Носирул-мулк масжиди

269

Дунё масжидлари туркумидан: Носирул-мулк масжиди

  Бугунги кунда дунёнинг турли минтақаларида минглаб масжидлар фаолият юритмоқда. Уларнинг ҳар бирининг қурилиши ўзига хос бўлиб, унда жойлашган ҳудуд ва халқнинг маданияти ҳамда меъморчилик анъаналари ўз ифодасини топади. Улар сирасида тамомий ўзига хослик касб этадиганлари ҳам бўлиб, Эроннинг Шероз шаҳрида жойлашган “Носирул-мулк масжиди” шулар жумласидандир.

Мазкур масжид тарихда “Ранглар масжиди”, “Камалак масжиди”, “Калейдоскоп масжиди” каби турли хил номлар билан аталган. Бироқ, халқ орасида кўпроқ “Пушти масжид” номи кенгроқ тарқалган.

Ушбу масжид нур ва ибодат бир-бири билан мужассам бўлган маскандир. У тонгги қуёш нурлари билан жилоланиб, турфа ранглар гўёки дарвешларнинг “самоъ рақси” каби товланади. Рангларнинг аксини масжид саҳни, деворлари, пештоқлари ва минораларида кўриш мумкин. Қуёш илк нурини таратиши билан пайдо бўлиб, минглаб капалаклар кўринишида атрофга таралган ранглар жилоси зиёратчиларнинг устларида ҳам акс этади.

Масжид Қожарлар сулоласи ҳукмронлиги даврида бунёд этилган. Қурилиш ишлари Қожар ҳукмдори Мирзо Ҳасан Али Носирул-мулк буйруғи билан 1876 йилда бошланган ва 1888 йилда тўлиқ қуриб битказилган. Унга меъморлар Муҳаммад Ҳасан ва Муҳаммад Ризо Шерозийлар бошчилик қилган.

Бугунги кунда масжид Носирул-мулк жамғарма Фонди ҳомийлигида ўз фаолиятини давом эттирмоқда.