Шайх Аҳмад Муҳаммад Тоййиб

79

Ҳозирда мусулмон оламидаги энг машҳур олийгоҳ –  Мисрдаги Ал-Азҳар университети ҳамда Ал-Азҳар мажмуаси шайхи лавозимида фаолият юритаётган Шайх Аҳмад Муҳаммад Тоййиб 1946 йил 6 январда Миср Араб Республикасининг Луксор муҳофазасида таваллуд топган.

1969 йилда Ал-Азҳар университети бакалавриатини тамомлаган. 1971 йилда шу ерда магистрлик ва 1977 йилда эса PhD илмий даражаларини қўлга киритган. 1977-1978 йилларда Париж Университетида 6 ойлик курсда таҳсил олиб қайтгач, ал-Азҳар университетида, Асвонда Исломий Тадқиқотлар факультети декани лавозимларида фаолият олиб борган.

1999-2000 йилларда Покистон пойтахти Исломободдаги Халқаро Ислом Университети Илоҳиёт факультетида ҳам ишлаган. Шайх Аҳмад Тоййиб турли саналарда Қатар, Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари олийгоҳларида ҳам маърузалар ўқиган. 2002-2003 йилларда Миср бош муфтийси бўлган Шайх Аҳмад Тоййиб 2003 йилдан 2010 йилгача ал-Азҳар университети ректори лавoзимида фаолият олиб борган. 2010 йилда эса ал-Азҳар шайхи этиб тайинланган.

Сўнгги йилларда Мисрда рўй бераётган сиёсий тартибсизликлар давомида Шайх Аҳмад Тоййиб ўрта йўлни тутиб, исломдан сиёсий мафкура сифатида фойдаланишга уринаётгани учун “Мусулмон биродарлари” ғояларига қарши курашиб, диний вазиятни тинч йўл билан ҳал қилиш борасида кўплаб ташаббуслар кўрсатмоқда.

Қайд этиш лозимки, 2018 йил 10 октябрда Шайх Аҳмад Муҳаммад Тоййиб бошчилигидаги Миср делегацияси Ўзбекистонга ташриф буюрди. Ташриф давомида бир қатор учрашувлар ўтказилиб, икки ўртадаги алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилувчи кўплаб келишувлар имзоланди.