Ўзбекистон Республикаси «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги (янги таҳрирдаги) Қонунининг ўзига хос жиҳатлари ва диний бағрикенгликни таъминлашдаги ўрни

348

Дин ва эътиқод масалалари инсон маънавиятининг узвий қисми ҳисобланади. Мазкур масалаларнинг мазмун-моҳияти ҳақида чуқур ва асосланган билимларга эга бўлиш ҳаётий-амалий фаолиятни тўғри ташкил этишга хизмат қилади.Дин ва эътиқод масалалари инсон маънавиятининг узвий қисми ҳисобланади. Мазкур масалаларнинг мазмун-моҳияти ҳақида чуқур ва асосланган билимларга эга бўлиш ҳаётий-амалий фаолиятни тўғри ташкил этишга хизмат қилади.

Дин ва эътиқод кеча ёки бугун пайдо бўлган тушунчалар эмас. У ер куррасида ҳаёт пайдо бўлишининг дастлабки босқичидан инсониятни муайян мақсадлар сари интилишга чорлаб келган. Президентимиз Ислом Каримов таъбири билан айтганда, “Дин одамзодни ҳеч қачон ёмон йўлга бошламайди. Дин бу дунёнинг ўткинчи эканини, охиратни эслатиб туради, одам боласини ҳушёр бўлишга, ҳаром йўллардан узоқ юришга, яхши бўлишга, яхши из қолдиришга ундаб туради”. Шунингдек, дин халқларни бирлаштириш, жипслаштириш, бир мақсад сари йўналтириш орқали барқарорлик, моддий ва маънавий фаровонликни таъминлашга хизмат қилади.

Диншуносликда ҳам диннинг интеграторлик, регуляторлик, легитимловчилик ва бошқарувчилик каби ижтимоий функциялари эътироф этилади. Шунинг учун ҳам тарихда кўплаб давлатлар ва империялар ўз яхлитлигини сақлаб қолиш мақсадида одамларни ягона диний таълимот атрофида бирлаштиришга ҳаракат қилганлар. Бу, масаланинг сиёсий жиҳатлари эди. Масаланинг яна бир муҳим ¬– юридик жиҳатини ҳам эътироф этиш керак.

Ҳуқуқшуносликда динга, эътиқодга эга бўлиш ва у билан боғлиқ ҳуқуқларни амалга ошириш ҳар бир инсоннинг қонун билан мустаҳкамланган манфаатлари жумласига киради. Эътиқодий тушунчаларни таҳқирлаш, менсимаслик эса шахс табиий ҳуқуқларининг бузилишига сабаб бўлади. Чунки виждон эркинлиги кўплаб давлатлар қатори Ўзбекистон қонунчилигида ҳамда халқаро конвенцияларда ҳуқуқий кафолатланган.

Мамлакатимизда виждон эркинлигини ҳуқуқий ҳимоя қилувчи дастлабки қонуннинг пайдо бўлиши XX асрнинг 90-йилларига тўғри келади. Ўтган асрда шўро тузуми халқимиз онгу тафаккурида динни афюн ва зарарли уйдирма сифатида гавдалантиришга ҳаракат қилаётган бир паллада юртбошимизнинг кўрсатган жасорати эвазига 1991 йил 14 июнда илк бор “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун қабул қилинган эди.

Мустақилликдан кейин фуқароларимизнинг дин билан боғлиқ ҳуқуқ ва манфаатларини тўлиқ  амалга ошириш, диний ва миллий қадриятларни тиклаш соҳасида қатор ишлар амалга оширилди. Энг аввало, виждон эркинлигининг ҳуқуқий базаси мустаҳкамланди. 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституциясида «Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди», деган ҳуқуқий норма белгиланди (31-модда). Мазкур норма асосида ҳар бир шахснинг дин билан боғлиқ ҳақ-ҳуқуқлари давлат томонидан расман кафолатланди.

Шу билан бирга Ўзбекистон Республикаси демократик принципларга содиқлигининг ифодаси сифатда давлатнинг дин ва диний ташкилотлар билан ўзаро муносабатда қуйидаги принципларга амал қилишини эълон қилди:

• диндорларнинг диний туйғуларини ҳурмат қилиш;
• диний эътиқодларни фуқароларнинг ёки улар уюшмаларининг хусусий иши деб тан олиш;
• диний қарашларга амал қилувчи фуқароларнинг ҳам, уларга амал қилмайдиган фуқароларнинг ҳам ҳуқуқларини тенг кафолатлаш ҳамда уларни таъқиб қилишга йўл қўймаслик;
• маънавий тикланиш, умуминсоний ахлоқий қадриятларни қарор топтириш ишида турли диний уюшмаларнинг имкониятларидан фойдаланиш учун улар билан мулоқот қилиш йўлларини излаш зарурати;
• диндан бузғунчилик мақсадларида фойдаланишга йўл қўйиб бўлмаслигини эътироф этиш.

Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги нормаларнинг қонунчиликка киритилиши натижасида диёримизда расмий фаолият олиб бораётган барча дин вакилларига катта имкониятлар яратилди. Жумладан, мустақилликкача республикада бир неча черков ва синагогалар фаолият олиб борган бўлса, қонун қабул қилингач, дунёнинг турли минтақаларида диний ибодатларини амалга оширувчи Евангел-Лютеран жамоаси, Рим-католик черкови, “Еттинчи кун адвентистлари” диний ташкилоти, Баҳоийлар жамоаси, яҳудийлар диний жамоаси каби ўндан ортиқ диний конфессиялар юртимизда расмий фаолият юрита бошлади.

Ҳукуматимиз томонидан турли диний ташкилотларнинг ўз фаолиятларини амалга ошириш ва мамлакат ҳаётида фаол иштирок этишлари учун барча шарт-шароитлар яратиб берилди. Жумладан, Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг марказий телевидение орқали маънавий-маърифий кўрсатувларни бериб бориши, машҳур диний арбобларнинг таваллудига бағишланган анжуманларнинг кенг кўламда нишонланиши каби тадбирларни айтиб ўтиш ўринлидир. Айниқса, ҳаж ибодатини тўла-тўкис ва ҳамжиҳат ҳолда адо этишга кўмаклашиш мақсадида 30 дан ошиқ шифокорлар ва ишчи гуруҳнинг ҳожилар хизматига сафарбар қилиниши таҳсинга сазовор.

Шунингдек, Президентимиз фармонига кўра, 1903 йилда қурилган “Святая Богородица” ибодатхонасининг Арман апостол черковига топширилгани, ўз вақтида фаолияти тўхтатиб қўйилган Евангел-лютеран черкови Кирхасининг республикамизда истиқомат қилувчи немисларнинг диний эҳтиёжларини қондириш мақсадида “Видергебурт” немис маданият марказига фойдаланиш учун қайтариб берилгани ва 1996 йилнинг декабрида ушбу конфессиянинг юртимизда фаолият бошлаганининг 100 йиллигининг кенг нишонланиши ҳам, юқоридаги фикримиз исботи бўла олади.

Аммо яратилган имкониятларга қарамасдан халқимизнинг бағрикенглигини суиистеъмол қилган айрим диний оқимлар фақат диний ғоя ва ақидаларни эмас, балки сиёсий ва экстремистик мақсадларни кўзлаб иш олиб борганлари ачинарли ҳолдир. Кўп асрлардан бери ҳанафий мазҳабига эргашиб келган халқимиз учун ёт ғоя ва қарашларни ёқлаб чиқишлари баробарида ҳанафий мазҳаби йўл-йўриқлари асосида ибодат қилувчиларни менсимаслик, мазҳаб уламоларини ҳақоратлаш, дин арконларини бажармаётган шахсларни кофирликда айблаш, имомлар билан масала талашиш, бошқа мазҳаб вакилларига шаклан тақлид қилиш каби ҳолатлар кузатилди.

Хорижий давлатлардан диний ақидапарастликни тарғиб этувчи, одамларда қўрқув ва ваҳима уйғотувчи кўплаб диний адабиётлар “Ҳизбут-таҳрир”, “Акромийлар”, “Тавба”, “Адолат уюшмаси” каби экстремистик гуруҳлар томонидан оммага тарқатилиб, мамлакат барқарорлигига раҳна солишга қаратилган ҳаракатлар юзага кела бошлади.

Шу билан бирга, асосий мақсади миллат ва жамиятни диний асосда бўлиб ташлаш бўлган миссионерлик ҳаракатлари турли йўллар билан юртимизга суқулиб кира бошлаган эди. Республикамиз қонунчилигида миссионерлик фаолиятига ҳуқуқий жиҳатдан етарли даражада тўсиқнинг мавжуд эмаслиги бартараф этиб бўлмас даражада оғир оқибатларга олиб келиши мумкин эди. Бу каби ҳолатлар “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунни қайта кўриб чиқишни тақозо этарди.

1998 йил 1 май куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг ХI сессиясида “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуннинг 23 моддадан иборат янги таҳрири қабул қилинди ва бу Қонунни ишлаб чиқишда мамлакатимизнинг ўзига хос шароити, унда яшовчи аҳолининг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳамда менталитети ҳисобга олинди. Қонуннинг асосий мақсади ҳар бир шахснинг виждон эркинлиги ва диний эътиқод ҳуқуқини, динга муносабатидан қатъи назар, фуқароларнинг тенглигини таъминлаш, шунингдек, диний ташкилотларнинг фаолияти билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиб туришдан иборат.

Шунингдек, қонуннинг 3-моддасида «Динга эътиқод қилиш ёки ўзга эътиқодлар эркинлиги миллий хавфсизликни ва жамоат тартибини, бошқа фуқароларнинг ҳаёти, саломатлиги, ахлоқи, ҳуқуқи ва эркинликларини таъминлаш учун зарур бўлган даражадагина чекланиши мумкин»лиги белгиланган. Бу норма “Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро Пакт”нинг 18-моддаси 3-бандига ҳамоҳанг тарзда ишланган.

Шунингдек, БМТ Бош Ассамблеясининг “Диний тоқатсизликнинг барча шаклларини бартараф этиш тўғрисида”ги Резолюциясида ҳам бундай қоида мустаҳкамланган бўлиб, унда тинчлик ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш мақсадларида дин ёки эътиқод эркинлиги соҳасида маълум чекловларга йўл қўйилиши белгилаб ўтилган.

Миссионерлик ва прозелитизм борасидаги чекловларни айни шундай цензлар жумласига киритиш мумкин. Миссионерлар, бир неча халқаро меъёрий ҳужжатларда келтирилган “Ҳар бир инсон эътиқод эркинлиги ва уни эркин ифода қилиш ҳуқуқига эга; бу ҳуқуқ ҳеч бир тўсиқсиз ўз эътиқодига амал қилиш эркинлигини ҳамда ахборот ва ғояларни ҳар қандай восита билан, давлат чегараларидан қатъи назар, излаш, олиш ва тарқатиш эркинлигини ўз ичига олади”, деган ва шу маънодаги бошқа бандларни худди ўзлари учун айтилгандек, уларнинг фаолиятига тўсқинлик қилган мамлакатлар ва қонунларни нодемократик дея жар солишни одат қилиб олганлар. Ҳозирги кунда, кўплаб бузғунчи даъватчилар ўз структураларида миссионерлар тайёрлаш курслари, нашриётлар, минтақавий тадқиқот марказлари, молиявий таъминот марказлари билан бир қаторда, гўёки, “инсон ҳуқуқлари ҳимояси” билан шуғулланувчи, аслида эса миссионерларнинг “душман”ларини қоралашга қаратилган марказлар тузишга ҳам алоҳида эътибор бермоқдалар.

Шунга қарамай, бугунги кунга келиб бундай сохта демократларнинг аслида ким экани ҳеч кимга сир бўлмай қолди. Афсуски, замонавий миссионерлар ҳам, айрим инсон ҳуқуқлари “ҳимоячилари” ҳам бу каби ҳолатларни тушунишни истамаяптилар. Ваҳоланки, “Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида халқаро Пакт”нинг 18-моддаси 2-бандида эътиқодни ўзгартириш мажбурий хатти-ҳаракатлар билан боғлиқ бўлмаслиги, 20-моддаси 2-бандида эса душманлик ва диний ғанимликни келтириб чиқарадиган ҳаракатлар қонун билан тақиқлаб қўйилиши зарурлиги ҳақидаги қоидалар мустаҳкамлаб қўйилган.

Юқоридаги мулоҳазалардан айрим виждон эркинлиги “ҳимоячилари”нинг даъволари ортида ғаразли мақсадлар ётганини англаш қийин эмас. Бундай “демократия экспорти”нинг миллатимиз, халқимиз истиқболи ва тинч-тотув ҳаётига раҳна солишдек стратегияга қаратилгани аниқ-равшан кўриниб турибди.

Шу маънода “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуннинг 5-моддасида мустаҳкамланган бир конфессиядаги диндорларни бошқасига киритишга қаратилган хатти-ҳаракатлар (прозелитизм), шунингдек, бошқа ҳар қандай миссионерлик фаолиятини чеклаш ҳақидаги қоида юртимиз хавфсизлиги, турли дин вакилларининг тинч-тотув яшашини таъминлашга қаратилган. Чунки инсон ўз дини ва эътиқодини ўзгартириши кўп ҳолларда салбий оқибатларга олиб келади. Айниқса, бундай ҳаракатлар оқибатида оила муҳитида ота-бола, ака-уканинг юз кўрмас бўлиб кетаётганини ҳеч қандай йўл билан оқлаб бўлмайди.

Шу каби жиҳатлар ҳисобга олинган ҳолда қонунчиликда бундай ҳолатларга нисбатан жавобгарлик ҳам белгиланган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 240-моддаси иккинчи қисмида бир конфессияга мансуб диндорларни бошқасига киритишга қаратилган хатти-ҳаракатлар (прозелитизм) ва бошқа миссионерлик фаолияти учун энг кам иш ҳақининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима солиш ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлиши белгиланган бўлса, Жиноят кодексининг 2162-моддаси иккинчи қисмига асосан бундай хатти-ҳаракатлар маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилса, энг кам иш ҳақининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки олти ойгача қамоқ ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши назарда тутилган.

Қонуннинг диний адабиётларга тегишли бўлган 19-моддаси ҳам ўзгартирилди. Унга кўра, «Диний ташкилотларнинг марказий бошқарув органлари диний мақсадларга мўлжалланган буюмлар, диний адабиётлар ва диний мазмундаги бошқа ахборот материалларини Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ишлаб чиқаришга, экспорт ва импорт қилишга ҳамда тарқатишга ҳақлидир».

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 23 апрелдаги 196-сон қарори билан тасдиқланган, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита тўғрисидаги Низомнинг 7-бандига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита Республикада чиқариладиган ёки чет эллардан келтириладиган диний тусдаги маҳсулотларни (матбуот ва электрон нашрларни, аудио, видео кассеталарни, CD, DVD ва бошқа дискларни) экспертизадан ўтказади ва мазкур фаолиятни мувофиқлаштиради. Мазкур қоида орқали республика ҳудудига диний мазмундаги адабиётларнинг олиб кириш тартиби такомиллаштирилди[1].

Шунингдек, қонуннинг 19-моддасида диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган матбаа нашрлари, кино, фото, аудио, видео маҳсулотлари ва шу каби бошқа маҳсулотларни тайёрлаш, сақлаш ва тарқатиш ҳуқуқбузарлик эканлиги белгилаб қўйилди.

Кўриниб турибдики, виждон эркинлиги қонунчилиги борасидаги ислоҳотлар амалга оширилиши лозим бўлган ҳаётий зарурат ҳисобланади. Бу ислоҳотлар жамият тараққиёти билан ҳамнафас тарзда ривожланишда давом этади. Жумладан, мавжуд қонунчилик моҳиятини кенг халқ оммасига тўлақонли етказиб бериш мақсадида ваколатли давлат органлари томонидан соҳага оид қонунларга ҳуқуқий шарҳлар берилиши, фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқини таъминлашга хизмат қилувчи қонун ости ҳужжатларининг қабул қилинаётгани фикримизнинг исботидир.

Хулоса қилиб айтганда, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунни ҳаётга татбиқ этиш ва соҳага оид амалга оширилаётган ҳуқуқий ислоҳотлар натижасида диний ташкилотларни рўйхатга олиш ҳамда уларга раҳбарлик қилиш, ноанъанавий диний оқимларнинг ёйилиб кетиши олдини олиш, диний таълим тизимини такомиллаштириш, шунингдек диний адабиётларни чоп этиш ва тарқатиш каби диний ҳаёт барқарорлигини таъминлашга қаратилган вазифаларни бажариш учун замон талабларига мос ҳуқуқий механизм яратилди.

Жўраев Шукрулло Рахимович,
Исломшунослик илмий-тадқиқот
маркази катта илмий ходими


[1] Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита тўғрисида” Низоми. 2004 йил 23 апрел