Шайх Муҳаммад Тақий Усмоний

104

“Кишининг ўзгалар қалбида топган ҳурматини ҳеч нарса хасислик каби йўқ қилиб юбора олмайди”.

    Шайх Муҳаммад Тақий Усмоний ибн Муҳаммад Шафиъ Усмоний замонамизнинг буюк ҳанафий, мужтаҳид олимларидан бири бўлиб, у кишининг насаби Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуга бориб етади. Тақий Усмоний 1943 йил 5 октабрда Ҳиндистоннинг Саҳаронфур вилоятида туғилган. 1948 йилда, беш ёшида отаси Муҳаммад Шафиъ раҳматуллоҳи алайҳ билан Покистонга кўчиб ўтган.

  Аллома дастлабки таълимни отасидан олган. “Дору-л-улум Карачи” (Карачи дорулфунуни)га асос солинганидан кейин ўқишни ўша ердаги мактабда давом эттирган. 1959 йили 16 ёшида Тақий Усмоний мазкур таълим даргоҳини имтиёзли диплом билан тугаллаган. Шундан сўнг, Карачи университетининг “Ҳуқуқ, иқтисод ва сиёсат” йўналиши бўйича ўқишга кириб, бу ерни 1964 йил тамомлаган. Сўнгра, 1967 йилда айни таълим муассасасининг “Ҳуқуқ” йўналиши бўйича магистратура бочқичини тамомлаган. Мазкур таълим босқичларини тугатгач, олим Панжоб университетининг “Араб тили” факультети магистратурасига кирган ва бу ерни 1970 йил тугатган.

   Аллоҳ таоло Тақий Усмонийни етук олим бўлиб шаклланиши учун жуда қулай имкониятлар берган. Чунки, у зиёли оилада туғилиб, ўз даврининг машҳур олимларидан, шайхлари ва муршидларидан таълим-тарбия олган. Шунингдек, исломий илмлар билан бир қаторда, дунёвий илмларни ҳам ўқиб ўрганган. Бундан ташқари, турли халқаро конференциялардаги иштироки, халқаро ташкилотларга аъзо бўлиши ислом дунёсига танилишига сабаб бўлган.

  Тақий Усмонийнинг ҳаёти таълим-тарбия, китоб ёзиш ва фатво бериш билан узулуксиз боғланган. “Дору-л-улум Карачи”да магистратура босқичида талабаларга замонавий илмлар, фиқҳ ҳамда фатво бериш услубларидан дарс беради. Шунингдек, у АҚШ,  Буюк Британия ва бошқа Европа давлатларида илмий маърузалар ўтказиб туради. Унинг дарсларида нафақат мусулмонлар, балки бошқа дин вакиллари ҳам фаол иштирок этадилар.

    Тақий Усмоний ислом иқтисоди бўйича дунёда етук мутахассис бўлиб, исломий банк соҳасига доир ташкилотларда фаолият олиб боради. Жумладан, 1991 йилда у Покистон Ислом иқтисодиёти маркази раиси, Жиддада Саудия-Америка Банкининг шаръий ҳайъати раиси, Нью-Йорк Ислом Кенгашининг шаръий қўмитаси раиси, Лондон ҲСБC банкининг Халқаро ислом инвестицияси шаръий қўмитаси раиси, Баҳрайн Cитй банкининг шаръий қўмитаси раиси вазифаларида фаолият олиб борган.

  Ҳозирда Тақий Усмоний “Дорул-улум Карачи” университети ректори ўринбосари (1974 йилдан буён), шунингдек, Ислом олами бирлиги қошидаги Ислом фиқҳи академияси, Европа фатво ва тадқиқот Қўмитаси ва бошқа кўплаб ташкилотларнинг раиси ва аъзоси сифатида фаолият олиб боради.

    Шайх Муҳаммад Тақий Усмоний Қуръони Каримни инглиз ва урду тилларига таржима қилган. “Саҳиҳи Муслим”ни олти жилдда араб тилида шарҳлаган. У урду ва инглиз тилларида чоп этиладиган ойлик «Albalagh» журналининг бош муҳаррири. Унинг 45 йил давомида ёзган фатволари 4 та катта жилдда нашр этилган. Шайх ҳозирга қадар араб, инглиз ва урду тилларида 80 дан ортиқ китоблар таълиф этган. Унинг энг машҳур асарлари қуйидагилардир: “Такмилату фатҳи-л-мулҳим”, “Буҳус фи қазоё фиқҳия муъосаро”, “Аҳкому-з-забҳ”, “Ма ҳия-н-насрония”, “Улуму-л-Қуръон ва усулу-т-тафсир”, “Асан никиян”, “Ислоҳи хутубот”, “Ислоҳи мажалис” ва “Маканату-т-тақлид фи мизони-ш-шаръия”, “Инъому-л-борий”, “Дарси Термизий”, “Фатаво Усмоний” ва бошқалар. Сўнги таълифотларидан бири “Савдо фиқҳи” китоби бўлди. Шайх Тақий Усмоний ҳозирда 300 жилд бўлиши мўлжалланган “Ҳадис энциклопедияси” устида иш олиб бормоқда.