XV-XVII асрларда Хитой мусулмонлари ҳаётидаги таълим-тарбия жараёнлари

106

Ислом динини Хитойга кириб келиши VII асрнинг ўрталарига бориб тақалади. 1300 йиллик тарих давомида, яъни, Тан (Tang dynasty, 618-906), Сун (Song dynasty, 960-1279), Юан (Yuan dynasty, 1279-1368), Мин (Ming dynasty, 1368-1644), Цин (Qing dynasty, 1644-1912) сулолалари ҳукмронлиги ва Республика бошқаруви (1912-1949) даврида Хитойдаги мусулмонлар миқдори 20 миллионга қадар етди.

Ислом дини Хитойга кириб келган даврдан Мин сулоласи ҳукмронлигининг ўрталарига қадар ўтган вақт оралиғида хитойлик мусулмонлар диний таълими кекса авлод вакиллари томонидан оғзаки шаклда оилаларда олиб борилган. Бироқ, бундай таълим услуби чекланган доира ва тор қамровга эга бўлиб, расмий диний ташкилот ёки тизим доирасида ташкил қилинмаган. Вақт ўтгани сайин, Хитойдаги мусулмонлар хитой тилини ўзлаштириб ва ўз ота-боболари тилини унутиб боришлари оқибатида араб ёки форс тилларидаги манбалар билан танишиш имконига эга бўлмай қолдилар. Қолаверса, исломий манбаларнинг хитойча варианти йўқлиги юқоридаги таълим услубининг самарадорлигини камайтириб юборди.

Ушбу шароитда, “ҳуэй”[1] мусулмонлари орасидаги зиёли кишилар ислом динини қайта жонлантириш ва исломий таълимни ривожлантириш мақсадида турли чоралар кўришга киришдилар. Юан ва Мин сулолалари ҳукмронлиги давридаги тарихий тажриба асосида “ҳуэй”лар аллақачон бирламчи ўринда қишлоқ хўжалиги, шу билан бирга, тижорат ва чорвадорликка таянган ўзларининг миллий иқтисодий тузилмаларини шакллантириб улгурган эдилар. Улар иқтисодий мустақил бўлганлари учун барқарор вазиятда яшаганлар. Бу эса уларга масжид таълимини ривожлантириш имконини яратди. Масжид таълимининг илк ташаббускори Мин сулоласи императорларидан Жиа Жин (Jia Jing, 1522-1566) ва Ван Ли (Wan Li, 1573-1620) ҳукмронлиги даврида Шанхай (Shaanxi) провинциясидаги Хианянг (Xianyang) шаҳри Вэиченг (Weicheng) аҳоли турар жой пунктида яшовчи Ҳу Денжоу (Hu Dengzhou) ҳисобланади. Чунки Шанхай ғарбида жойлашган Вэиченг шаҳарчасида “ҳуэй”лар кўпчиликни ташкил қилган. Аввал бошида, Ҳу Денжоу кўнгилли талабаларни тўплаб, ўз хонадонида уларга таълим беришни бошлади. Кейинчалик, унинг иккинчи авлод талабаси Ланжоу Ма (Lanzhou Ma) таълимни масжидда беришга ўтгач, Хитойда масжид таълимини ташкил қилишга йўл очилди. Ҳу Денжоу ташаббуси билан йўлга қўйилган масжид таълими аста-секин “ҳуэй”лар кўп миқдорда жамланган Шаньдун, Чжецзян (Zhejiang), Хунань, Хубэй, Юннан ва Гуанхи каби шаҳарларга ҳам ёйилди.

Масжид таълимини ташкил қилишдан мақсад маҳаллий мусулмонларга исломий билимларни ўргатиш, уларнинг дунёқарашини кенгайтириш ҳамда аҳли сунна вал-жамоа ақидаси асосида мусулмон шахсиятини тарбиялаш эди. Бу мақсад йўлида хонадонлардаги таълим усулидан воз кечилиб, унинг ўрнига исломий билимларни қатъий ташкиллаштирилган ва тартиблаштирилган тарзда таълим беришга ихтисослашган услубга ўтилди.

Масжид таълими ривожланиб боргани сари нисбатан тўлиқ таълим тизими ва ягона таълим услуби тадрижий равишда ишлаб чиқилди. Ушбу жараённинг дастлабки босқичида, масжид таълими юқори ва бошланғич босқичга ажратилмаган. Балки фақат шахсий мактаб сифатида фаолият олиб борган. У масжидларда ташкил қилиниб, у ерда имом мусулмонларни исломий манбалар, диний билимларни ўргатиш ва мутахассисларни тарбиялаш билан шуғулланган. Вақт ўтгач, масжид таълими ривожланиб, бошланғич таълимдан юқори таълим ажралди ҳамда уч босқичга бўлинди: коллеж, умумий ўрта ва бошланғич мактаб. Коллеж босқичи имомлар етиштиришга ихтисослашган. Бу босқич талабалари “халифа” ёки “мулла” деб аталган. Улар систематик равишда араб ва форс тиллари, фиқҳ, ақида, тажвид ва адабиётдан таълим олганлар. Коллежлар катта ва ўрта ҳажмдаги масжидларда ташкил қилинган. Коллеж ўқитувчилари махсус тайёргарликка эга имомлар бўлган ва уларга маҳаллий аҳоли томонидан ҳурмат кўрсатилиб “жинши” (Jingshi, диний манбалар мутахассиси), “минжин” (Mingjing, муқаддас матнлар бўйича мастер), “охун” (Akhund – имом) ва “уста” деб чақирилган. Умумий ўрта мактаб босқичи масжид таълимининг оралиқ бўғини саналган. Умумий таълим босқичи мустақил шаклда фаолият юритмай, балки, бошланғич босқичга юқори синф, коллеж босқичига илк синф сифатида бириктирилиб қўйилган. Бошланғич таълим босқичи масжид таълимининг ибтидоий даври бўлиб, унда мусулмонлар умумий исломий билимларни эгаллаганлар. Бошланғич мактабнинг асосий вазифаси мусулмонларга араб ҳарфлари, иймон калималари (“ал-Калима”), кундалик ўқиладиган дуолар, таҳорат олиш, намоз ўқиш ва рўза тутиш тартибларини ўргатиш ҳамда Қуръони каримдан муайян суралар жамланмаси – “ҳафтияк”ни таълим беришдан иборат бўлган. Бошланғич мактабларда ўқувчилар ўрганиши учун бирор дарслик йўқлиги сабаб муаллим уларга оғзаки шаклда таълим берган. Масжид таълимининг мазкур уч босқичи орасида бошланғич босқич энг оммабоп ҳисобланган. Шанхай, Ганьсу, Нингхиа ва Цинхай каби шаҳарларда мусулмонларни бошланғич диний билимларни эгаллаши мажбурий деб қабул қилинган. Масжид таълимининг бошланғич босқичи оммавийлашуви Хитойда ислом дини тарқалиши ва ривожланишида катта аҳамият касб этди. Бошқача айтганда, мусулмонлар орасида умумий диний таълим бериш тадбирлари йўлга қўйилганлиги “ҳуэй” ва Хитойдаги бошқа мусулмон халқларини ислом динига янада яқинлашуви учун асосий омил бўлди.

Масжид таълимининг дастлабки даврида, муаллим дарс жараёнида фойдаланадиган дарслик ва адабиётларни қайта ёзиш талабаларга мажбурий эди. Бу ҳолат эса диний таълимни равон олға силжишига ҳамда Хитойда исломий каллиграфия санъати тараққий топишини таъминлади.

Масжид таълимида ягона тил – “Жингтанг Ю”[2]дан фойдаланилган. “Жингтанг Ю” хитой, араб ва форс тилларидаги сўзлар ҳамда хитой тили грамматикасига хос иборалардан шаклланган махсус ифода тури, яъни, ягона характерга эга, мусулмон хитой олимлари томонидан яратилган махсус тил ҳисобланади. Шубҳасиз, бу тил муайян тарихий ва маданий шароитда Хитойда ислом динининг ривожланишига ижобий таъсир кўрсатди, қолаверса, ундан ҳозирга қадар диний таълим беришда фойдаланиб келинмоқда.

Масжид таълимини ўсиши “ҳуэй” ва Хитойдаги бошқа мусулмон халқлари учун исломий билимларни систематик ва назарий шаклда ўрганиш имконини тақдим этди. Шунингдек, у ислом манбалари, таълимотлари ва қарашларининг илк бор оммалашуви ҳамда хитой-араб маданиятининг ўзаро янада яқинлашуви ва уйғунлашуви белгиси сифатида намоён бўлди. Масжид таълими, кейинчалик ўз ҳаётини исломий билимларни ўрганишга бахшида қилган кўп сонли қобилиятли шахсларни тарбиялади. Ўз навбатида, ушбу шахсларнинг хитой тилида ёзган асарлари орқали келгуси мусулмон авлоди ислом тарихи ва маданияти ҳақидаги маълумотларни нафақат оғзаки, балки ёзма равишда ўзлаштиришлари учун замин ҳозирлади. Ҳозирда Шанхай, Шандун, Нанкин ва Юннан шаҳарлари диний таълим беришнинг асосий марказлари сифатида шаклланиб, у ерда мусулмонларнинг хат-саводи чиқариш билан бир қаторда, исломий манба ва адабиётларни хитой тилига таржима қилиш ҳамда асарлар таълиф қилиш билан шуғулланилади.

Фойдаланилган адабиётлар:
1. Dillon, Michael. China’s Muslim Hui Community: Migration, Settlement and Sects. Surrey: Curzon Press, 1999.;
2. Islam in China / Written by Mi Shoujiang and You Jia; Translated by Min Chang. – China Intercontinental Press, 2004.
3. Низомиддинов Н. Қадимги Хитой тарихи, диний эътиқоди ва маданияти. – Т.: “Фан ва технологиялар”, 2014. – 386 б.
4. Хўжаев А. Буюк ипак йўли: муносабатлар ва тақдирлар. – Т. “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти, 2007. – 280 б.

Одил Эрназаров,
ТИУ, “Диншунослик ва жаҳон динларини
қиёсий ўрганиш ЮНЕСКО” кафедраси
катта илмий ходим-изланувчиси


[1] Ҳуэй миллати (“дунган” деб ҳам юритилади) – Хитойдаги асосий мусулмон этник гуруҳлардан бири. Дунганлар мамлакатнинг барча қисмида истиқомат қилсаларда, уларнинг аксарияти шимоли-ғарбий провинцияларда яшашлари аниқланган. 2011 йилдаги статистик маълумотларга мувофиқ, Хитойда 10,5 миллион нафар дунган миллатига мансуб аҳоли мавжуд бўлиб, улар асосан хитой тилида сўзлашиб, ислом динига эътиқод қиладилар.
[2] Жингтанг Ю – бу сўздаги “Ю” “тил” маъносини билдиради. Хитойчада масжид таълими “жингтанг таълими” деб аталган. Шунга кўра, “жингтанг ю” сўз бирикмасини ўзбек тилида “масжид таълими тили” деб ифодалаш мумкин.