Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари

168

1. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларнинг энг бағрикенги, энг мулойими, энг карамлиси, энг сахийи эдилар. У зотни бир кўрган инсон, уларга яқин бўлишга интилар, бир марта суҳбатларида бўлса, яхши кўриб қолар эди. Аллоҳ таоло каломи шарифида “Албатта, сиз буюк хулқ узрадирсиз” ояти билан бутун халойиққа у зотни хулқлари ила танитди.

2. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам доим рост сўзлар эдилар. Нубувват келишидан олдин ва ундан кейин ҳам у зотдан бирор киши динга ёки дунёга доир ишларда ёлғон сўз эшитмаган. Шу сабабли, ёшликларидан бошлаб барчанинг орасида “Содиқул амин” деб танилганлар.

3. Инсонларнинг энг шижоатлиси эдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам душман билан юзма-юз келганда, улар сон жиҳатидан устун бўлса ҳам ортга қочмаганлар. Бадр ва Ҳунайн жангларида у зот сафнинг олдида туриб, душман қўшинига қақшатгич зарба берганлар. Бундай шижоат билан ҳаракат қилишга Расулуллоҳдан бошқа бирор кимса қодир бўлмасди. Балки, энг кучли паҳлавонлар ҳам жанг пайтида у зотнинг ортларида ҳимояланар эди. Али розияллоҳу анҳу айтадилар: “Қачон жанг қизиса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ҳимояланар эдик. Бирор киши у зотдан кўра душманга яқинроқ бўлмас эди. Бизнинг ичимизда у зотга тақлид қилган киши шижоатли бўлар эди”.

4. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий нозил бўлиб турган бўлсада, саҳобаи киромлар билан кўп маслаҳатлашиб турар эдилар.

5. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳли оилаларига жуда меҳрибон ва шафқатли эдилар. У Зот аҳли оилаларига гўзал муомалада бўлар, уй ишларида ёрдам берар эдилар. Аёлларини доимо иззат-икром қилиб, уларни Қуръоний ахлоқ асосида тарбия қилишга катта эътибор берганлар.

6. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ёш болаларга жуда ҳам ширин муомалада бўлиб, уларга биринчи бўлиб салом берар эдилар. Хусусан, агар оилада қиз фарзанд дўнёга келса, унга ўзгача сурур билан муомалада бўлар эдилар. Фарзандларни диний ва дунёвий билимларни таълим олишга қизиқтирар ва ёш болаларга ҳадя улашишда уларнинг орасини тенг кўришга чақирар эдилар.

7. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам умматлари учун ниҳоятда меҳр-шафқатли ва ғамхўр эдилар. У зотнинг бу гўзал сифатлари нафақат мусулмонларга, балки душманларига ҳам бир хил бўлар эди. Ҳатто уларга кўрсатган меҳр-муҳаббатларидан Қуръони каримда Расулуллоҳга тасалли ва ҳамдарлик сифатида кўпгина оятлар нозил бўлди. Аллоҳ таоло айтади: “Бас, уларга жонинг ҳасрат-ла ачинмасин”. (Фотир сураси 8 оят) Аллоҳ таоло айтади: “Эҳтимол, (улар) мўмин бўлмаганлари учун сен ўзингни ҳалок қилмоқчидирсан?!”.

8. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саховатда юксак намуна соҳиби бўлганлар. У зотдан бирор нарса сўралса, ҳеч қачон “йўқ” демас эдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бир киши келганида, унга икки тоғнинг орасига сиғадиган қўй бердилар. Ҳалиги инсон қавмининг олдига қайтиб: “Эй қавмим, мусулмон бўлинглар! Муҳаммад фақирликдан қўрқмасдан инфоқ қиладиган киши экан” деди.

9. Аллоҳ таоло Набий соллаллоҳу алайҳи васлламни турли ёмонликлардан сақлаган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўспиринлик пайтларидан бошлаб, жоҳилият ишларидан ҳисобланган хамр ичиш, қимор уйнаш, зино қилиш, бут-санамларга ибодат қилиш каби қабиҳ ишларнинг бирортасани қилмаганлар. Балки, бу ишларга нафрат билан боқар эдилар. Қавмлари эса ўша вақтда бут-санамларга ибодат қилар ва уларнинг бўйинларины тилло, кумуш ва жавҳарлардан бўлган турли тақинчонлар билан безатар эдилар.

10. Дунёга муҳаббат қўймасликлари. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир лаҳза бўлса ҳам дунё муҳаббатининг қалбларидан жой олишга йўл қўймаганлар. Қурайшнинг энг катта раҳбарлари у зотнинг олдиларига келиб, агар қилаётган даъватини тўхтатса, унга мол жамлаб бериш, энг бадавлат аёлларга уйлантириб қўйиш ёки раҳбар бўлишни таклиф қилганларида, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бу таклифларни қабул қилмадилар. Улар турли таҳдидлар қилганларида ҳам уларнинг бу ишларига парво қилмадилар, балки ўз зиммаларидаги вазифани умматга етказишга бутун вужудлари билан киришганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларидаги барча нарсани инфоқ қилмагунларича уйқуга ётмас эдилар. Ҳадиси шарифда: “Менда Уҳуд тоғичалик тилло бўлса-ю, ундан баъзиси ҳузуримда бўлган ҳолда уйқуга кетишни яхши кўрмайман” деб айтганлар.

11. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам барча инсонлар билан гўзал тавозу билан муомалада бўлар эдилар. Баъзида жория, қул ёки мискин кишилар ҳам ўз ҳожатларини бажариш учун у зотни қўлларидан тутиб олиб кетар, Расулуллоҳ эса улар билан бориб, ишларига кўмаклашар эдилар. У зот ерда ўтирар ва шундай ҳолатда таомланардилар. Ҳадиси шарифда: “Мен оддий қулман. Қул каби таом ейман ва қул каби ўтираман”, деб айтадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васллам мискинларга шунчалик эҳтиром кўрсатар эдиларки, улар билан бирга ўтирар ва Аллоҳ таолодан мискинларни севишни дуо қилиб сўрар эдилар. Бирор нарсага суянган ҳолда овқат эмас, кийимларини ва қовушларини ўзлари ямар ҳамда уйда бўлганларида аҳлларига кўмак берар эдилар.

12. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ниҳоятда ҳалим ва авф қилувчи инсон эдилар. У зот ўзларига зарар берган кимсага нисбатан ғазаб қилмас ва ундан интиқом олмас, фақатгина Аллоҳ улуғлаган ишлар оёқ ости қилинадиган бўлса, Роббилари учун ғазаб қилар эдилар. Расулуллоҳдаги раҳимдиллик сифати туғма эди. Саҳровий араблар келиб У зотга азият ва қўполлик ила муомала қилсалар ҳам гўзал муносабатда бўлиб, уларни эҳтиром қилар ҳамда совға-саломлар улашар эдилар. Фаразан, Набий соллаллоҳу алайҳи васлламнинг ҳалимликларига бирор мисол бўлмай, фақатгина фатҳ кунида Макка аҳлига кўрсатган раҳм-шафқатларининг ўзи У зотнинг нақадар раҳмдил инсон бўлганларига ёрқин далил бўлади. Зеро, ўша куни Қурайшнинг энг бадавлат инсонлари ҳам у кишининг олдиларида бош эгиб, энди нима бўлар экан, деб кутиб туришар эди. Расулуллоҳ : “Нима деб ўйлайсизлар! Мен сизларга нима қилишим мумкин?”, дедилар. Улар: “Яхшилик. Карамли дўст. Сиз яхши кишининг ўғлисиз” дейишди. Мен сизларга биродарим Юсуф айтган нарсани айтаман: “Бугунги кунда сизларни айблаш йўқ. Сизларни Аллоҳ мағфират қилгай. У раҳм қилгувчиларнинг раҳмлироғидир. Бораверинглар, сизлар озодсизлар”. Расулуллоҳ ҳаётларининг бошидан то охиригача шундай раҳмдиллик сифати билан ўтказдилар.

Манба: Нуриддин Итр. “Нафахотул итрийя мин сийрати хойрил барийя”, 23 бет.

Муродов Абдушукур