“Оммавий маданият”нинг болалар маънавиятига салбий таъсири

183

Мустақилликнинг илк кунлариданоқ мамлакатимизда баркамол авлодни тарбиялаш масаласига давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида эътибор қаратилиб, келажак авлодни интеллектуал, жисмоний ривожланиши билан бир қаторда маънавий ва аҳлоқий камолоти йўлида кенг қамровли ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Юртимизда баркамол авлод тарбияси, уларда хар томонлама миллий ва маънавий қадриятларни юксалтириш борасида фикр юритар эканмиз, “оммавий маданият” масаласига алоҳида эътибор қаратиш муҳим аҳамият касб этади. Маълумки, сўнги пайтларда турли ҳил ғаразли кучларнинг “оммавий маданият” (инглизча: “mass culture”) ниқоби остида хатарли ғояларни ёшлар онгига сингдиришга уринишлари кучаймоқда. Бундай “маданият” таъсирига дучор бўлган болалар лоқайд, енгил-елпи ҳаётга ошно, юрт равнақи ва халқ тинчлигига бефарқ кимса бўлиб вояга етади. “Оммавий маданият” жамиятда бузғунчилик ва зўравонликни тарғиб этиш ҳамда болаларга гўё истаган ишини қилиш‒ “эркинлик бериш” каби одатларни ёйиш билан маънавиятини инқирозга дучор қилади. “Оммавий маданият” ниқоби остида ётган мафкура мазмуни асосини “Аввал мен, кейин бошқалар!” куринишидаги ғарбона эгоцентризм ғояси ташкил этади. Кўҳна Шарқда эса оилага, жамоага интилиш, улар манфаатини устун қўйиш, ўзгаларнинг ўзлари ҳақидаги фикрига эътибор бериш анъаналари минг йиллар давомида ўзининг ижобий натижаларини бериб келгани маълум. Француз олими А. Молнинг “мозаик маданият” назарияси оммавий онгга хос хусусиятни яхшироқ тушунишга ёрдам беради. Тадқиқотчининг фикрига кўра, оммавий коммуникация воситаларининг вужудга келиши ва ривожланиши натижасида гуманитар маданият назариясининг ижтимоий ҳаётдаги аҳамияти кескин пасайди. Унга кўра одамнинг ақлий қобилияти шаклланишида таълим устувор аҳамиятга эга эди. Энди унинг дунёқараши рекламада ўқиган, радиодан эшитган, кинофильмларда ёки телевидениеда кўрган маълумотлардан ва ҳамкасблари, ўртоқларидан эшитган янгиликларидан шаклланади[2]. Бугунги замонавий фан “оммавий маданият”нинг туб замирида, тижорат моддий манфаатдорлик борлигин эътироф этади. Тарихга назар ташласак, ҳар доим товарлар билан бирга бегона мафкуралар ҳам ёйилгани маълум бўлади. Ҳозир ҳам маданиятлар экспортида товар фаол қўлланилмоқда. Масалан, Ғарб давлатлари рамзлари туширилган, маъносини ўзи ҳам тушуниб етмайдиган турли чет тилидаги ёзувлар битилган кийимларни кийиб юрганлар “оммавий маданият” тарғиботчиси бўлаётганлигини англаб етмайдилар. “Оммавий маданият”, туб моҳиятига кўра, миллий маданиятнинг кушандаси бўлиб, у маданий плюрализмни хушламайди, унинг асл мақсади‒ бу оламни бир хил рангда кўриш[3]. “Юксак маънавият‒ енгилмас куч” асарида, “Ҳозирги вақтда ахлоқсизликни маданият деб билиш ва аксинча, асл маънавий қадриятларни менсимаслик, эскилик сарқити деб қараш билан боғлиқ ҳолатлар бугунги тарққиётга, инсон ҳаёти, оила муқаддаслиги ва ёшлар тарбиясига катта хавф солмоқда ва кўпчилик бутун жаҳонда бамисоли бало-қазодек тарқалиб бораётган бандай хуружларга қарши курашиш нақадар муҳим эканини англаб олмоқда[1]”, деб келтирилган. “Оммавий маданият”га эргашиш, одатда, дунёқараши, онги тўлиқ шаклланмаган, миллий қадриятлар моҳиятини англаб етмаган ёшлар орасида кўпроқ кузатилмоқда. Мисол учун, оммавий маданият таъсирида ёшлар орасида “валентин куни”, “хелловин байрами”ни нишонланиши, поп‒арт[1], поп‒мусиқа[2], Китч[3], старизм[4], хэппининг[5] кабиларнинг оммалашуви, татуаж, пирсинг, металликага берилиш каби миллий анъаналаримизга ёт одатлар оммалашиб кетганини кузатиш мумкин. Энг ачинарлиси, “оммавий маданият” натижасида ёшлар гиёҳвандлик, ОИТС хасталиги каби бедаво офатларга мубтало бўлмоқда.

Бугунги кунда мамлакатимизда менталитетимизга ёт бўлган хорижий ахборотларнинг жамиятга зарарли таъсирининг олдини олиш илмий асосланган ҳолда олиб борилмоқда. Ундан тарли вайронкор кучлар юртимизда мавжуд ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий барқарорлик, фуқаролар тотувлигига раҳна солувчи восита сифатида фойдаланилишига йўл қўймаслик зарурлиги тўғрисида И. Каримов шундай таъкидлайдилар: “Табиийки, “оммавий маданият” деган ниқоб остида аҳлоқий бузуқлик ва зўравонлик, индивидуализм, эгоцентризим ғояларини тарқатиш керак бўлса, шунинг ҳисобидан бойлик орттириш, бошқа халқларнинг неча минг йиллик анъана ва қадриятлари, турмуш тарзининг маънавий негизларига беписандлик, уларни қўпоришга қаратилган хатарли таҳдидлар одамни ташвишга солмай қўймайди[1]”. Оммавий маданият инсонни барча соҳаларда, жумладан, маданият ва дам олиш, бўш вақтни ташкил қилиш борасида ҳам индивидуаллигини йўқотган истеъмолчига айлантириб қўяди. Оммавий маданият ниқоби остида вақти-вақти билан пайдо бўладиган турли ижтимоий харакатлар ва гуруҳлар фахш ва зўравонликни тарғиб қилувчи фильмлар, бошқа турдаги ёшлар онгини захарлайдиган ахборотлар таъсири эса инсон шахсини емиришга, жамиятни дегуманизация қилишга олиб келади. Бундай шароитда ёш авлодни, миллий маданиятни қандай ҳимоя қилиш керак, деган масала долзарб бўлиб қолмоқда[3]. Айни пайтда “оммавий маданият ‒ мафкуравий уруш қуроли” [6] бўлиб майдонга чиқмоқда.

Болалар маънавиятига зарар етказувчи ахборотлар борасида фикр юритар эканмиз, субкультура (субмаданият) масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратиш лозим. Субкультура бу ‒ анъанавий маданиятдаги мавжуд меъёр ва қадриятларни негатив талқин этиш, ҳукм суриб турган маданият ичида ёшлар гуруҳларининг ўзига хос турмуш тарзи ва тафаккурини шакллантиришга бўлган интилиш асосида шаклланган меъёр ва одатлар тушунилади. Мазкур ҳолатни социологлар айрим жиҳатларидан келиб чиқиб, “девиант ҳолат” деб ҳам изоҳлайдилар. Бу йўналишдаги ёшларнинг “ноформаллар”, “хиппи”, “рокер”, “металлист”, “панклар”, “любер”, “фан клуб аъзолари”, “рок маданият фидойилари” каби турларини мисол қилиб келтириш мумкин[5]. Ёшлар субмаданиятлари ташкил топиши жараёнида маънувий-аҳлоқий қадриятларнинг бузилиши сингари салбий тенденциялар, муҳим ҳаётий аҳамиятга эга тушунчаларнинг нотўғри идрок этилиши натижасида вужудга келадиган стихияли ижтимоийлашув, ўспиринларнинг ўзини намоён қилишга интилиши билан боғлиқ раишда шаклланадиган девиант хулқ-атвор экстремизмнинг, кейинчалик эса терроризмнинг ривожланиши учун муҳим манба бўлиб хизмат қилиши мумкин. Ислом Каримов таъкидлаганларидек, бугунги кунда замонавий ахборот майдонидаги ҳаракатлар шу қадар тиғиз, шу қадар тезкорки, энди илгаригидек, ҳа, бу воқеа биздан жуда олисда юз берибди, унинг бизга алоқаси йўқ, деб бепарво қараб бўлмайди. Ана шундай кайфиятга берилган халқ ёки миллат тараққиётдан юз йиллаб орқада қолиб кетиши ҳеч гап эмас[1]. Шу сабабли, шахс жаҳонда кечаётган ижтимоий, сиёсий, маънавий, диний вазиятдан бохабар бўлиш, улардан тўғри хулоса чиқара олиш, шу орқали мафкуравий иммунитет ҳосил қилиш қобилиятини ривожлантириш лозим. Мисол учун, Ғарбда тарқалган аксар тариқатларда “New Age”[7] ҳаракатининг кучли таъсирини кузатиш мумкин. Ҳаракат турли динлардаги мистик, фалсафий оқимларни ўзида қамраб олиш ва улар орқали ўз тамойилларини тарғиб этиш хусусиятига эга. Ғарбдаги турли субмаданиятларнинг синкретик синтези натижаси бўлган “New Age” эътиқоди, бу каби беҳисоб “гуру” ва “пир” ларнинг раҳнамоси сифатида майдонга чиқди. Шарқдан кириб келган ҳар қандай ноанъанавий диний-фалсафий таълимотлар қисқа муддат ичида Европада катта шуҳрат қозониб, кўплаб мухлисларга эга бўлаётган эди. ХХ асрнинг 70-80 йилларида Европа ёшларининг “юлдуз”ига айланиб улгурган кўплаб замонавий мусиқа ва кино санъаткорларининг маълум бир шарқона таълимотга кириши ёки ўз гурусига эгалиги бу жараённи янада оммалашиб кетишига сабаб бўлди[4].

Хулоса ўрнида, шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ахборот хуружларининг ижтимоий онгни манипуляция қилиш, миллий-маънавий қадриятларни емириш, менталитетга мутлақо ёт бўлган бегона қадриятларни тарғиб этиш, халқнинг тарихий хотирасини бузишга қаратилган турлари кенг тарқалиб, айрим қора кучлар томонидан давлатимиз осойишталиги ва тинчлигига тажовуз қилишдир. Халқнинг юрагига ваҳима ва қўрқув солиш ҳисобидан уларнинг эртанги кунига бўлган ишончини йўқотиш, бир-бирига қарши қўйиш, юртда, минтақада ўз манфаати, сиёсатини ўтказишдан иборат. Шу боис мустақил фикрга эга бўлган шахсни тарбиялаш масаласи нафақат маънавий, балки, сиёсий аҳамиятга молик масаладир. Демак, ёш авлоднинг қалби ва онгида мафкуравий бўшлиқ бўлишига йўл қўймаслик, улар дунёда рўй бераётган сиёсий жараёнлар моҳиятини чуқур ва тўғри англаши, энг муҳими, ўз қатъий фуқаролик позициясига эга бўлиши лозим.

ИИТМ илмий ҳодимаси
Д.Р.Каримова


[1] Чиқиндилардан санъат асарлари яратилиши.
[2] Кучайтирилган ритм, зарб, шовқин товушлар охангида жазавали, васвасали, бадаҳлоқ харакатлар билан рақсга тушиш. Поп‒мусиқа намоёндаларининг ҳатти‒ҳаракати, либоси, қўшиқ матни одоб‒аҳлоқ нормаларига тўғри келмайди.
[3] Заррача бадиий‒эстетик қимматга эга бўлмаган нарса ва буюмларга юксак андоза тусин бериш.
[4] Субъектив эҳтиросларга берилган ҳолда эстрада артистлари, актёрлар, спортчилар, телеюлдузларни илоҳийлаштириш.
[5] Аввалдан режалаштирилмаган, ногоҳон уютирилган ноодатий “кескин” томошалар. Масалан, автомобилларни уриш, ўт қўйиш, ёндириш, синдириш орқали оммавий “кўнгил ҳушлик”лар уюштириш.