ЎЗБЕКИСТОНДА ДИН СОҲАСИДАГИ ИСЛОҲОТЛАРНИНГ ЯНГИ БОСҚИЧИ

72

ЎЗБЕКИСТОНДА ДИН СОҲАСИДАГИ ИСЛОҲОТЛАРНИНГ ЯНГИ БОСҚИЧИ

Давлатимиз мустақиллиги эълон қилингандан бошлаб, юртимизда барча соҳалар қатори маънавий- маърифий, маданий ва диний соҳаларга ҳам юксак эътибор қаратилди. Динга бўлган муносабат ижобий томонига ўзгарди, собиқ совет тизимининг атеистик ҳужумкорлик сиёсатига барҳам берилиб, виждон эркинлиги қонун асосида кафолатланди.

Биринчи Президентимиз томонидан бошланган хайрли ишлар янада ривожлантирилиб, янги босқичга ўтилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгаши 43-сессиясининг очилиш маросимидаги илк халқаро нутқида катта ташаббус билан чиқиб, “Исломнинг умумбашарий цивилизацияга беназир ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг кўп қиррали диний-маънавий меросини ўрганишга ихтисослашган халқаро илмий тадқиқотлар марказини Самарқанддаги Имом Бухорий ёдгорлик мажмуи қошида яратилиши таклифини билдирдилар.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги Фармони билан тасдиқланган 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасининг бешта устувор йўналишдаги ривожланиш йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг диний соҳадаги барча ташаббуслари муҳим аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлаш лозим. Мазкур ҳужжатнинг бешинчи йўналиши хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлашга қаратилган бўлиб, унда қадимда ва яқин ўтмишдаги буюк аждодларнинг илмий меросини ўрганиш самимийлик, тинчлик ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашга, ёшлар ўртасида экстремизм ва терроризм ғояларининг олдини олишда муҳим восита бўлиб хизмат қилиши белгилаб қўйилган.

Дин соҳасидаги кейинги йирик ташаббуслардан бири Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йилнинг 14 февраль куни «Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолаши бўлди. Марказ ташкил этилишидан кўзланган мақсад ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган буюк аллома, ватандошимиз Абу Исо Термизий (Имом Термизий) ва термизий алломаларнинг беназир меросини илмий асосда чуқур ўрганиш, муқаддас юртимиз замини азал-азалдан улуғ алломалар, азиз-авлиёлар ватани бўлиб келганини юртдошларимиз ва халқаро жамоатчилик ўртасида кенг тарғиб қилиш, миллий-диний қадриятларимизни асраб-авайлаш ва ривожлантириш, шу асосда ёш авлодни эзгу ғоялар руҳида тарбиялашдир. Ушбу Марказнинг очилиши борасидаги ишлар нуфузли халқаро исломий ташкилотлар томонидан ҳам эътироф этилди. Жумладан, Бутунжаҳон мусулмон уламолар кенгаши бош котиби Али Қорадоғий Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилиш муносабати билан Ўзбекистон ҳукумати ва аҳлини табриклаб, “Ўзбекистон юрти жуда ҳам кўплаб муҳаддислар, фақиҳлар ва бошқа қатор соҳаларда етук олимларни етиштириб чиқарган. Улар сабабли ислом маданияти, балки бутун инсоният маданияти бойиди. Мана шундай юрт учун бундай марказларни очилиши ажабланарли иш эмас. Шунинг учун мен Ўзбекистон ҳукуматини, шунингдек у ердаги мусулмонларни ушбу қилинаётган муборак иш муносабати билан табриклайман”.

Тарихий-илмий меросни тиклаш соҳасидаги ташаббусларнинг мантиқий давоми сифатида Тошкент шаҳрининг Ҳазрати Имом мажмуаси таркибида қад ростлайдиган Ислом цивилизацияси марказини қайд этиш лозим. Марказ фаолиятининг асосий мақсади, юртимиздан етишиб чиққан буюк аллома ва мутафаккирларнинг ҳаёти ва илмий-ижодий фаолияти, улар қолдириб кетган бой илмий- маънавий меросни ўрганиш, улар билан халқимиз ва жаҳон жамоатчилигини кенг таништириш, халқаро миқёсда динлараро ва цивилизациялараро мулоқотни йўлга қўйиш, ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини очиб бериш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, ёш авлодни гуманистик ғоялар, миллий ғурур ва ифтихор руҳида тарбиялашдан иборат.

2017 йил 15 июнда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган «Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби» мавзусидаги йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Самарқандда – Имом Бухорий илмий марказида ҳадисшунослик, Имом Мотуридий маркази қошида калом илми, Фарғонада – Марғиноний илмий марказида ислом ҳуқуқи мактаби, Бухорода – Баҳоуддин Нақшбанд марказида тасаввуф, Қашқадарёда – Абу Муин Насафий марказида ақида илми мактабини ташкил этсак, ўйлайманки, бу жуда фойдали бўлади. Келгусида чуқур билимли имом-хатиблар, исломшунос мутахассислар, уламолар тайёрлашда, энг муҳими, фарзандларимизни буюк аждодларимизнинг бебаҳо мероси руҳида, соғлом эътиқод руҳида тарбиялашда бу мактаблар таянч бўлиб хизмат қилади” деб, таъкидлаган эдилар.

Юртимизда дин соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар халқаро миқёсдаги экспертлар, мутахассислар, уламолар томонидан ҳам юқори баҳоланаётганини алоҳида қайд этиш лозим. 2017 йил 18 октябрь куни Тошкентда ўтказилган “Ислом ҳамжиҳатлиги: Ўзбекистон – Озарбайжон мисолида” номли халқаро конференцияда нутқга чиққан Кавказ мусулмонлари идораси раиси Оллоҳшукур Пошшозода юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида тўхталиб, муваффақиятли ислоҳотлар билан Ўзбекистон ҳамма соҳада янада юқори чўққиларга чиқаётгани, Марказий Осиё минтақасида сиёсий ишонч даражаси ҳар томонлама ошаётгани, Самарқандда Имом Бухорий номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ўзбекистон пойтахти Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ташкил этилиши алоҳида эътиборга ва ҳурматга сазовор эканлигини таъкидлади.

Туркиядаги Марказий Осиё мусулмонлари таълим ва тадқиқот маркази “Ўзбекистонда охирги бир йил ичида қилинган ислоҳотлар” номли мақолани чоп этди. Унда 2016 йил охири ва 2017 йилда юртимизда жадаллик билан олиб борилаётган турли соҳадаги ўзгаришлар қаторида маънавий- маърифий, диний соҳадаги ислоҳотлар санаб ўтилиб, жумладан шундай ёзилади: Ўзбекистон янги ҳукумати томонидан охирги бир йил, яъни жорий йил ичида жуда хайрли ҳамда халқона ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, исломий ва илмий соҳаларда қилинган ўзгаришлар бутун мусулмон оламини севинтирди.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, мамлакатимизда бугунги кунда олиб борилаётган туб ислоҳотларнинг барчаси инсон манфаати ва унинг эҳтиёжларига йўналтирилган. Хусусан, “Ҳаракатлар стратегияси” дастуридан ўрин олган дин соҳасидаги ислоҳотлар замирида диний бағрикенглик тамойиллари ҳаётга янада кенгроқ татбиқ этилмоқда. Бундан ташқари, ота-боболаримиз эътиқод қилган ҳозирда ҳам Республикамиз аҳолисининг кўпчилик қисми мансуб бўлган муқаддас динимизнинг асл моҳиятини янада чуқурроқ очиб бериш, унинг тинчликпарварлик ва эзгулик ғояларини кенг халқ оммаси, хусусан, ёшлар орасида тарғиб қилиш масалалари долзарб аҳамият касб этмоқда.

Юқорида санаб ўтилган дин соҳасидаги ислоҳотлар негизида ёшларимизни бузғунчи кучлар таъсиридан ҳимоя қилиш, уларнинг эътиқодий эҳтиёжларини тўғри асосда қондириш ва бу орқали уларда Ватанга садоқат, тинчликсеварлик, илм ва ахлоқ каби инсоний сифатларни шакллантириш ётибди.

Н.Шомирзаев,

 Исломшунослик илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими