Огоҳлик давр талаби…

81

Бугунги мафкуравий курашлар авж олган замонда дин, Ватан, миллат, маданият, миллий урф-одатларни сақлаш, ҳимоя қилиш, аждодлардан занжир бўлиб, бизларгача етиб келган муқаддас ислом дини ва қадриятларини келажак авлодга соф ҳолида етказиш барчамизнинг бурчимизга айланиши керак. Шундай экан, инсон қай соҳада бўлсин ўзининг касби-кори, меҳнат фаолиятидан келиб чиқиб, бу масъулиятли хизматни сидқидилдан амалга ошириши лозим. Ватан равнақи ва озодлиги йўлида ҳамма бир тану бир жон бўлиб курашсагина у юрт тобора обод бўлиб боради.

Миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик таъминланишини белгилайдиган соҳалар жуда кўп. Улар орасида таълим-тарбия соҳаси, шубҳасиз, алоҳида аҳамият касб этади. Чунки, миллатимиз ва халқимизнинг эртанги куни бугун вояга етаётган авлод тақдири ҳамда келажаги билан бевосита узвий боғлиқ.

Хусусан, Ўзбекистонда демократлаштириш ва фуқаролик жамиятини барпо этиш жараёнида ижтимоий адолат масалаларига янгича қарашлар шаклланмоқда. Жумладан, мамлакатимизда турли эътиқод вакиллари истиқомад қилиб, улар ўртасида ўзаро ҳурмат ва бағрикенглик муҳитининг ўрнатилиши учун барча шароитлар яратиб келинмоқда. Мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб кунимизгача бу йўналишда муайян натижалар амалга оширилди. Айниқса, виждон эркинлиги, бағрикенгликнинг муҳим омилларидан бири бўлган миллатлараро ва динлараро тотувлик соҳаларида улкан ютуқларга эришилди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 5-моддасига кўра, дин давлатдан ажратилган. Давлат турли динларга эътиқод қилувчи ёки уларга умуман эътиқод қилмайдиганлар ўртасида ўзаро муроса ва ҳурмат ўрнатилишига кўмаклашади. Диний мутаассиблик ҳамда экстремизмга, муносабатларни қарама-қарши қўйиш ва кескинлаштиришга, турли конфессиялар ўртасида адоватни авж олдиришга қаратилган хатти-ҳаракатларга эса, йўл қўймайди.

Давлат диний конфессиялар ўртасидаги тинчлик ва тотувликни қўллаб-қувватлайди. Бир диний конфессиядаги диндорларни бошқасига киритиш, миссионерлик, давлат тузуми ва конституцияга қарши тарғибот, душманлик, шунингдек, миллатлараро адоват уйғотиш, тотувликни бузиш, вазиятни беқарорлаштириш уйдирмалар тарқатиш, аҳоли ўртасида ваҳима чиқариш ҳамда давлатга, жамият ва шахсга қарши қаратилган бошқа хатти-ҳаракатлар ман этилади. Диний ташкилотлар фаолияти эса, амалдаги қонун ҳужжат талабларига биноан бажарилиши шарт. Шундай экан, галдаги вазифаларидан бири халқимизнинг диний эътиқодига зид бўлган зарарли оқимларнинг юртимизга кириб келишининг олдини олиш, аҳолини ёт ғоялар таъсиридан сақлаш, жамиятда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик тамойилларини қатор топтиришдан иборат.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31-моддасида “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динига эътиқод қилиши ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди”, деб ёзиб қўйилган. Демак, динга эътиқод қилиш ёки қилмаслик ҳар кимнинг шахсий иши.

Динни ниқоб қилиб давлат ва конституцияга қарши бориш, душманлик кайфиятини қўзғаш, ахлоқсиз, ҳуқуқбузар маълумотлар тарқатиш ва тинч аҳоли ўртасида турли низолар чиқаришга қаратилган ҳаракатларга асло йўл қўйилмайди. Ушбу қоидаларнинг бузилишида айбдор деб топилган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тегишли жавобгарликка тортиладилар.

Ана шундай салбий ҳолат, яъни динга мутаассибона берилиш Тошкент Архитектура Қурилиш институти талабалари А.М.Маҳмудов, Н.П.Султонов ва С.Б.Қазақовлар томонидан амалга оширилди. Улар олийгоҳ ётоқхонасида талабаларнинг онгига диний мафкураларни сингдириб, намоз ўқиш, барча диний амалларни бажариш ва ислом кўрсатмасига кўра ҳаёт кечириш кераклиги тўғрисида ташвиқот ишларини олиб борганлар. Шунингдек улар, атрофдаги бошқа фуқароларни динга жалб қилиш, норасмий қориларнинг диний маърузаларини институт талабаларига тарқатиш билан ҳам шуғулланганлар.

Ушбу жиноят бўйича Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туман суди, 2013 йилнинг 2-август куни А.М.Маҳмудов, Н.П.Султонов ва С.Б.Қазақовлар ишини кўриб чиқди. Жазо тайинлашда ҳуқуқбузарлик ҳаракатини биринчи маротаба содир этилганини ҳисобга олиб, улар маъмурий жавобгарликка тортилди. Ҳуқуқбузарлар содир этган қилмишларидан пушаймонликлари инобатга олиниб, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 184 (2) – моддасида назарда тутилган бандга кўра, жиноий ҳуқуқбузарлик содир қилган деб топилди. Уларга энг кам иш ҳаққининг 20 (йигирма) баробари, яъни 1.591.800 сўм миқдорида жарима жазоси тайинланди.

Албатта, бирор-бир салбий ҳаракат жазосиз қолмайди. Халқимизда “Нимани эксан – шуни ўрасан” деган ибратли ибора бекорга айтилмаган. Ушбу талабалар бу ҳаракатлари оқибатини тушунмаган ҳолда қилган ишларига жазо олдилар.

Хулоса ўрнида шуларни айтиш мумкинки, миллатлараро тотувлик, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари ҳар вақт долзарб вазифалар қаторида турган. Шундай экан, маънавият ва маърифат ишларини жонлантириш ёшларни ҳар томонлама етук ҳамда баркамол қилиб тарбиялаш бугун муҳим аҳамият касб этади. Зеро, Ислом – тинчлик дини экан, унинг муқаддас манбаларини бузиб талқин этишни олдини олиш, ёшларни турли диний экстремистик оқимларга жалб этилишининг психологик омилларини ўрганиш, моҳиятини англаш ҳамда улардан тўғри хулоса чиқариш барчамизнинг вазифамиздир.

т.ф.н. Насруллаев Неъматулло