“Дунёнинг энг нуфузли 500 мусулмони”

298

   Маълумки, Иордания Қироллиги исломшунослик стратегик тадқиқотлар маркази томонидан 2009 йилдан буён ҳар йили Абдуллоҳ Шлифер раҳбарлиги остида “Дунёнинг энг нуфузли 500 мусулмони” номли китоб нашр этиб борилади.

     Китобда бугунги кунда мусулмон оламида турли соҳалар бўйича энг катта таъсир кучига эга бўлган 500 нафар шахс ҳақида маълумотлар берилади. Қайд этиш лозимки, бунда шахснинг ижобий ёки салбий экани эътиборга олинмайди. Жумладан, китобнинг кириш қисмида таъкидланганидек: “Ушбу нашрга турли тоифадаги шахсларни киритганимиз, биз уларнинг қарашларини, позицияларини қўллаб-қувватлашимизни англатмайди. Аксинча, мазкур китобда уларнинг таъсир доирасини аниқлашга ҳаракат қилганмиз”. Шундай экан, мазкур китобда, дунё эътироф этган уламолардан тортиб, террорчи-экстремистик ташкилотларнинг етакчилари номларини ҳам учратиш мумкин.

     Китобни тузишда мусулмонлар орасидан қуйидаги 13 та йўналишда шахслар танлаб олинади:

  1. Уламолар
  2. Сиёсатчилар
  3. Диний ташкилот раҳбарлари
  4. Воизлар ва руҳий тарбия устозлари
  5. Инсонпарварлик ва хайрия соҳаси
  6. Ижтимоий соҳа ходимлари
  7. Бизнесменлар
  8. Фан ва техника соҳасидагилар
  9. Санъат ва маданият ходимлари
  10. Ҳофизи Қуръонлар
  11. Оммавий ахборот воситалари вакиллари
  12. Машҳур шахслар ва спорт юлдузлари
  13. Террорчи ва экстремистлар

    Мазкур йўналишлардан дастлабки иккитаси – уламолар ва сиёсатчилар китобнинг “Топ 50” қисмини ташкил қилади. “Топ 50” дан ўрин олган шахсларга алоҳида тўхталиб, улар ҳақида батафсил маълумот берилади.

 Таъкидлаш лозимки, нуфузли мусулмонларни рақамлар кетма-кетлигида жойлаштириш фақатгина шу “Топ 50” қисми учунгина хос бўлиб, қолган 450 кишининг номи ўз соҳалари бўйича умумий тарзда қисқача изоҳ билан келтирилади.

   Юқоридагилар билан бир қаторда, китобда ислом, хусусан ақидавий йўналишлар, фиқҳий мазҳаблар, энг кўп тарқалган тасаввуф тариқатлари, йил кишилари, мусулмон оламида содир бўлаётган муҳим ҳодисалар, кўп ўқилган китоблар ва турли статистик маълумотлар ҳам ўрин олган.

  Эътиборли томони шундаки, мазкур китобда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ҳам ўрин олганлар.

    Марказ жамоаси Сиз азизларга мазкур китобда номлари келтирилган замонамизнинг пешқадам уламолари ҳақида маълумот бериб боришни мақсад қилдик. Албатта, олимлар ҳаётини ўрганиб, уларнинг изидан боришга ҳаракат қилиш, илмларидан баҳраманд бўлиш улуғ ишлардан ҳисобланади. Зеро, ҳадиси шарифларда Пайғамбар (алайҳис-салом) таъкидлаганларидек: “Албатта, олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Пайғамбарлар динорни ҳам, дирҳамни ҳам мерос қолдирмаганлар. Улар илмни мерос қолдирганлар. Ким ўшани олса, улуғ насибани олибди”.