РИЗҚ ТОПИШ УЧУН ҚИЛИНГАН МЕҲНАТ (ўқинг ва тингланг)

200

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ўсмирлик даврига қадам қўяр эканлар, ризқ топишга ҳаракат қила бошладилар. Аввал, қўй боқиш билан машғул бўлдилар. Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ўзлари ҳақида шундай ҳикоя қиладилар: “Мен Маккаликларга ақча эвазига қўй боқиб берар эдим”.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ризқ топиш мақсадида қўй боқиш учун юзланишларида учта муҳим нарсага далолат бор:

Биринчидан, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Аллоҳ таоло ато қилган олий туйғу ҳамда етук фаросат эгаси эканлари. Пайғамбаримизнинг амакилари Расулуллоҳга юксак даражада эътибор бериб, меҳр-шавқат кўрсатишда худди меҳрибон ота сингари бўлган. Лекин, шундай бўлса ҳам, У зот ўзлари мустақил меҳнат қилишга қодир бўлган онларидан бошлаб касб қилишга киришдилар. Амакиларидан имкон борича сарф ҳаражатларни енгиллаштиришга ҳаракат қилдилар. Ушбу меҳнатлари ортидан келадиган фойда Абу Толиб учун аҳамиятсиз даражада оз бўлса ҳам, лекин бу иш У зотнинг етук ахлоқли, меҳнатсевар, олийжаноб табиатли, хушмуомала эканларидан далолат эди.

Иккинчидан, Аллоҳ таоло солиҳ бандалари учун бу дунёда ихтиёр этган ҳаёт тарзи мавжуд. Қудрати илоҳий Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) учун ҳаётнинг илк даврлариданоқ фаровон турмуш, кенг имкониятларни муҳайё қилиб, ризқ топиш йўлида заҳмат, машаққат чектирмай, қўй боқиш сингари қийинчиликлардан йироқ қилиб қўйиши мумкин эди. Лекин, илоҳий ҳикмат бизга шуни ўргаттики, инсон учун энг яхши бойлик – бу ўз қўл меҳнати ҳамда жамият ва келажак хизматида топган бойлигидир. Энг ёмон бойлик бу ёнбошлаб, ҳеч қандай қийинчилик кўрмасдан ҳамда жамият учун ҳеч қандай фойдаси бўлмайдиган йўл орқали топилган бойликдир.

Учинчидан, ҳар қандай яхшиликка даъват этувчи инсон агар ушбу ишини касб қилиб, унинг орқасидан тирикчилик ўтказадиган ёки одамларнинг эҳсон-у садақалари билан кун кўрадиган бўлса, унинг чақириғи инсонлар наздида ҳеч қандай қиймат топа олмайди.

Шунинг учун бошқаларни яхшиликка чақирувчи ҳар қандай инсон биринчи навбатда ўзининг шахсий меҳнатига таяниши лозим. Токи, дунёда бирор инсон учун уларга миннат қилишга сабаб қолмасин-ки, бу унинг юзига ҳақ сўзни айтишдан тўсиб қўйиши мумкин.

Бу маънолар, гарчи, ўша вақтда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ҳаёлларига келмаган бўлса ҳам, лекин Аллоҳнинг У зотга ҳозирлаб қўйган йўли ушбу ҳикматни қамраб олади. Бундан ташқари, Аллоҳ таоло Расулнинг ҳаётида пайғамбарликдан аввал ҳам рисолат йўлини тўсадиган бирор салбий нарсалар юз бермаслигини ирода қилгани равшан бўлади.

Манба: Рамазон Бутий. Фиқҳус сийра. 77-78-бет.