САМОВИЙ КИТОБЛАРДАГИ БАШОРАТ (ўқинг ва тингланг)

217

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) 12 ёшга тўлганларида амакилари Абу Толиб билан тижорат карвонида сафарга чиқадилар. Карвон Бусро деган жойга етиб борганида Буҳайро исмли роҳибига йўлиқадилар. У Инжил илмини пухта билган, насронийларнинг ишларидан хабардор киши эди. Ўша ерда Буҳайро Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га кўзи тушиб қолди ва озгина ўйлаб ва у зот билан гаплашиб Абу Толибга юзланди ва ўрталарида шундай суҳбат бўлиб ўтди:

– “Бу бола сенинг киминг бўлади?
– Ўғлим (Абу Толиб Пайғамбаримизни қаттиқ яхши кўргани сабаб “ўғлим” деб чақирар эди).
– Бу сени ўғлинг эмас, унинг отаси бўлмаслиги керак!
– У менинг жияним.
– Отасига нима қилган?
– Онасида ҳомилалик вақтида ўлиб кетган.
– Тўғри айтдинг. Уни ўз шаҳрига қайтиб олиб бор, яҳудийлардан ҳимоя қил. Агар уни шу ерда кўриб қолсалар унга зарар етказиб қўядилар. Бу жиянинг учун “улуғ иш” мавжуд.

Абу Толиб У зотни тез Маккага олиб қайтди (Ибн Ҳишомнинг сийратидан қисқартма).

Буҳайронинг Расулуллоҳ ҳақларида айтган гаплари яҳудий ҳамда насронийлар Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни пайғамбар этиб юборилишлари ва унинг аломатлари ҳақида хабардор эканларини кўрсатади. (Ушбу ҳадисни бутун сийрат уламолари келтирган бўлиб, уни Имом Термизий Абу Мусо Ашъарийдан батафсил ҳолда ривоят қилган). Улар буни Таврот ва Инжилдаги охирги замонда юборилажак пайғамбар ҳақидаги маълумотлар, унинг аломатлари ва сифатларидан билганлар. Бунга эса жуда кўп далиллар мавжуд. Улардан бири, сийрат уламолари ривоят қилишича, яҳудийлар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) пайғамбар қилиб юборилишларидан аввал Авс ва Хазраж қабилаларига қарши У зотни ўзларига ёрдамчи қилиб кўрсатардилар ва айтардиларки: “Яқинда бир пайғамбар келади. Биз унга эргашамиз ва у билан сизларни худди Од ва Ирам қавмлари сингари қириб ташлаймиз”. Улар аҳдларини бузганларида Аллоҳ улар шаънида қуйидаги оятни нозил қилди:

Қачонки, уларга Аллоҳ ҳузуридан ўзларидаги нарсани (Тавротни) тасдиқ этувчи Китоб (Қуръон) келганида, илгари кофирларга қарши (худди шу китоб воситаси билан) ёрдам сўраб юрар эдилар. Ўзларига таниш зот (Муҳаммад) келганда, уни инкор этдилар. Кофирларга Аллоҳнинг лаънати бўлсин! (Бақара, 89)

Имом Қуртубий ва бошқалар ривоят қилишича, Аллоҳ таоло: Биз китоб берган ўшалар у (Муҳаммад)ни худди ўз фарзандларини танигандек танийдилар ва улардан бир гуруҳи била туриб, (китобларидаги) ҳақиқатни сир тутадилар (Бақара, 142), ояти нозил бўлганда Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) Абдуллоҳ ибн Саломдан: “Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни худди ўғлингни танигандек танийсанми?”, деб сўрадилар. У: “Ҳа, балки ундан ҳам кўпроқ. Аллоҳ Жаброил (алайҳис-салом)ни Мусо (алайҳиссалом)га Расулуллоҳнинг сифатлари ила юборди. У зотни шундай таниганман. Ўғлимга келсак, онасидан нима дунёга келишини ҳам билмасдим”, деб жавоб берди. Салмони Форсий (розияллоҳу анҳу)нинг ҳам исломга киришларига сабаб Инжилдаги ҳамда роҳиблар ва самовий китоблар олимларидан эшитган Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳақларидаги хабарлар ва У зотнинг сифатларини кўп ўргангани бўлган.

Лекин кўпгина аҳли китобларнинг бу хабарни инкор қилишлари ва инсонлар орасида тарқалган инжилларда Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) номларига ишора йўқлиги юқоридаги маълумотларга зид эмас. Очиқ ойдин маълумки, ушбу китоблар ўзгартириш, алмаштириш ишларини бошидан ўтказган. Аллоҳ таолонинг Ўзи бу ҳақида баён қилади:

Уларнинг ичида ёзувни билмайдиган, фақат хаёлот билан гумонсирабгина юрадиган омилари ҳам бор, албатта. Аммо ўз қўллари билан ёзувни битиб, сўнгра уни арзимаган баҳога сотиш учун: «Бу (китоб) Аллоҳ ҳузуридандир», – дейдиган кимсаларнинг ҳолига вой! Бас, ўз қўллари билан ёзганлари ҳам, топган (фойда)лари ҳам ўзларига фалокат бўлур. (Бақара, 78-79).

Манба: Рамазон Бутий. Фиқҳус сийра. 77-бет.