Саҳобий атамасига берилган таърифлар

120

«Саҳобий» сўзи араб тилида «суҳбатдош», «сафдош», «тарафдор», «ҳамроҳ» каби маъноларни англатади. Муҳаддис олимлар истилоҳида саҳобий сўзи «Расулуллоҳни кўриб, имон келтирган ва мусулмон ҳолида вафот этган кишидир»[1]. Шунингдек, ҳали балоғатга етмаган бўлса-да, айтилган гапга тушуниб, унга жавоб бера оладиган ёш бола ҳам саҳобий ҳисобланган. Масалан, Расулуллоҳни ўспиринлик чоғида кўрган Али ибн Абу Толибнинг ўғиллари Ҳасан ва Ҳусайн, Маҳмуд ибн Рабиъ кабилар ҳам саҳобийлар қаторида зикр этилади. Муҳаддислар тилида айтганда, бу энг ишончли таърифлардан ҳисобланади.

Шунингдек, “саҳобий” атамасига олимлар томонидан бошқача таърифлар ҳам берилган:

  1. Абу-л-Музаффар Самъоний: «Муҳаддислар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан бир ҳадис ёки бир сўз ривоят қилган кишини «саҳобий» деб атайдилар. Ҳатто буни кенгроқ миқёсда у кишининг Пайғамбарлик шарафларини эътиборга олиб, у зотни бир марта кўрган кишига ҳам саҳобийлик ҳукмини берадилар», деган[2].
  2. Саид ибн Мусаййиб: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) билан бир ёки икки йил бирга бўлган ва бир ёки икки ғазотда иштирок этган киши саҳобийдир», дейди[3]. Бироқ Жарир ибн Абдуллоҳ Бажалий деган киши 10/631-йили мусулмон бўлган, аммо ёш бола бўлгани учун Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) нинг илмий мажлислари ва ғазотларда иштирок этмаган бўлса-да, саҳобийлар қаторида келтирилишига ишора қилиб, олимлар бу таърифни заиф дейдилар[4].
  3. Имом Воқидий: «Илм аҳлининг шундай деганларини эшитганман: Расулуллоҳни (соллаллоҳу алайҳи васаллам) кўрган, балоғатга етган, мусулмон бўлган, дин ишларига ақли етадиган ҳар қандай киши бир кунда озроқ вақт бўлса-да, у зот билан суҳбат қилган бўлса, бизнинг наздимизда саҳобийдир», – деган[5]. Бу таърифга риоя қилинса, Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳадис ривоят қилган Абдуллоҳ ибн Аббос, Ҳасан, Ҳусайн, Ибн Зубайр каби балоғатга етмаганлар саҳобийлар қаторига кирмай қолади.
  4. Усулул-фиқҳ олимлари наздида, “саҳобий” деб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ёнларида узоқ вақт ҳамсуҳбат бўлиб юрган, мажлисларида иштирок этган кишига айтилади[6]. Чунки саҳобийларнинг Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) билан узоқ вақт бирга бўлиши ҳадис маъноларини ва улардан кўзланган мақсадни яхши тушунишларига сабаб бўлган.

Мазкур таърифлар ичида муҳаддислар томонидан берилган қуйидаги таъриф ҳам мўътабар ҳисобланади ва уни аксарият олимлар қўллаб-қувватлайдилар. Яъни, «мусулмон ҳолида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни кўрган ва мусулмон ҳолида вафот этган киши саҳобийдир. Унинг Пайғамбар мажлисларида қанча иштирок этгани, ҳадис ривоят қилган-қилмагани, у зот билан ғазотга чиққан-чиқмагани, аммо кўрган бўлса-да, мажлисларида қатнашмагани, кўр бўлиб кўз билан кўрмаган бўлиши эътиборга олинмайди»[7]. Бу жумҳур, яъни аксар олдинги ва замонавий олимларнинг фикридир. Саҳобий Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан ҳадис ривоят қилмаган бўлиши ҳам мумкин.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг вафотларидан кейин, дафн қилинишларидан олдин кўрган Абу Зуайб Хувайлид ибн Холид Ҳузалий саҳобий ҳисобланмайди. Чунки, бу киши Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг тириклик вақтларида исломга кирган бўлса-да, у зотни айнан тириклик чоғларида кўра олмаган. Шунингдек, кофир ҳолида Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни учратган, бироқ у зотнинг вафотларидан кейин мусулмон бўлган киши ҳам саҳобий ҳисобланмайди[8]. Демак, Расулуллоҳ билан учрашув у зот тириклик вақтларида бўлиши лозим. Масалан, Абдуллоҳ ибн Соид Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни кўрган, гаплашган, аммо тириклик вақтларида исломга кирмаган[9]. Бундан ташқари, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни тушида кўрган киши ҳам саҳобий бўла олмайди.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни кўриб, мусулмон бўлган, сўнг муртад бўлган ва ундан кейин яна исломни қабул қилганларнинг саҳобийлигини орадаги муртадлиги кетказмаслиги борасида ижмоъ қилинган. Бу тоифага Абдуллоҳ ибн Абу Сарҳ киради. Аммо Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ҳаётлик вақтларида диндан қайтиб, у зот вафот этганларидан сўнг яна исломга кирган Ашъас ибн Қайс ва Қурра ибн Ҳубайра кабиларнинг саҳобийлик даражасида қолишлари борасида ихтилоф мавжуд[10]. Чунончи, Абу Ҳанифа ва Имом Шофеъийнинг фикрига кўра муртад бўлиб, яна исломга кирган кишининг муртадлик вақтидаги амаллари ҳабата, яъни беҳуда кетганлик эътиборидан, унинг саҳобийлиги собит бўлмайди.

Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни кўриб, саҳобийлик даражасига эришган, сўнг эса муртад ҳолида ўлган Абдуллоҳ ибн Хатал, Робиа ибн Умайя, Убайдуллоҳ ибн Жаҳш, Миқёс ибн Субоба ва бошқа шу кабилар саҳобийлар қаторига киритилмайди[11].

Уламолар «фаришталардан ҳам саҳобийлар бўлганми?» деган савол хусусида ўз фикрларини билдириб ўтганлар. Масалан, Фахриддин Розий «Асрор ат-танзил» асарида фаришталарнинг гуноҳсиз эканликлари ҳамда уларга Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг Пайғамбар бўлиб юборилмаганлиги эътиборидан уларда саҳобийлик йўқ, деб таъкидлайди[12]. Кези келганда айтиш керакки, баъзи саҳобийлар фаришталарни кўриш шарафига муяссар бўлганлар. Бунга мисол қилиб Имом Муслимнинг «Жаброил ҳадиси»[13] номини олган ривоятини келтириш мумкин. Унда айтилишича Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) саҳобийлар билан масжидда ўтирганларида бир киши кириб, Пайғамбар (алайҳис-салом)га бир неча саволлар билан мурожаат қилган ва у кетгандан кейин саҳобийлар унинг фаришта Жаброил (алайҳис-салом) эканлгини билганлар.

Жинлардан саҳобийлар бўлгани хусусида Имом Субкий қуйидаги фикрни билдирган: «Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) инс ва жинларга Пайғамбар қилиб юборилган бўлиб, ул зотнинг Пайғамбарлик рисолати барча учун баробар эди»[14]. Шунинг учун Пайғамбар (алайҳис-салом)ни учратган ва мусулмон бўлган жинларнинг саҳобийлари бўлган. Чунки жинлар орасида имон келтирмаган кофирлари ҳам бўлган. Бунга Қуръони карим ва ҳадисларда ҳужжат-далиллар мавжуд. Бунга Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни: «Бошқа Пайғамбарлардан олти нарса билан фазилатли қилиндим”, деб ана шу олти фазилатларнинг бирида: “ …махлуқотларнинг барчасига Пайғамбар этиб юборилдим», деганларини мисол тариқасида келтириш мумкин. Бу ҳадисда келтирилган «барча махлуқотлар» иборасидан инсон ва жинлар назарда тутилган. Бундан ташқари, Қуръони каримдаги «Жин» сурасидан ҳам уларнинг Пайғамбар (алайҳис-салом) олиб келган динга муносабатини билиб олиш мумкин.

101 УЛУҒ САҲОБИЙ китоби

маълумотлари асосида тайёрланди

[1]Нуриддин Итр. Манҳаж ан-нақд фи улум ал-ҳадис. – Дамашқ: Дор ал-фикр, 1997. – Б. 116.

[2]Жазарий. Усд ал-ғоба фи маърифат ас-саҳоба. Муқаддима // таҳқиқ Али Муҳаммад ва бошқалар. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмиййа, 2008. – Б. 9.

[3]Ибн Салоҳ. Улум ал-ҳадис. – Димашқ: Дор ал-фикр, 2004. – Б. 293; Муҳаммад Ижож ал-Хатиб. Усул ал-ҳадис улумуҳу ва мусталаҳуҳу. – Байрут: Дор ал-фикр, 1981. – Б. 387.

[4]Муҳаммад Ижож ал-Хатиб. Усул ал-ҳадис улумуҳу ва мусталаҳуҳу. – Байрут: Дор ал-фикр, 1981. – Б. 387.

[5]Муҳаммад ибн Муҳаммад Абу Шаҳба. Ал-Васит фи улум ва мусталаҳ ал-ҳадис. Дор ал-маърифа, нашр этилган шаҳар ва йил кўрсатилмаган. – Б. 495.

[6]Ибн Салоҳ. Улум ал-ҳадис. – Димашқ: Дор ал-фикр, 2004. – Б. 293.

[7]Муҳаммад Ижож ал-Хатиб. Усул ал-ҳадис улумуҳу ва мусталаҳуҳу. – Байрут: Дор ал-фикр, 1981. – Б. 387.

[8]Муҳаммад ибн Муҳаммад Абу Шаҳба. Ал-Васит фи улум ва мусталаҳ ал-ҳадис. Дор ал-маърифа, нашр этилган шаҳар ва йил кўрсатилмаган. – Б. 491.

[9]Абдулбоқи ибн Қони. Мўъжам ас-саҳоба. – Қоҳира: Мактаба ал-ғурабо ал-асарийя, 1998. – Ж. 1. – Б. 2.

[10]Қаранг: Муҳаммад ибн Муҳаммад Абу Шаҳба. Ал-Васит фи улум ва мусталаҳ ал-ҳадис. Дор ал-маърифа, нашр этилган шаҳар ва йил кўрсатилмаган. – Б. 491.

[11]Саховий. Фатҳ ал-муғис. – Риёз: Мактаба дор ал-минҳож, 2005. – Ж. 4. – Б. 17.

[12]Жазарий. Усд ал-ғоба фи маърифат ас-саҳоба. Муқаддима // таҳқиқ Али Муҳаммад ва бошқалар. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмиййа, 2008. – Б. 12.

[13]Нававий. Арбаин. – Қоҳира: Дор ас-салом, 2007. – Б. 5-6.

[14]Жазарий. Усд ал-ғоба фи маърифат ас-саҳоба. Муқаддима // таҳқиқ Али Муҳаммад ва бошқалар. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмиййа, 2008. – Б. 13.