ПАЙҒАМБАР (С.А.В.) ҚАБРЛАРИНИ ЗИЁРАТ ҚИЛИШ БОРАСИДАГИ ҚАРАШЛАР

144

ПАЙҒАМБАР (С.А.В.) ҚАБРЛАРИНИ ЗИЁРАТ ҚИЛИШ БОРАСИДАГИ ҚАРАШЛАР

Аҳли сунна вал жамоа эътиқоди бўйича, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг қабрларини зиёрат қилиш савобли иш бўлиб, У зотга нисбатан камоли эҳтиром нишонасидир. Кўплаб ҳадиси шарифларда бу ишга тарғиб қилинган ҳамда катта ажрлар ваъда қилинган. Ҳанафий олимлардан Абу Мансур Муҳаммад ибн Мукрим Кирмоний ўзининг “ал-Масолик фил маносик” асарида, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) қабрларини зиёрат қилиш қудрати, имконияти бор инсонга тарғиб қилинган муҳим мустаҳаб амаллардандир, дейди. “Ихтиёр литаълил ал-мухтор” асари соҳиби Абдуллоҳ ибн Маҳмуд ибн Балдажий ҳам шу маънони таъкидлаган.

Салафи солиҳлар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) қабрларини зиёрат қилиш, У зотни васила қилиш ва У зотга сафар қилиб юзланиш каби масалаларда ихтилоф қилмаганлар ва баҳс ҳам олиб бормаганлар. Уларнинг нафслари, қалблари, руҳлари У зотга нисбатан ҳурмат-эҳтиром борасида имон ва ишончга тўла эди.

Ибн Таймия даврига келиб, Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) қабрларини зиёрат қилиш мақсадида сафар қилиш маъсият эканлиги, бу борадаги ҳадисларни заиф ва тўқима экани масаласи кўтарилди. Бу масала Ибн Таймиянинг Аҳли сунна вал жамоага қарши чиққан энг катта хилофларидан бири бўлди. Ўзининг “Фатаво Ибн Таймия” асарида у бундай дейди: “Бирор қабрни зиёрат қилишни мақсад қилиб сафарга отланиш, хоҳ у пайғамбарнинг қабри бўладими ёки бошқасинингми бу жумҳур уламоларнинг наздида қайтарилган ишлардандир. Ҳатто уларга намозни қаср қилиш ҳам жоиз эмас, дейдилар. Чунки Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг “Кўч боғлаб бориш фақат уч масжидгагина бўлади: менинг ушбу масжидимга, Масжидул ҳаромга ва Масжидул Ақсога”, деган ҳадисларига мувофиқ ушбу сафар маъсият сафари бўлади”.

Яна бошқа асарида эса: “Пайғамбарлар ва солиҳ бандалар қабрларини зиёрат қилиш учун сафар қилиш бидъат иш, буни на бирон саҳобий ва на тобиин қилган, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳам буюрмаганлар, имомлардан бирортаси ҳам буни ёқтирмаган. Ким буни ибодат деб эътиқод қилса у Суннатга ва ижмоъга хилоф қилган бўлади”, деган.

Кўплам уламолар Ибн таймия томонидан кўтарилган мазкур масалани қоралаб, қатор асарларда раддиялар берганлар. Улардан Ибн Таймия билан бир замонда яшаган Тақийуддин Субкийнинг “Шифо ас-сиқом фи зияра хойрил аном”, Мулла Али ал-Қорийнинг “ад-Дурра ал-музиъа физ-зиёра ал-мустафавия”, Муҳаммад Айюб ибн Латифуллоҳ ал-Пешоварийнинг “Ҳидоя ал-муслимийн ли-зиёра Саййид ал-мурсалийн” каби қатор асарларни санаш мумкин. Ундан ташқари Тақийуддин Абу Бакр Ҳиснийнинг “Дафъ шубаҳ ман шаббаҳа ва тамаррада” (Мушаббиҳа ва исёнчи шубҳаларини бартараф этиш) номли асарида ҳам Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) қабрларини зиёрат қилиш учун сафар қилиш масаласи кўтарилган ва унга раддиялар берган.

Уламолар Ибн Таймия томонидан ишлатилган “жумҳур уламоларнинг наздида” ёки “уни бирор саҳобий ёки тобиин қилмаган” деган ибораларни кескин қоралаганлар. Зеро, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) қабрларини зиёрат қилиш маъсият сафари эканини Ибн Таймиядан олдин ҳеч ким айтмаган. Бундан ташқари саҳобий ва тобиинларнинг Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) қабрларини зиёрат қилганликлари ҳақида тарих китобларида етарлича маълумотлар келтириб ўтилган.

Ҳофиз Ибн Асокир, Ҳофиз Абулҳажжож ал-Миззий, Ибн Касир ва бошқалар саҳобий Билол ибн Рабоҳ (розияллоҳу анҳу) Шомдан Мадинага айнан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) қабрларини зиёрат қилиш мақсадида келганликлари ҳақидаги жуда машҳур ривоятни келтиришган. Унга кўра Билол (розияллоҳу анҳу) тушларида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг: “Бу қандай жафо бўлди, эй Билол! Мени зиёрат қиладиган вақтинг бўлмадими”, деганларини кўриб, Мадина томон сафарга отланадилар. Бу воқеа ҳазрати Умар халифалик давриларида, барча саҳобалар кўз ўнгида бўлиб ўтган. У киши Мадинага келганларида саҳобалар ҳузурида азон айтиб берганлар. Бунга мадиналик барча саҳобалар гувоҳ бўлишган, лекин у зотларнинг ҳеч бири мазкур ҳолатга эътироз билдирмаган. Ушбу ривоят билан саҳобий Билол (розияллоҳу анҳу)нинг айнан қабр зиёрати учун Шомдан Мадинага келганлари таъкидланмоқда.

“Футуҳ аш-Шом” асарида қуйидаги ривоят келтирилади: Ҳазрати Умар Байтул Мақдис аҳли билан сулҳ тузган вақтда Каъбул Аҳбор унинг олдига келиб мусулмон бўлади. Ҳазрати Умар унинг ислом динини қабул қилганидан хурсанд бўлиб: “Мен билан Мадинага бориб, Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) қабрларини зиёрат қилмайсизми, шу сабаб фойда олардингиз?”, дедилар. Шунда Каъб: “Албатта, эй Амирул муъминин, шундай қиламан”, деб жавоб берди. Ушбу ривоятда ҳам буюк саҳобийларнинг Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) қабрларини зиёрат қилишга бир-бирларини тарғиб қилганлари ва бу иш нафақат жоиз, балки тарғиб қилинадиган амал эканлиги маълум бўлади.

Қози Иёз, Ибн Жавзий ва бошқалар Умар ибн Абдулазизнинг Шомдан Мадинага Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га салом йўллаб қайтиши учун алоҳида элчи жўнатганларини ривоят қилганлар.

Юқорида зикр этилган зотларнинг мақсадлари айнан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) қабрларини зиёрат қилиш бўлган.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг қабрларини зиёрат қилиш ҳақида ривоят қилинган ҳадисларни уламолар ўз асарларида алоҳида жамлаб, унинг ровийлари ва матни ҳақидаги фикрларни келтириб ўтганлар. Ҳанафий фиқҳи манбаларидан бўлмиш “Ихтиёр литаълил ал-мухтор” асарининг Ҳаж бобида ҳам алоҳида “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) қабрларини зиёрат қилиш” мавзуси билан бу борада келган ҳадислар ва зиёрат одоблари баён қилинган. Қуйидабуборада келтирилган баъз иҳадисларн изикр қили бўтамиз:

Ибн Умар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай дедилар: “Ким менинг қабримни зиёрат қилса, унга шафоатим вожиб бўлади(Дороқутний, Байҳақий ва бошқалар ривоят қилган).

Солим (розияллоҳу анҳу) отасидан ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай дедилар: “Ким менинг олдимга зиёрат қилишдан бошқа ҳеч қандай ҳожатни истамасдан зиёратчи бўлиб келса, қиёмат куни мен унга шафоатчи бўлишим ҳақдир”. (Табароний ўзининг “Муъжам”ида, Дороқутний “Амолий” асарида, Абу Бакр ибн Муқриъ ўзининг “Муъжам”ида ривоят қилганлар)

Ушбу ҳадисдаги “Ким менинг олдимга” деган иборани аксар уламолар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) вафотларидан кейин У зотнинг қабрларини зиёрат қилиш, деб шарҳлаганлар. Ушбу маънони бу ерда келтирилган бошқа ҳадислар ҳам қувватлайди. Ибнас-Сакан ўз асарида “Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) қабларининг зиёрати савоби” номли мавзу остида ушбу ҳадисни келтирган ва уни саҳиҳ ҳадис эканлигини таъкидлаган.

Ибн Умар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай дедилар: Кимки вафотимдан сўнг ҳаж қилиб, сўнг менинг қабримни зиёрат қилса худди у мени ҳаётлигимда зиёрат қилгандек бўлади(Табароний, Дориқутний, Байҳақийривояти) .

Ибн Умар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай дедилар: “Кимки мени Мадинада зиёрат қилса, қиёмат куни унга шафоатчи ва гувоҳ бўламан” (Абу Довудат-Таёлусий ривояти).

Тақийуддин Субкий: “Кимки зиёрат ҳадисларини ёлғон ва тўқима, унга томон сафар қилишни бидъат дейдиган ўлса бу гапи энг катта фасоддир”, дейди. У ўзининг “Шифоас-сиқом” асарида шу маънода келган ўн бешта ҳадисни тахриж қилган бўлса, ҳанафий олимлардан Муҳаммад Айюб ибн Латифуллоҳ ал-Пешоварий ўзининг “Ҳидояал-муслимийнли-зиёра Саййидал-мурсалийн” номли рисоласида йигирмадан ортиқ ҳадисни келтириб ўтган. Ушбу ҳадислар ҳар хил лафзлар билан келтирилган бўлса-да, лекин умумий Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) қабрларини зиёрат қилишнинг фазилати, унга бериладиган ажрлар ҳақида келган.

Хулоса қилиб айтганда, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) қабрларини зиёрат қилиш мақсадида сафар қилиш шаръан жоиз бўлиб, бу ишни ҳатто саҳобалар, тобеинлар ҳам қилишган. Аҳли сунна валжамоа, хусусан ҳанафий олимлари томонидан У зотнинг қабрларини зиёрат қилиш муҳим мустаҳаб амал эканлиги таъкидланган.

И.Абдурахмонов,

Исломшунослик илмий-тадқиқот маркази кичик илмий ходими