Саҳобийларни таниб олиш усуллари

101

Кишининг саҳобий эканини қандай билиш хусусида ҳам кўплаб изланишлар олиб борилган. Натижада, бирор кишини “саҳобий” деб аташ учун қуйидаги тартиблар ишлаб чиқилган[1]:

  1. Унинг саҳобийлиги мутавотир, яъни бир-бирлари билан ёлғонга келишиб олмайдиган даражада кўп кишилар томонидан ривоят қилинган бўлиши. Масалан, тўрт халифа, Саъд ибн Зайд, Талҳа ибн Убайдуллоҳ, Зубайр ибн Аввом, Саъд ибн Абу Ваққос, Абдураҳмон ибн Авф ва Абу Убайда Омир ибн Жарроҳ каби саҳобийлар, аёллардан Хадича ва Оиша.
  2. Кишининг саҳобийлиги мутавотир даражасида бўлмаса-да, машҳур ривоятларда келиши. Масалан, Зимом ибн Саълаба, Уккоша ибн Миҳсан, Салама ибн Аква, Солим ибн Қайс, Муовия ибн Ҳакам Суламий, Хирбоқ ибн Амр, Зубоата бинт Зубайр ва Барира каби.
  3. Машҳур саҳобий томонидан бошқа бир кишининг саҳобий экани таъкидланиши. Абу Мусо Ашъарий халифа Умар (р.а.) даврида Исфаҳон шаҳрида вафот этган Ҳамама ибн Абу Ҳамама Давсийнинг Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан ҳадис эшитганига гувоҳ бўлгани бунга мисол бўлади. Шунингдек, Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Баро ибн Озиб (р.а.): «Пайғамбар (алайҳис-салом) Уҳуд куни камончи мерганларга Абдуллоҳ ибн Жубайрни бошлиқ қилиб қўйдилар», деганидан Абдуллоҳ ибн Жубайрнинг саҳобий бўлганини билиб олиш мумкин.
  4. Бир кишининг саҳобийлиги ҳақида ишончли ва катта тобеъийларнинг хабар бериши. Бунинг шарти шуки, етиб келган хабар ишончли бўлиши ва тобеъийнинг ўз илм-маърифати билан танилган бўлиши керак.
  5. Адолатли ва ишончли киши Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни кўргани ёки у кишидан ҳадис эшитганини даъво қилган бўлса, унинг саҳобийлиги ҳам қабул қилинади.

Уламолар Пайғамбар (алайҳис-салом) вафотларидан юз йил ўтгандан кейин яшаган кишиларнинг саҳобийлик даъволарини қабул қилмаганлар. Чунки Имом Бухорий, Имом Муслим ва бошқа кўплаб муҳаддислар ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ: «Бугун бирор-бир тирик инсон йўқки, юз йил ўтгандан сўнг ҳаёт бўлса», деганлар. Шунга биноан 110/728 йилгача уламолар томонидан саҳобийларнинг яшашлари мумкин бўлган давр сифатида эътиборга олинади[2].

101 УЛУҒ САҲОБИЙ китоби

маълумотлари асосида тайёрланди

[1]Саховий. Фатҳ ал-муғис. – Риёз: Мактаба дор ал-минҳож, 2005. – Ж. 4. – Б. 26.

[2]Саховий. Фатҳ ал-муғис. – Риёз: Мактаба дор ал-минҳож, 2005. – Ж. 4. – Б. 78.