ПРЕЗИДЕНТ ТОПШИРИҒИ: ТАҚИҚЛАНГАН ТАШКИЛОТЛАР, ВЕБ-САЙТЛАР, ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚЛАР ВА МОБИЛЬ МЕССЕНЖЕРЛАР РЎЙХАТИ ЭЪЛОН ҚИЛИБ БОРИЛАДИ

58

   Ўзбекистон Республикаси Президенти “Диний-маърифий соҳа фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Ҳужжат билан  Дин ишлари бўйича қўмита раисига, зарурат бўлганда, Қўмита марказий аппарати тузилмасига бошқарув ходимларининг белгиланган штатлар сони ҳамда меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда Қўмита ходимлари фаолиятини ҳар томонлама ўрганиб чиқиб, диний-маърифий соҳада чуқур билимларга ҳамда амалий иш тажрибасига эга ҳалол, тартиб-интизомли ва малакали кадрлар билан тўлдирилишини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги диний-маърифий соҳада мамлакатимизда амалга оширилаётган ишларни халқаро жамоатчиликка етказишда Қўмитага доимий равишда амалий ёрдам кўрсатади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Олий суди ўзининг расмий веб-сайтлари ва бошқа оммавий ахборот воситалари орқали суд томонидан экстремистик ёки террористик деб топилган ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолияти тақиқланган ташкилотлар, веб-сайтлар, ижтимоий тармоқлар ва мобиль мессенжерлар рўйхатини эълон қилиб, унинг доимий равишда янгилаб борилишини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ушбу қарор талабларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2019 йил учун тасдиқланган параметрларига тегишли ўзгартиришлар киритади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3668-сон қарорининг 1-банди ва унга 1-илова ўз кучини йўқотган деб ҳисобланади.