яшаётган бундай навқирон авлодга четдан ҳеч ким ўз таъсирини ўтказа олмайди. Ҳаёт моҳиятини англаб етишга ўз умри, билим ва салоҳиятини бағишлаган не-не буюк зотлар, мутафаккир файласуфлар, аллома ва азиз-авлиёлар шу каби мураккаб муаммоларга жавоб топиш учун изланганлар, бу мавзуда кўплаб асарлар яратганлар. Ана шу бебаҳо маънавий меросни халқимизга етказиш масаласи бугунги кунда ҳануз долзарб бўлиб қолмоқда.

Юксак маънавий тушунчалар билан яшашга ҳаракат қиладиган одамнинг бугун ҳам кўп машаққатларни, оғир синов ва тўсиқлар, муаммоларни енгиб ўтишига тўғри келади. Айниқса, қўшни Афғонистондаги мураккаб вазиятни эътиборга олиб, глобаллашув шароитида Ватанга, миллий қадриятлар ва миллий меросга муҳаббат туйғуси билан йўғрилган ғоялар асосида баркамол авлодни камол топтириш, шунингдек, ақидапараст, мутаассиб кучлар ёшларни ўз домига тортиш илинжида  юрган бугунги замонда, юртга садоқат, бағрикенглик, миллатлараро тотувлик тамойиллари асосида фарзандларни маънавиятли қилиб  тарбиялаш ғоятда аҳамиятлидир. Ислом Каримов таъкидлаганидек: “Маънавият – аждодларни авлодларга, ўтмишни бугунга, бугунни эса келажакка боғловчи кўприк вазифасини бажаради. У ота-боболаримиз тўплаган жамики яхши фазилатлар ва хислатлар, қадриятлар ва анъаналарнинг мажмуи, қолаверса, аждодларимиз тўплаган тарихий-ижтимоий тажриба ва барча қарашларни ўзида мужассам этади”.

Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг Имом ал-Бухорий ёдгорлик мажмуасининг очилишига бағишланган маросимда сўзланган нутқидаги қуйидаги фикрлари ҳам эътиборга моликдир: “Бу мураккаб ва қалтис замонда йўлимизда оғир синов ва тўсиқлар дуч келганда, улар қаршисида чорасиз қолганда, мислсиз машаққатлар ҳолдан тойдирганда ҳам биз куч-қудратни қаердан оламиз? Энг аввало Аллоҳ таолонинг бизга кўрсатаётган марҳаматидан оламиз. Мана шундай вазиятлардан бизга метин ирода, сабот-матонат бахш этадиган буюк ва чексиз яна бир манба бор. Бу манба – улуғ аждодларимизнинг қонимизда жўш ураётган азму шижоатидир. Бу манба — ал-Бухорийдек мумтоз боболаримиз даҳосининг ҳаётбахш қудратидир. Бу манба – уларнинг бизга ҳамиша мададкор бўладиган ўлмас руҳи покларидир. Ана шу ҳақиқат, ана шу эътиқод ватандошларимиз, азиз фарзандларимиз юрагига, онгу шуурига, тафаккурига тобора теран сингиб бормоқда. Биз комил ишонч билан Ўзбекистоннинг истиқлоли боқий, истиқболи буюк, дер эканмиз, мана шундай мустаҳкам асосларга таянамиз”.

Бугунги кунда Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан буюк мутафаккирларнинг асарларини халқимизга етказиш, ислом динининг инсонпарварлик фалсафаси, буюк ғояларини ёш авлод юрагидан ҳам жой олишига шароит яратилди.  Мазкур соҳада амалга оширилган ишлар, тарихий жараёнлар истиқлолимизнинг олтин пойдевори бўлиши шубҳасиздир.

Маҳфуза Алимова,ТИУ, Диншунослик ва жаҳон динларини қиёсий ўрганиш ЮНЕСКО кафедраси катта ўқитувчиси, т.ф.н.