Муъалло хати ҳақида биласизми?

91

      Маълумки, бугунги кунга қадар анъаналарини давом эттириб келаётган ва ўз ичига юзлаб хат турларини олувчи араб хаттотлигининг тарихи “ҳижозий” ва “куфий” хатлари ила бошланган. Усмон мусҳафлари “ҳижозий” хатида кўчирилган бўлса, Али (р.а.) даврида Куфада ушбу хатнинг янги кўриниши – “куфий” хати пайдо бўлди ва Қуръони карим нусхалари шу хатда кўчирилди.

    Х асрда Бағдодда яшаб, “Хаттотлар имоми” унвонига сазовор бўлган Ибн Муқла ва унинг издоши Ибн Баввоблар янги – “муҳаққақ”, “райҳоний”, “насх”, “сулс”, “тавқиъ” ва “риқо” хатларига асос солиб, уларни ривожлантирдилар.

   Қайд этиш лозимки, янги хат турларини ихтиро қилиш анъанаси кейинги асрларда ҳам давом этиб борди. Хусусан, ХV аср бошлари, Темурийлар даврида “настаълиқ”, кейинроқ, унинг асосида “шикаста” хатлари пайдо бўлди. ХVI асрда эса, Усмонийлар давлатида “девоний” ва “риқъий” хатлари юзага чиқди. Зикр қилинган хат турлари ҳозирда ҳам энг кўп қўлланилаётгани билан аҳамиятли ҳисобланади (1-расм).

   Бизнинг давримизга келиб хаттотлик санъатини янада ривожлантирган бир қатор янги хат турлари ихтиро қилинди. Уларнинг орасида энг кўзга кўрингани ва бугунги кунда кенг тарқалиб бораётгани “муаълло” хати бўлиб, у Ҳамид Ажамийнинг ижод маҳсули ҳисобланади. Ҳамид Ажамий 1995 йилдан ўзининг янги хат тури устида ишлай бошлади. Эрон Санъат Жамиятининг рухсати билан унга – “Муъалло” (олий, юксак) номи берилади. Таъкидлаш лозимки, “Муъалло” хатининг ихтиро қилиниши Эрон хаттотлик тарихида сўнги икки аср давомидаги энг йирик ташаббус сифатида қабул қилинди.

   “Муъалло” хати жаҳоннинг энг ривожланган хаттотлик мактаби – Эрон хаттотлари томонидан юксак эътибор қозониши, унинг чинакам санъат дурдонаси сифатида пайдо бўлганига далолат қилади. Анъанавий хаттотлик тамойилларига асосоланган “Муъалло” хати хаттотликнинг мавжуд барча қоидаларига бўйсунади. Унинг жозибадорлиги, уни бошқа санъат турлари билан бирга қўллашда кенг имкониятлар яратади. Шунингдек, уни бошқа хафий (ингичка) хатлар (насх, настъалиқ, шикаста, интизор) билан қўллаш ўзига хос композиция ҳосил қилади (3-расм).

    Қайд этиш лозимки, “Муъалло”нинг муфрадот ва мураккаботини ўрганиш, бошқа хат турларига нисбатан анча осон ҳисобланади. Баъзи ҳарфларнинг бир неча кўринишлари мавжудлиги асарни яратишда такрорийликдан қочиш ва ранг-баранглик касб эттиришда қўл келади.

Ушбу хат турининг ўзига хос баъзи хусусиятларини санаб ўтсак:

– хаттотлик қаламининг бутун потенциалидан фойдаланиш билан ёзув тиниқлиги ва равшанлигининг ортиши;

– бошқа анъанавий услубларга қараганда хаттотнинг ўз иштиёқи ва  туйғуларини ифодалай олиш имконининг кенглиги;

– ҳарфларнинг ўлчам ва нисбатларини турли композицияларга мос равишда ўзгартириш мумкинлиги;

– мустақил ўрганиш ва ўргатиш мумкин бўлиб, бунда бошқа хат турларини билиш талаб этилмаслиги;

 –  замонавий архитектура биноларида ҳам қўллаш имконининг мавжудлиги;

– композицияга уйғун ҳолда баъзи ҳарфларни, кези келганда, тескари ёзиш ва бурчакларини ўзгартириш мумкинлиги (5-расм).

    Шуни таъкидлаш лозимки, “Муаълло” бошқа хат турларидан устунликни даъво қилмайди. Балки, ҳуснихат ихлосмандларини ўз гўзаллиги ва мавжуд имкониятлари билан хаттотлик санъати ривожига ҳисса қўшишга чорлайди.

                                                             Кенг тарқалган араб хат турлари

                            Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. (Муъалло хатида)

                                                  وَالسَّابِقُونَ السَّابِقُونَ (١٠) أُولَئِكَ الْمُقَرَّبُونَ                                          Ва пешқадамлар, пешқадамлар. Улар (Аллоҳга) яқин бўлганлар (Воқеа сураси, 10-11 оятлар, “Муаълло” ва “Интизор” хатларида)

                                                     وَإِنَّكَ لَعَلى خُلُقٍ عَظِيمٍ                                                              Ва албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз. (Қалам сураси, 4-оят, “Муъалло” хатида)

                                                         فَلِلَّهِ الْعِزَّةُ جَمِيعًا                                                                                               Бас, барча қудрат Аллоҳникидир.                                                                        (Фотир сураси 10-оят, “Муъалло” хатида)