БАҒРИКЕНГЛИК, ЎЗАРО АНГЛАШУВ, БИРДАМЛИК ВА ТОТУВЛИК

212

Бугун Ўзбекистон халқаро ислом академиясида Ўмон Султонлигининг юртимиздаги элчихонаси ташаббуси билан “Бағрикенглик, ўзаро англашув, бирдамлик ва тотувлик” мавзусидаги кўргазманинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда Ўмон Султонлигидан келган “Ўмон ислом рисоласи” кўргазмаси ташкилотчилари, юртимиздаги кўплаб нуфузли ташкилот ва элчихоналар масъуллари ҳамда академия профессор-ўқитувчилари, талаба-ёшлар иштирок этди.

Анжумани Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори  Ш.Ёвқочев кириш сўзи билан очар экан, бундай нуфузли тадбирлар халқлар ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлаши диний бағрикенгликни қарор топтиришга хизмат қилиши ва айни дамда юртимиздаги барча соҳаларнинг ривож топишида ҳам муҳим ўринга эга эканини таъкидлаб, Ўмон Султонлигидан мамлакатимизга ташриф буюрган ва анжуманда қатнашаётган барча меҳмонларни табриклади ҳамда кўргазма ишига муваффақият тилади.

     Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари М.Комилов, Ўмон Султонлигининг Вақф ва Дин ишлари вазири маслаҳатчиси Муҳаммад ал-Маъмарий, Ўмон Султонлигининг юртимиздаги элчиси Аҳмад ал-Қосирий, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари И.Иномов сўзга чиқиб, юртимизда диний бағрикенгликка бўлган эътибор юқори экани, ривожланган мамлакатлар билан ҳар бир соҳада ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишда, энг аввало, дўстлик ва ҳамфикрлик асосида иш юритилаётганини алоҳида қайд этди. Бундай эзгу ишларнинг, албатта, бардавом бўлиши учун янада саъй-ҳаракатларни ривожлантириш халқларимиз ҳаёти учун муҳим аҳамияткасб этиши таъкидлаб ўтилди.

Ўз навбатида мартабали меҳмонлар ҳам юртимиз билан диний бағрикенглик борасида ҳамжиҳат, ҳамфикр бўлганликларидан мамнун эканлигини билдирдилар.

Тадбир давомида Ўмон Султонлигидан ташриф буюрган кўргазма ташкилотчилари томонидан бадиий-маърифий чиқишлар намойиш қилинди. Айниқса, кўргазма ташкилотчиларининг экран орқали танловга тақдим этилган суратларнинг ҳавола этилгани барча иштирокчилар эътирофига сазовор бўлди. Айнан суратларда диний бағрикенгликни кенг тарғиб этиш, тинч-тотув ҳаётнинг қадрини билиш, доимо эзгуликка ҳамроҳ бўлишга ундовчи таъсирчан суратлар билан бирга икки мамлакат рамзи келтирилиб, ўзаро яқин ҳамкорликни ривожлантириш ғоялари акс эттирилди.

Шунингдек, анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Дин ишлари қўмитаси ҳамда Ўмон Султонлиги делегацияси томонидан тадбирни қўллаб-қувватлагани учун академияга эсдалик совғалари топширилди.

“Бағрикенглик, ўзаро англашув, бирдамлик ва тотувлик: Ўмон ислом рисоласи” номли кўргазмада Ўмон Султонлиги ҳақидаги расмлар, соя санъати намойиши, араб хаттотлик санъати, Султонликнинг маданияти, китоблар ва фотолавҳалар ўрин эгаллаган. Тадбирнинг яна бир эътиборли жиҳати, академияда Ўмон Султонлигининг ўқув хонаси ҳам ташкил этилди. Шунингдек, ҳар йили икки нафар талаба-ёшнинг Ўмон Султонликда ўқиши учун грант ажратилиши хусусидаги янгилик барча талабаларда қизиқиш уйғотди.

“Бағрикенгликни тарғиб қил!” мавзусидаги кўргазма иши 25 октябрь кунигача давом этади. Барча қизиқувчиларни кўргазмага таклиф этамиз.