ТАСАВВУФ АНЪАНАЛАРИГА ЗИД ҚАРАШЛАР

107

Суфийлик тариқатларининг асосини инсонни комилликка етказиш, одобу ахлоқда мукаммал бир босқичга эришиш, шариат шартларини бажаришда тўғри  ихлос ҳосил қилиш, таъқиқланган нарсалардан ўзини тийиш каби гўзал хулқлар билан зийнатланиш ташкил этади. Сир эмаски, бу борада суфийлик тариқати халқимизнинг маънавий юксакликка эришишида беқиёс хизмат қилиб келган.

Тасаввуф таълимоти узоқ даврлар мобайнида халқни ягона мақсад атрофида бирлаштирган, жамиятнинг турли табақалари ўртасида дўстлик, биродарлик ришталарини илдиз отишига замин яратган. Ҳозирги пайтда дунёнинг кўп мамлакатларида Баҳоуддин Нақшбанд ва нақшбандия тариқати катта нуфузга эга. Чунки, мазкур тариқатда ислом шариати мезонлари бузилишига йўл қўйилмай, чин инсоний фазилатларни илгари сурган. Лекин, афсуски, кейинги йилларда айрим шахслар тариқатларни мансаб, мол-дунё орттириш, муридбозликка айлантириб олдилар.

Бугунги кундаги тариқатчиларнинг ўзига хос жиҳатларидан бири шундаки, улар ўз издошларининг мунтазам кўпайиб бориши ва ўз етакчиларини (“пир” ёки “эшон”ларини) идеал шахс сифатида кўрсатишга интиладилар. Шунингдек,зикр амалиётларини ўргатадиган, тариқатчиликка тарғиб этувчи қўлланмаларни дин асосларини яхши билмайдиган, шариат қонун-қоидаларини тушуниб улгурмаган аҳоли орасида тарқатмоқдалар. Ушбу қўлланмаларга бардавом амал қилинса, кишининг жаннатга тушиши муқаррарлиги уқтирилади. Тариқат пирларининг зиёратгоҳларни таъмирлашда, маиший хизмат кўрсатиш шаҳобчалари қурилишида ҳамда шу каби ободонлаштириш ишларида иштирок этиши ҳам мусулмон аҳоли орасида уларнинг нуфузи ошиб боришига ва тарафдорлари кўпайишига олиб келмоқда.

Абдулқодир Гийлоний ўзларининг “Сиррул асрор” китобларининг 23 фасли “Тасаввуф аҳли хусусининг баёни” бобида Тасаввуф аҳлини иккига бўлади: Аввалги гуруҳ – “суннийлар”, иккинчиси эса “бидъат аҳли” деб тилга олинади. Биринчи тоифа сўзда, амалда, шариат ва унинг маъноси бўлган тариқатда тамоман қоимдир. Уларни “аҳли сунна вал жамоа” номи билан атайди. Бидъатчилар тоифаси сирасига шариат ва тариқатга мос тушмаган ишларни қилишга одатланганларни киритади[1].

Айрим кишилар суфийлик даъвоси остида на шариатга на тариқатга мос бўлмаган, ҳатто мусулмонларнинг ҳам ғашини келтирадиган ишлар билан шуғулланмоқдалар.  Улар: “Тариқатга киришни ҳар бир киши учун фарз”, – деб биладилар, аслида бу масала ақидада кўрилмаган. Буни тушунмаган авом одамлар “фарз экан деб”, билмасдан ботил тариқатларга кириб кетмоқдалар ва натижада, нафл намозларини жамоат жойларида риёкорона бажариб, ўзларини тақводор кўрсатишга ҳаракат қиладилар. “Ханафий” фиқхи уламолари масжидда ва жамоат жойларида нафл намозларини адо қилиш карих амаллардан эканини билдирганлар. Қолаверса, бу риёкорликдир. Пайғамбаримиз ҳадисларида: “Кичик ширкдан сақланинглар деганларида, кичик ширк нима деб савол берилган ва пайғамбаримиз кичик ширк риёдир дедилар”, – деган маълумотлар бор.

Ботил тариқат даъвогарлари , “тариқатга кирган одамнинг қазо намозлари соқит”, дейишади. Бу масала ҳам “Ханафий” мазҳаби уламоларининг фатволарига зиддир. Ҳеч қайси бир нарса инсонни зиммасида фарз бўлган хукмлардан озод қила олмайди. Бунга ҳеч қандай фиқхий китобларимизда далил йўқ.

Ҳар қайси тариқат издошлари ўз йўналиши намоёндалари билан алоҳида гуруҳ бўлиб, одамларга қўшилмаслик ҳолатлари, уларни менсимасликлари, баъзи холатларда ўзларини бошқалардан афзал кўрсатишлари риёкорликнинг аниқ мисолидир. Бу нарса бошқа намозхонларни ҳакли норозиликларига сабаб бўлади.

Айрим масжидларда сохта “суфийлар” масала талашиб, одамлар билан бақир-чақир қилиб жанжаллашишлари, нафақат аҳли тасаввуф шаънига, балки мусулмоннинг шаънига ҳам доғдир.

Энг ачинарлиси, таркидунёчилик кайфиятининг устунлиги, пирларни ҳаддан зиёд улуғлаш, ибодат маросимларида ихтилофли масалаларга берилиб кетиш ҳолатлари, эътиборни жалб қиладиган кийимда юриш орқали бошқалардан ажралиб туришга уриниш, ёш, меҳнатга лаёқатли йигитларнинг “пир”лар этагидан тутиб ижтимоий ҳаётдан узилиб қолиши, оилаларини тарк этиб, эртаю кеч пир хизматига ўзини бағишлаши каби ҳолатлар кўплаб кузатилмоқда.

Бундан ташқари тариқатчилар фаолияти туфайли ижтимоий низоларга сабаб бўлаётган ҳолатлар ҳам кам эмас. Мисол тариқасида айтиш мумкинки, тариқатда бўлмаганларга нисбатан паст назар билан қараш кайфиятининг устунлиги, илм олишга бўлган рағбатнинг сусайиши – гўёки “кўпгина авлиёлар ўқимасалар ҳам катта мақомларга етишганлар” қабилида иш тутиш, оилали тариқатчилар оилаларининг таъминотини “Аллоҳга таваккал” қилиб, пирдан вазифа олганлик баҳонасида оила моддий таъминотидан бош тортиш, замонавий маданият ва тараққиёт ютуқларига салбий муносабатда бўлиш, оддий халқ билан мулоқот қилмаслик, телевизор, радио каби ахборот воситаларидан фойдаланишни таъқиқлаш, бошқа дин вакилларига нисбатан тоқатсизлик кўринишлари

Бу тоифаларнинг айримлари уйларида ота-оналари, турмуш ўртоғи, фарзандлари ва бошқа яқинларига ўз қарашларини мажбуран сингдиришга ҳаракат қилишлари натижасида оилада келишмовчиликлар келиб чиқишига ҳам сабаб бўлмоқда.

Шунинг учун ҳам тасаввуфнинг асл ғоялари акс этган асарларни тадқиқ этиш ва юзага чиқариш исломшунослар олдида турган муҳим вазифалардан биридир. Зеро, ҳозирда тасаввуф таълимотининг нохолис талқини юртдошларимиз орасида “тариқатчилик” иллатининг ёйилишига дастак бўлмоқда. Ўзбекистон ҳудудидаги замонавий тариқатлар гарчи маънавий қадрият, анъана ва маросимлар ҳамда миллий маданиятга содиқликни намойиш этсада, аввалги қиёфасидан бирмунча фарқланади. Айниқса, узоқ хориждан “экспорт” қилинаётган ва аҳоли ўртасида тарқатилаётган ноанъанавий тасаввуф таълимотлари жиддий ташвиш уйғотмоқда.

Глобал дунёда ўз издошлари сонини жаҳон миқёсида муттасил равишда ўстириб бораётган тасаввуф муайян кўринишда трансформацияга учраб бормоқда. Транснационал уюшмаларга айланиб бораётган тариқатларнинг глобаллашув шароитида ўз аъзолари сонини кўпайтиришда қўллаётган услуб ва воситаларидан Ўзбекистондаги анъанавий ва ноанъанавий тариқатларнинг аксарияти бирқадар йироқ. Аммо шуни унутмаслик керакки, бугунги кунда Мовароуннаҳр заминида вужудга келган тариқатлар дунё миқёсида фаолият кўрсатиб, глобаллашув шароитида Ғарб ва Шарқдаги мусулмон жамоаларининг диний, маданий ва сиёсий ҳаётида тобора катта ўрин эгаллаб бормоқда. Шу жиҳатдан ҳам юртимиз тасаввуфи тарихи ва бугунги кунини қиёслаб ўрганиш, унда кечаётган жараёнларни яқиндан кузатиб бориш ва илмий асосланган хулосалар бериш муҳим ҳисобланади. Зеро, ХХ асрнинг 90-йилларидан бошлаб Марказий Осиёдаги тасаввуфнинг қайта тикланиш жараёнлари ва ҳозирги ҳолати борасида олиб борилган айрим “юзаки” ғарб тадқиқотлари хорижда нохолис қарашларни шакллантирган. Бинобарин хорижда Мовароуннаҳр тасаввуфига қизиқиш ҳамон юқори.

Мовароуннаҳр тасаввуфи мусулмон мамлакатлари ижтимоий-маънавий ҳаётига чуқур кириб борди, фан, маданият ва адабиёт ривожига катта ижобий таъсир кўрсатганини мутахассислар ҳам қайд этганлар. Тасаввуфий қарашларнинг яхлит таълимотга айланиб, ислом ўлкаларига кенг ёйилиши ва кишилар ҳаётида муҳим воқеъликка айланишида мовароуннаҳрлик Ҳаким Термизий, Абу Бакр Колободий, Азизиддин Насафий, Абдухолиқ Ғиждувоний, Хожа Муҳаммад Порсо, Яъқуб Чархий, Сўфи Оллоёр ва бошқа тасаввуф олимларининг араб, форс ва туркий тилларда битган асарлари ислом оламида ҳозирга қадар эъзозланади. Шуни алоҳида қайд этиш зарурки, ўрта асрларда энг кенг тарқалган уч тил – араб, форс ва туркийда асарлар бита олиш малакаси асосан Мовароуннаҳр уламоларида шаклланган. Зеро, минтақа аҳолисининг талаб ва эҳтиёжи ҳам айнан шуни тақозо қилган эди.

Диёримиздан чиққан Термизийлар, Бухорийлар, Самарқандийлар, Насафийлар, Шошийлар, Уструшанийларнинг илмий меросида соғлом тафаккурга эга, маънан ва жисмонан баркамол авлод тарбиясига эътибор доимо юқори бўлган. Алломаларимиз меросида фарзандни жисмонан бақувват, ақлан заковатли, одоб-ахлоқли қилиб тарбиялашнинг йўллари илмий асослар, ҳаётий тажриба, муайян қарашлар тизимида чуқур таҳлил қилинган. Мана шу каби хусусиятлар билан бир қаторда фарзанд тарбиясида бағрикенглик, динийлик ва дунёвийлик масалаларида мувозанат ҳиссини шакллантириш масаласига ҳам алоҳида урғу берилган. Марказий Осиё тасаввуфи ва тариқатчлик ўртасидаги номутаносиблик айнан ўша улкан илмий мерос ва анъанавийликдан узоқлашишнинг натижасидир.

Туйчиева Нилуфар

Тошкент ислом университети

Исломшунослик илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

[1] Шайх Саййид Абдулқодир Гийлоний. Сиррул асрор. –Тошкент. 2015. Мовароуннаҳр. –Б.145.