Қуръони каримнинг илк таржималари

289

Қуръони каримни бошқа тилларга таржима қилиш илк ислом даврига бориб тақалади. Манбаларга кўра, улуғ саҳобий Салмон Форсий (розияллоҳу анҳу)нинг ватандошлари бўлган форслар “Фотиҳа” сурасининг таржимасини ёзиб беришини сўраб, унга мактуб йўллайдилар. Салмон (розияллоҳу анҳу) форсча таржимани пайғамбар Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га кўрсатиб олганидан сўнг, уларга жўнатиб юборади. Шунга асосан Қуръоннинг илк таржимаси форсий тилда қилинган, дейиш мумкин.

Кейинги таржима эса юнон тилига бўлган. Константинополлик олим Никита Византий 855-870 йилларда ушбу таржимани амалга оширган. Сомонийлар даврида “Тафсири Табарий” форс тилига таржима қилинди. ХII асрда улуғ ватандошимиз Абу Ҳафс Умар Насафий эса Қуръони карим маьноларини форс тилига таржима қилди. 1143 йилда инглиз олими Роберт Кетененсис Қуръонни илк бор лотин тилига таржима қилди. Аста-секин Каломуллоҳ дунёнинг турли тилларига таржима қилина бошлади. 1936 йилда жаҳоннинг 102 тилидаги таржималари маълум эди.

Бугунги кунга келиб Қуръони карим маънолари немис, инглиз, француз, испан, рус, хитой, япон, турк, ўзбек каби жаҳоннинг 170 дан ортиқ тилларига таржима қилингани манбаларда зикр этилмоқда.