Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг мўъжизалари

277

Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг пайғамбарликларига далолат қилувчи мўъжизалар жуда кўп бўлиб, бу борада алоҳида китоблар ҳам ёзилган. Қуйида ушбу мўъжизалардан мутавотир йўл билан етиб келган ва қатъий собит бўлганлари ҳақида тўхталиб ўтамиз:

1. Қуръони карим. Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) араблардан Қуръонга ўхшаш китобни келтиришни талаб қилганларида улар ожиз қолишди. Сўнгра улардан Қуръон сураларига ўхшаш ўнта сура келтириш талаб этилди. Оқибат ушбу талаб битта сура билан ниҳояланганда ҳам – улар иложсиз қолдилар.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида айтади: “Ва агар бандамизга туширилган нарсамизга шубҳангиз бўлса, унга ўхшаш бир сура келтиринг ва рост сўзловчилардан бўлсангиз. Аллоҳдан ўзга гувоҳларингизни чақиринг ”.

Шу сабабли, арабларнинг энг балоғат ва фасоҳатли шоирлари ҳамда моҳир воизлари ҳам Қуръон оятларига ўхшаш бир оят келтиришга ҳам чорасиз қолишган.

2. Ойнинг иккига бўлиниши ва унинг оқибатида инсонларнинг икки тоифага ажралиши. Аллоҳ таоло Қамар сурасида айтади: “Соат (қиёмат) яқинлашди ва ой бўлинди. Агар бир оят мўъжизани кўрсалар, юз ўгирарлар, бу ўткинчи сеҳр, дерлар.” Ушбу воқеанинг Маккада содир бўлгани борасида келган ҳадислар мутавотир даражасига етган.

3. Оз таомнинг кўпчиликка етиши. Ҳандақ қазиш ишлари бўлаётган пайтда озгина таом бир неча минг саҳобийларга етиб, яна ўз ҳолича қолган. Мазкур воқеага доир келган хадислар ҳам мутавотир даражасига етган.

4. Расулуллоҳнинг муборак бармоқлари орасидан сув чиқиши. Жангларнинг бирида саҳобалар жуда ҳам ташна бўлиб, таҳоратга ҳам сув топилмай қолганда, Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ичида сув бўлган идишга қўлларини тиққанлар. Шунда бармоқларининг орасидан сув отилиб чиққан. Бу сувдан саҳобалар чанқоқларини қондириб, барча таҳорат ҳам олган.

5. Исро ва меърож воқеаси. Исро кечаси ҳақида Қуръонда очиқчасига баён қилинган. Меърож воқеаси ҳақида эса Нажм сурасининг бошида ишора келган. Ҳадиси шарифда эса бу мутавотир даражасида келган.

6. Ғойиб нарсалар ҳақида хабар беришлари. Хусусан, Аммор ибн Ёсирни боғий тоифа қатл қилиши, Усмон (розияллоҳу анҳу)га мусибат етказилиши, Аллоҳ таоло Ҳазрати Али воситасида мусулмонлардан бўлган икки тоифа орасини ислоҳ қилиши, дунёнинг йирик подшоҳлари Кисро ва Қайсарнинг ҳукмронлиги тугатилиши ҳамда бошқа кўплаб ғайбий ишлар ҳақида хабар берганлар.

7. Дарахт танасининг Расулуллоҳдан ажралгани учун йиғлаши. Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га минбар ясалишидан олдин бир дарахтнинг танасига суяниб хутба қилар эдилар. Минбар ясалгандан кейин, унда хутба қилиш учун кўтарилганларида, ҳалиги дарахт танаси у кишига бўлган меҳридан худди ёш боладек ҳўнграй бошлади. Саҳобаларнинг барчаси бунга гувоҳ бўлишди. Расулуллоҳ минбардан тушиб, дараҳт танасини қучганларида, ҳалиги овоз тинчланди.

8. Қўлларидаги тошларнинг тасбеҳ айтиши.

9. Гўштнинг ўзининг заҳарлангани ҳақида хабар бериши. Бир аёл душманлик қилиб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га заҳарланган қўй гўштини ҳадя қилади. Ундан бир неча саҳобийлар ҳам тановул қиладилар ва вафот этдилар. Набий (алайҳис-салом) энди қўлларини гўштга узатганларида гўшт у зотга ўзининг заҳарли экани хабарини берди.

10. Ер юзининг машриқдан мағрибигача бўлган жойларнинг у зотга кўрсатилиши ҳамда умматлари етиб борадиган ҳудудларнинг билдирилиши.

11. Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг хулқлари ва гўзал шамоиллари. Бу ҳам У зотнинг мўжизаларидан бўлиб, Қиёматга қадар хулқ ва холқ борасида у кишига ўхшаш инсон келмайди.

Манба: Нуриддин Итр. “Нафахотул итрийя мин сийрати хойрил барийя”, 28 бет.