ЗАЙД ИБН ҲОРИСА (Р.А.)

7

ЗАЙД ИБН ҲОРИСА (Р.А.) – Қуръони каримда номи келган ягона саҳобийнинг исми. Бу қуйидаги оятдир: (Эй Муҳаммад!) Эсланг, Аллоҳ ва Сиз (неъматларни) инъом этган кишига (Зайд ибн Ҳорисага): “Жуфтингни ўзингда сақла (талоқ қилишга шошма)! Аллоҳдан қўрққин!”, – деб, Аллоҳ ошкор қилувчи бўлган нарсани  ичингизда яширган эдингиз ва Аллоҳдан қўрқишга ҳақлироқ бўлган ҳолингизда, Сиз одамлардан (таъналаридан) қўрққан эдингиз. Бас, Зайд ундан (Зайнабдан) ҳожатини адо этгач (уни талоқ қилгач), Биз Сизни унга уйлантирдик. Токи мўминларга асранди болалари ўз хотинларидан ҳожатларини адо этишгач (талоқ қилишгач), уларга (уйланишларида) қийинчилик бўлмаслиги учун (шундай қилдик). Аллоҳнинг амри эса бажарилувчидир” (Аҳзоб, 37). Бу жуда улуғ даража ҳисобланади.

Унинг тўлиқ исми Зайд ибн Ҳориса ибн Шароҳийл ибн Абдулуззо ибн Имрул-Қайс (р.а.). Куняси Абу Асома. Макка даврида Зайд ибн Муҳаммад деб чақирилар эди. Шунингдек, Зайд ибн Ҳориса (р.а.) “Расулуллоҳнинг суюклилари” деб ҳам аталган.

Зайд ибн Ҳориса (р.а.) Бани Калб қабиласида ҳижратдан 35 йил олдин (мил. 587 й.) таваллуд топган.

Отаси Ҳориса ибн Шароҳийл ибн Абдулуззо ибн Имрул-Қайс ибн Омир ибн Нўъмон ибн Омир ибн Абдулвудд ибн Авф бўлиб, Калб қабиласидан бўлган. Онаси Саъдий бинт Саълаба ибн Абд ибн Омир ибн Афлат ибн Силсила ибн Амр ибн Силсила ибн Ғанм ибн Савб ибн Муъин бўлиб, Тойй қабиласидан эди.

Зайд ибн Ҳориса (р.а.) кичик бўйли, буғдойранг ва қирра бурунли киши эди. Унинг фарзандлари орасида Усома ибн Зайд юксак шижоати ва ҳарбий салоҳияти билан танилган.

Тарихий манбаларда Зайд (р.а.) саккиз ёшида онаси билан зиёратга чиқиши ва йўлда қароқчилар қўлига тушиб қолиши, алалоқибат улар ёш Зайдни сотиб юбориши қайд этилган. Ҳаким ибн Ҳизом Зайд ибн Ҳориса (р.а.)ни Укоз бозоридан сотиб олади ва уни аммаси Хадича бинт Хувайлидга ҳадя қилади.

Муҳаммад (с.а.в.)га турмушга чиққач, Хадича (р.а.) Зайдни у зотга ҳадя қиладилар. Расулуллоҳ ўша заҳотиёқ Зайд (р.а.)ни озод қилиб, ўзларига фарзанд қилиб оладилар. Шундан сўнг Маккада у киши Зайд ибн Муҳаммад, деб танилади. Бу воқеа Пайғамбарликдан олдин бўлиб ўтган эди.

Зайд ибн Ҳориса (р.а.)нинг отаси Ҳориса ибн Шароҳийл фарзанди йўқолиб қолганидан қайғуга ботади. Ҳатто, арабларнинг ўша вақтдаги одатига кўра йўқолган фарзанди тўғрисида шеърлар битади. Орадан йиллар ўтиб, Калб қавмидан бир жамоа ҳажга боради. Жамоа у ерда Зайд (р.а.)ни кўриб таниб қолади. Шунда Зайд (р.а.): “Менинг бу байтларимни аҳлимга етказинг. Биламанки, бу байтларим учун сизларни мукофотлайдилар”, дейди ва ўз аҳлига соғ-саломатлигини ва яхши инсонлар қўлида юрганини билдирувчи байтни айтади. Бу хабарни эшитган Ҳориса дарҳол йўлга чиқади. Маккага келиб, Пайғамбар (с.а.в.)дан ўз фарзандининг хабарини сўрайди. У зот Зайд (р.а.)ни масжидда эканини айтадилар. У масжидга киради ва: “Эй Бану Абдуллоҳ, эй Бану Абдулмутталиб, эй Бану Ҳошим, эй ўз қавмининг саййидлари, албатта сизлар Ҳаром (Масжидул-Ҳором) аҳлидирсиз, сизлар у (Масжидул-Ҳаром)нинг қўшнисидирсиз, албатта сизлар ёрдам сўраганларга ёрдам берасиз ва уларни тўйдирасиз. Бизнинг фарзандимиз сизларда эканини билиб, ҳузурларингизга келдик. Фарзандимизни олиб кетишимизга омонлик беринг ва бизга яхшилик қилинг”, дедилар. Улар: “Сенинг фарзандинг ким?”, дедилар. Улар: “Зайд ибн Ҳориса”, дедилар. Расулуллоҳ (с.а.в.) танлаш ихтиёрини Зайд (р.а.)нинг ўзига топширишни маъқул кўрдилар. Уни чақириб, вазиятни тушунтирдилар: “Мени ёки уларни ихтиёр қилгин. Шунда у киши Расулуллоҳ (с.а.в.)га: “Мен сиздан бошқа бирор бир кишини ихтиёр қилмасман, сиз мен учун отам ва онам ўрнидасиз”, деди. Бу воқеага шоҳид бўлган ҳамда фарзандининг ишончли қўлларда эканига қаноат ҳосил қилган Зайднинг отаси ортига қайтди.

Зайд ибн Ҳориса (р.а.) Хадича онамиз ва Али ибн Абу Толиб (р.а.)лардан кейин исломга кирган. Шундай қилиб, у озод қилинган қуллардан энг биринчи бўлиб исломни қабул қилган ҳисобланади. Расулуллоҳ (с.а.в.) Зайд ибн Ҳориса (р.а.)ни амакилари Ҳамза (р.а.) билан биродар қилиб қўйганлар.

Зайд ибн Ҳориса (р.а.) Расулуллоҳ (с.а.в.)дан айрилмас, яхши-ёмон кунларда бирга бўлган. Жумладан, ҳижратдан аввалги Тоиф даъватида Пайғамбар билан бирга ўша жойда яшайдиган қавм томонидан тошбўрон қилинган.

У киши Расулуллоҳ (с.а.в.) билан Бадр, Уҳуд, Хандақ ва Хайбар каби бир қатор ғазотларда иштирок этган.

Ҳусайн ибн Воқид Ибн Вориддан, у киши эса ўз отасидан ривоят қилади: Расулуллоҳ (с.а.в.): “Жаннатга кирдим, ёш бир жория менга юзланди. “Сен кимникисан?”, деб сўрадим. У: “Мен Зайд ибн Ҳорисаникиман”, деб жавоб берди”, дедилар.

Зайд ибн Ҳориса (р.а.) Мўъта ғазотида шаҳид бўлган. Бу воқеа 8/629 йилга тўғри келади. Расулуллоҳ (с.а.в.)га у киши билан бирга Жаъфар ибн Абу Толиб ва Абдуллоҳ ибн Равоҳа (р.а.)ларнинг ҳам шаҳид кетгани хабари келади. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): “Эй Аллоҳим, Зайдни мағфират қилгин, Эй Аллоҳим, Зайдни мағфират қилгин, Эй Аллоҳим, Зайдни мағфират қилгин. Саҳобийлар: “Ё Расулуллоҳ, сизни шу каби йиғлаётганингизни ҳеч кўрмагандик”, дедилар. Шунда У зот: “Бу дўстнинг ўз дўстига шавқи (фироқи)дир”, деб марҳамат қилдилар”.

Оиша (р.а.)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (с.а.в.) Зайд ибн Ҳориса (р.а.)ни бир жангга юборсалар, фақатгина қўшинга бошлиқ қилиб юборар эдилар. Агар у Расулуллоҳдан кейин тирик қолганида эди, Расулуллоҳ (с.а.в.)  албатта уни халифа бўлишини тайинлаб кетган бўлар эдилар”.