Саҳобийлар мартабаси

86

Аҳли сунна вал-жамоа эътиқодига биноан саҳобийларнинг энг улуғи Абу Бакр Сиддиқдир, бу зотдан кейинги ўринларда Умар ибн Хаттоб, Усмон ибн Аффон ва Али ибн Абу Толиб (р.а.) ҳисобланади. Баъзилар Али (р.а.)ни Усмон (р.а.)дан олдинги ўринга қўядилар. Имом Дорақутний бу борада қуйидагича фикр билдирган: «Ким Усмондан олдин Алини қўйса, у муҳожир ва ансорларнинг устидан мазах килган бўлади». Мазкур кетма-кетлик ақида китобларида ҳам ўрин олган[1].

Хулафои рошидунлардан сўнг “ашараи мубашшара”га (жаннат билан башорат берилган ўн киши) кирувчи яна олти саҳобий – Абдураҳмон ибн Авф, Саъд ибн Абу Ваққос, Зубайр ибн Аввом, Талҳа ибн Убайдуллоҳ, Абу Убайда ибн Жарроҳ, Саъд ибн Зайд, кейин Бадр жанги қатнашчилари, сўнг Уҳуд жанги қатнашчилари, сўнг Ҳудайбия байъати иштирокчиларининг мартабалари юқорилиги манбаларда келтириб ўтилган.

Аёл саҳобиялар орасида энг улуғлари Хадича бинт Хувайлид ва Оиша бинт Абу Бакр (розияллоҳу анҳумо) ҳисобланади. Чунончи, Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Али (р.а.) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг: «Марям бинт Имрон (ўз замонасидаги) аёлларнинг энг яхшиси, Хадича бинт Хувайлид эса (ўз замонасидаги) аёлларнинг энг яхшиси»[2], деганларини эшитганман, деган. Шунингдек, бошқа ҳадисларда ҳам Хадича (р.а.)нинг энг яхши саҳобия экани ҳақида маълумотлар келган.

Аёл саҳобиялар ичида Оиша (р.а.) энг илмли экани билан ажралиб туриши эътироф этилган. Айни дамда, энг кўп ҳадис ривоят қилган аёл ҳам айнан Оиша (р.а.) ҳисобланади.

101 УЛУҒ САҲОБИЙ китоби

маълумотлари асосида тайёрланди

[1]Абу Ҳанифа. Ал-Фиқҳ ал-акбар // нашрга тайёрловчи ва таржимон А.Мансур. – Т.: ТИУ нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2006. – Б. 13.

[2]Муҳаммад ибн Муҳаммад Абу Шаҳба. Ал-Васит фи улум ва мусталаҳ ал-ҳадис. Дор ал-маърифа, нашр этилган шаҳар ва йил кўрсатилмаган. – Б. 499.