ЗАЙТУН

14

ЗАЙТУН (араб. الزيتون) – Қуръони каримда келган ўсимлик номи. Доим яшил тусда ўсадиган субтропик дарахт. Меваси – резавор, данакли, тўқ қора, тўқ бинафша. Меваси этида 80%гача, мағзида 30%гача мой, оқсил, витамин С ва каротин бор. Зайтун сўзи Қуръони каримда 6 маротаба келган бўлиб, қуйидаги мазмунларда ишлатилган. Жумладан, дарахтга ибрат ва тафаккур кўзи билан боқиш, айтилган, «…бир-бирига ўхшаган ва ўхшамаган зайтун ва анорларни (чиқардик). Уларнинг мевалагандаги (ғўр) мевасига ва пишганига (ибрат кўзи билан) боқинг!» (Анъом, 99) ва «У сизлар учун ўша (сув) билан (турли) экинларни, зайтун, хурмо, узум ва барча меваларни ундирур. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломат бордир» (Наҳл, 11), ейиш, исроф қилмаслик, ҳаққини (ушрини) бериш, «…(ранг ва таъмда) ўхшаш ва ўхшамас зайтун ва анорларни пайдо қилди. Мева ҳосил қилганда, мевасидан тановул қилингиз!» (Анъом, 141), ҳатто қасам ичиш «Қасамёд этурман анжир ва зайтун билан» (Тин, 1) маъноларида келган. Яна бир ўринда муборак дарахт маъносида келган «муборак зайтун дарахти…» (Нур, 35).