Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига хос фазилат ва хусусиятлари

137

Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни кўплаб хусусиятлар билан хослаб қўйди. Қуйида улардан энг муҳимлари ҳақида тухталиб ўтамиз:

1. Қуръони карим. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ато қилинган энг катта мўъжиза бу Қуръондир. Шундай экан, Қуръон Расулуллоҳдан бошқа кишига эмас, балки айнан у зотга берилган фазилатдир.

2. Аллоҳ таоло душманлари қалбига бир ойлик масофадан қўрқинч солиш ила у Зотга нусрат берди.

3. Хоҳ араб, хоҳ ажам бўлсин, бутун инсониятга пайғамбар қилиб юборилишлари. Аллоҳ таоло Сабаъ сурасида айтади: «Биз сени барча одамларга фақат хушхабарчи ва огоҳлантиргувчи қилиб юбордик».

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Аввалги набийлар ўзларининг қавмига хос қилиб юборилар эди. Мен эса бутун инсониятга пайғамбар қилиб жўнатилдим».

4. Расулуллоҳга Қиёмат кунида улуғ шафоатнинг берилиши. Аллоҳ таоло Исро сурасида айтади: «Шоядки, Роббинг сени мақтовли мақомда тирилтирса».

5. Набийларнинг сўнггиси эканликлари. Аллоҳ таоло «Аҳзоб» сурасида айтади: «Лекин Аллоҳнинг Расули ва Набийларнинг сўнггисидир».

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен набийларнинг сўнггисиман, мендан кейин набий келмайди», деб марҳамат қилганлар.

6. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бутун инсониятдан пешқадамлик ва афзалликнинг берилиши. Аллоҳ таоло у зотга василани берди. Васила бу ҳадиси шарифда келган: «Жаннатдаги бир мақом бўлиб, Аллоҳнинг бандаларидан бирига берилади. Умид қиламанки, ўша даража бериладиган киши мен бўлсам керак», Ҳадиси шарифларда, «Васила» мақоми жаннатдаги энг олий даражалардан бири сифатида зикр қилинган.

7. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оламларга раҳмат қилиб юборилишлари. У зотнинг олиб келган таълимотлари асосида ислом уммати башарият маданиятининг йўлбошчисига айланди, олам эса илм-маърифтага тўлди.

8. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам буюк фазилатлари билан ҳаётнинг барча жабҳаларини қамраб олганликлари. Тарихда ўтган баъзи инсонлар ҳаётнинг баъзи жиҳатларида юксак марраларга эришган бўлсаларда, бироқ бошқа томонларида уларда оддийлик кўзга ташланиб қолади. Аммо Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг буюкликлари эса мукаммаллик ила боғланиб, ҳаётларининг барча жиҳатларида бирор камчиликни топиб бўлмайди. Шу сабабли, кўпгина китобларда «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам машҳур воиз», «Машҳур қўмондон», «Машҳур сиёсатчи», «Машҳур бошқарувчи», «Балоғат ва фасоҳат соҳиби», «Ота», «Эр», «Вафодор», «Сахий», «Омонатдор», «Кечиримли ва меҳрибон», «Камтарин» ва «Дунёга муҳаббат қўймаган» каби номлар остида мадҳ этилганларини кўриш мумкин.

9. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўсиб улғайишларидан бошлаб, ўспиринлик сўнгра ундан кейинги даврларида ҳам инсонлар учун гўзал намуна соҳиби бўлганлари. Расулуллоҳнинг ушбу фазилатларини маҳкам тутган умматлари, у зотга тўлалигича эргашдилар. Натижада, Ислом динининг гўзал таълимотлари соясида шундай инсонлар шаклландики, ҳаттоки тарихда уларга ўхшашини топиш мушкулдир. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гўзал хулқларига назар солган ва унинг асл моҳиятини англаб етган олимлар у зотнинг баркамол сийратларини пайғамбарликларига далил сифатида санаганлар.

Манба: Нуриддин Итр. «Нафахотул итрийя мин сийрати хойрил барийя», 31-бет.

Абдушукур Муродов