Ўзбекистонда диний соҳада амалга оширилган ислоҳотлар ҳамда эришилган ютуқлар

232

Бугунги кундаги тезкорлик, очиқлик, эркинлик тамойилларига асосланган интеграция жараёнларининг чуқурлашиши, ўз навбатида, жамият барча соҳаларининг шиддат билан ривожланишига кенг йўл очмоқда. Бир томондан янги ташкил топган давлатлардаги миллий ва диний ўзликни англаш жараёнлари кечаётган бўлса, иккинчи томондан, маданиятлараро ўзаро таъсирлашиш кучайиб, жамият соҳалари доирасида глобал яхлитлашиш тенденцияси вужудга келмоқда. Айни пайтда, турли сиёсий кучлар томонидан диний омилдан ғаразли мақсадлар йўлида фойдаланишнинг янги усул ва воситаларининг қўлланилиши диний экстремизм, халқаро терроризм муаммоларининг чуқурлашиб боришига олиб келмоқда. Шу жиҳатдан, кўп конфессияли Ўзбекистоннинг глобал диний маконда тутган ўрни ва унга таъсир этувчи объектив ва субъектив омилларни аниқлаш, мустақиллик йилларида диний соҳада амалга оширилган ислоҳотлар ҳамда эришилган ютуқларни таҳлил қилиш, мазкур соҳа ривожланишининг ўзига хос хусусиятларини тадқиқ этиш муҳим назарий ва амалий аҳамият касб этади.

Ўзбекистон мустақиллигининг 23 йили мобайнида барча соҳаларда улкан муваффақиятларга эришилди. Хусусан, ислом дини равнақи, унутилган улуғ алломаларимиз ҳаёти ва фаолияти, шунингдек, уларнинг нафақат мусулмон олами, балки бутун дунё халқлари тан олган асарларини халқимизга қайтариш, диний билимларни теран ўрганиш имконини берувчи янги билим даргоҳларини очиш, хорижий мамлакатлар билан турли соҳаларда кенг алоқалар боғлаш бўйича кўплаб хайрли ва эзгу ишлар амалга оширилди. Бу ишларнинг барчаси Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ислом Каримовнинг номи, у кишининг оқилона сиёсати билан боғлиқдир. Маълумки, дин маданий, маънавий инсоний қадриятларни сақлаб қолиш ҳамда авлоддан авлодга етказишдаги роли беқиёсдир. Ўзбек халқи ҳаётига диний қадриятлар, исломий тушунчалар чуқур сингиб кетган. Ёшларни дунёвий билимлар билан бир қаторда Имом Бухорий тўплаган ҳадислар, Нақшбандий таълимоти, Термизий ўгитлари, Яссавий ҳикматлари асосида тарбия қилиш муҳим аҳамиятга эга. Бу борада амалга оширилган кўплаб бунёдкорлик ишлари – динга оид минглаб китоблар нашр этилиши, масжид ва мадрасаларни обод қилиниши, буюк алломаларнинг таваллуд саналарини дунё миқёсида нишонланиши, уларнинг мақбараларини зиёратгоҳларга айлантирилиши – буларнинг барчаси ўзбек халқининг ислом динига меҳр-муҳаббати, ҳурмат-эҳтиромининг яққол тасдиғидир. Зеро, алломаларнинг илмий-маънавий мероси ўзбек миллати, халқи ғурурига ғурур қўшиб, уларнинг ворислари сифатида ягона халқ бўлиб яшашида куч-қувват бағишлайди. Бугунги кунда Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан буюк мутафаккирларнинг асарларини халқимизга етказиш, ислом динининг инсонпарварлик фалсафаси, буюк ғояларини ёш авлод юрагидан ҳам жой олишига шароит яратилди.

Ўзбекистонни бутун дунёга танитадиган, ёш авлодни эзгулик руҳида тарбиялайдиган, ҳар бир инсонни ҳаёт ва абадият ҳақида ўйлантирадиган зиёратгоҳлар ва тарихий ёдгорлик мажмуаларининг очилиш маросимларига оид маълумотлар ҳам алоҳида эътиборга молик. Зеро, Президентимиз таъкидлаганларидек: “Биз эртанги кунимизни барпо этишда, яратишда миллатимизнинг ўтмиш меросларига, маънавий ва руҳий қувват манбаларига – буюк бобокалонларимиз қолдирган ноёб тажрибаларга таянамиз, янги замон тамойилларида яшаш билан бирга уларнинг инсонпарварлик, ватанпарварлик, имон ва эътиқод, комил инсон ҳақидаги мангу ғояларини асраб-авайлаймиз, уларга ихлос ва амал қиламиз”.

Глобаллашув шароитида турли дунёқарашлар манфаатини ҳимоя қилиб фаолият юритаётган, оммавий қирғинларга сабаб бўлаётган фитначи гуруҳлар одамлар бошига беҳисоб қайғу-кулфатлар солмоқда. Халқлар ўртасида мулоқот ўрнатиш, уларни маънавий ва руҳий жиҳатдан яқинлаштириш, зулм ва зўравонликка қарши биргаликда курашга даъват этишда диннинг аҳамияти каттадир. Ўзбекистоннинг тинчликни асраш, бутун башариятни дўстлик ва биродарликда яшашга даъват этиш, одамларни олий мақсадлар сари бошлашга қаратилган фаолияти миллати, дини ва тилидан қатъи назар, жаҳондаги ҳар бир инсонда чуқур ҳурмат туйғусини уйғотади.

Бугунги кунда Ўзбекистонда диний вазият барқарорлигини мустаҳкамлаб бориш жараёни ҳам мураккаб ижтимоий-сиёсий шароитларда кечмоқда. Бу йўлда давлатимиз томонидан ишлаб чиқилган сиёсий-ҳуқуқий шарт-шароитлар ҳамда халқимизга хос бағрикенглик маданияти конфессиялараро соғлом мулоқотни ривожлантиришга мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилмоқда. Диний ҳаётни тартибга солишга қаратилган оқилона давлат сиёсати туфайли дин, жамият ва давлат муносабатлари тизимида манфаатлар уйғунлиги таъминланмоқда.

Юртимизда дин соҳасида қабул қилинган фармонлар, қонунларнинг ишлаб чиқилиши билан боғлиқ жараёнларни ёритиш, Ўзбекистоннинг минтақа ва дунёдаги нуфузининг ошиб бориши ҳамда диний йўналишда ички ва ташқи геосиёсий муносабатларда барқарорликка эришиш йўлида амалга оширилаётган тадрижий ва тизимли ишларни аниқ мисоллар орқали кўрсатиб беришга бағишланган “Ўзбекистон мустақиллиги йилларида миллатлараро муносабатлар ва диний соҳада амалга оширилган ислоҳотлар, эришилган ютуқлар солномасини яратиш” лойиҳаси бугунги кунда катта аҳамият касб этади. Зеро, мазкур лойиҳа натижалари глобаллашув даврида маънавий оламимизни турли салбий таъсир ва таҳдидлардан асраш ва ҳимоя қилиш билан боғлиқ муаммоларни ижобий ҳал қилиш, “Ким эдигу, ким бўлдик?” деган саволга аниқ жавоб беришга манба бўлиб хизмат қилади.

М.АЛИМОВА,
Тошкент ислом университети,
тарих фанлари номзоди