Ёшларда мафкуравий иммунитетни шакллантиришда диншунослик фанларини ўқитишнинг аҳамияти

146

Мамлакатимиз таълим тизимида диншуносликка оид фанларни ўқитиш бугунги кунда энг долзарб вазифалардан бири бўлиб қолмоқда. Давлатимиз раҳбарияти томонидан ушбу фан бўйича умумий ўрта, ўрта махсус ва олий таълим тизими учун янги дастур ва дарсликлар яратишга алоҳида эътибор қаратилаётгани ҳам ушбу фикрнинг далилидир. Диншуносликка оид маълумотларга эга бўлиш ёшларда диний эътиқодлар, дин билан боғлиқ урф-одат ва анъаналарнинг моҳияти, шаклланиши ҳақида холис билимларнинг эгалланишига асос бўлади.

Дин – инсоннинг энг нозик ҳиссий кечинмалари, эътиқоди билан боғлиқ ҳодиса. Мактаб ўқувчиси илм даргоҳига қадам қўйишигача бўлган даврдаёқ оилада дин ҳақида муайян кўникмаларга эга бўлади. Тарих фани доирасида берилган дунё динлари билан боғлиқ маълумотлар мактабда диншуносликка оид билимларнинг бошланғич нуқтаси бўлиб хизмат қилади. Шунинг учун ҳам диншуносликка оид маълумотларни ёшларга етказишда улардаги мавжуд билимларни ҳисобга олиш ва уларни янада бойитишга асосий эътиборни қаратиш лозим бўлади.

Бугунги кунда диншунослик фанларини ўқитишдан кўзда тутилган асосий мақсадлардан бири диний-экстремистик гуруҳларнинг дунё бўйлаб тарқатаётган бузғунчи ғояларидан ёшларни ҳимоя қилишдан иборат. Марказий Осиё минтақасида, хусусан, Ўзбекистонда VIII асрдан бошлаб ислом маҳаллий аҳолининг асосий диний эътиқодига айланган. Мана шу воқеликни билган диний мутаассиб гуруҳлар ислом дини ниқоби остида минтақа аҳолисига ўз таъсирини ўтказишга ҳаракат қилади. Айниқса, ҳали ҳаётий тажрибага эга бўлмаган ўсмир ёшларни ўз тузоғига илинтиришга интилиш бугунги кундаги ғараз мақсадли кучларнинг асосий иш услубига айланди. Ўз эътиқодига садоқатлилик ота-боболаридан мерос бўлиб келаётган ўсмирнинг дин кўринишидаги турли нохолис даъватларни эшитганда, афсуски, баъзан унга оғиш ҳолатлари кузатилади. Яқин Шарқ мамлакатларида юз бераётган нотинчлик жараёнларини “муқаддас уруш”, “жиҳод”, дея талқин этиб, жангариларнинг глобал тармоқ орқали сохта диний шиорлар билан ўсмирларни ўз сафларига тортишга интилишлари диний экстремизм хатарини яна бир карра оширади.

Интернет имкониятлари кенгайиб бораётган ҳозирги кунда “қайноқ нуқталар”даги беқарорлик жараёнларини жуда узоқдан туриб бошқариш мумкин. Бунда қора кучлар “мафкуравий ҳужум” ва “моддий манфаатлар”дан бошқарувчи омил сифатида фойдаланадилар. Бунинг учун улар ўсмир ёшларнинг ёш хусусиятларини эътиборга олган ҳолда уларга таъсир ўтказишда психологик усуллардан фойдаланадилар. Хусусан, ёшлардаги балоғат ёшига етган ўсмирдаги ўтиш даврига хос ҳар бир нарсага қизиқувчанлик, барча нарсани ўз кучи билан эгаллашга интилиш, тез йўл билан катта ютуқларга эришишга бўлган хоҳиш, ҳаётда айрим муаммоларга дуч келиши, диний даъватлар каби омиллар уларнинг ғараз мақсадли диний-экстремистик гуруҳлар таъсирига берилиши сабаб бўлиши мумкин.

Диний-экстремистик гуруҳлар ёшларни ўз таъсир доирасига тушириш учун уларга узоқ вақт таъсир ўтказишга интиладилар. Бунда психологлар, диний маълумотлардан фойдаланишга ҳаракат қиладилар. Ёшлардаги ўз кучига ишониш, яккама-якка курашга бўлган иштиёқ интернет сайтлари орқали ана шундай гуруҳларнинг “қурбони”га айланишига сабаб бўлади. Бунда интернет тармоғига уланган компьютер олдида ўтирган ўсмирга “қарши” нариги томонда бир эмас, бир нечта “мутахассис” ўтирган бўлиши мумкин. Аммо бундан бехабар, бу каби ғараз мақсадли гуруҳларга қарши “яккама-якка” курашишга “иштиёқи баланд” ёшлар охир-оқибат уларнинг таъсирига берилиб қолиши, аниқроғи уларга “мағлуб” бўлиши эҳтимоли кучаяди.

Айни пайтда ёшларда “Ахборот истеъмоли маданияти”ни шакллантириш, бунинг учун динга хос бўлган умуминсоний, инсонпарварлик ғоялари билан қуроллантириш уларни интернетдаги мафкуравий таҳдидлардан ҳимоялашнинг асосий омили бўлиб хизмат қилади. Шу билан бирга динни ўзларига ниқоб қилаётган гуруҳларнинг асл мақсадларини, уларга эргашишнинг зарарли оқибатларини билиш ёшларнинг бу каби салбий таъсирларга берилишларидан ҳимояланишларида катта рол ўйнайди.

Бугунги кунда диншуносликка оид фанларнинг таълим тизимида, яъни мактаб, ўрта махсус ва олий таълим тизимларида бир-бирини тўлдирувчи, давом эттирувчи, узвийлик ва узлуксизликни таъминлайдиган дарсликлар яратиш концепциясини ишлаб чиқиш долзарб вазифага айланди. Бунинг учун диншунос мутахассислар, дарс берувчи ўқитувчилар, услубчилар биргаликда фаолият кўрсатишлари самарали натижани беради.

Диншуносликка оид фанлардан дарс берувчи ўқитувчи шуни назардан четда қолдирмаслиги керакки, асосий мақсад ўқувчи ва талабаларга шунчаки маълумот бериш эмас, балки унинг дунёқарашини кенгайтириш, унда воқеликка холис баҳо берган ҳолда тўғри хулосаларни чиқара олиш салоҳиятини шакллантиришдан иборат. Яна шуни ҳам унутмаслик лозимки, динийлик ва дунёвийлик орасидаги меъёрни тўғри ушлаш ўқувчининг бир томонлама хулоса чиқариш каби нотўғри ёндашувдан ҳимоялайди. Бунинг учун ўқитувчи ҳозирда нашр этилган диний адабиётлардан фойдаланишда уларни тўғри таҳлил қилган ҳолда, ўқувчига ҳам таҳлилий-танқидий ёндашув усулларини ўргатиши лозим. Диншунос ўқитувчи дин ва диний эътиқодларни кўр-кўрона танқид қилиш ёки мақташ йўлидан эмас, балки холис илмийлик асосида хулоса чиқариш йўлидан боргандагина ахборот истеъмоли маданиятга ва мафкуравий иммунитетга эга бўлган, илмий дунёқарашли ёшларни тарбиялашлари мумкин бўлади.

М.Алимова, Тошкент ислом университети, тарих фанлари номзоди
Манба: ДИНШУНОСЛИКНИНГ ДОЛЗАРБ МУАММОЛАРИ. «Тошкент ислом университети» нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2017