ЗАКАРИЁ (алайҳис-салом)

12

ЗАКАРИЁ (алайҳис-салом) (араб. زكريا) – Қуръони каримда номи зикр этилган пайғамбарлардан бири. Тўлиқ исмлари Закариё ибн Ладан ибн Муслим ибн Садуқ ибн Ҳашбон ибн Довуд ибн Сулаймон ибн Муслим ибн Садиқа ибн Бархиё ибн Балъата ибн Ноҳур ибн Шалум ибн Баҳфошот ибн Айноман ибн Раҳиом ибн Сулаймон ибн Довуд (а.с.)дир. Закариё (а.с.) Бани Исроил қавмидан чиққан пайғамбарлардан бири. У зот милоддан аввалги 100-йилда туғилиб, милодий 20 йилда вафот этганлар.

Қуръони каримда Закариё (а.с.)нинг номлари Оли Имрон, Анъом, Марям ва Анбиё сураларида 7 марта келтирилган. Жумладан, қуйидаги оятда шундай дейилади: «Закариё, Яҳё, Исо ва Илёсни (ҳам ҳидоятга йўлладик). Ҳаммаси солиҳлардандир» (Анъом, 85).

Манбаларда келтирилишича, Закариё (а.с.) Бани Исроил қавмини Аллоҳга ибодат қилишга чақирдилар. Аммо ўша вақтда Бани Исроил ҳаддан ташқари туғёнга кетиб, Закариё (а.с.)га жуда кўп душманлик қилдилар. Закариё (а.с.) яҳудийларнинг «Ҳайкал» деб номланган асосий ибодатхонаси бошлиғи эдилар. У зот ибодатхонага назр қилинган жиянлари Марямни ўз кафилликларига олдилар. Бу борада Қуръони каримда шундай дейилади: «Бас, Парвардигори уни (Марямни назрликка) яхши қабул этиб, яхши парвариш қилди ва Закариё қарамоғига топширди» (Оли Имрон, 37). Ушбу оят тафсирида айтилишича, Имроннинг икки қизи бўлиб, бирининг номи Ашбоъ (Закариё пайғамбарнинг хотини), иккинчисининг номи Марям эди. Иккисини ҳам Ҳанна туққан. Шунга кўра, Исо (а.с.) Закариёнинг ўғли Яҳё пайғамбарга холавачча бўлади. Марямни ўз қарамоғига олиб, тарбия қилган Закариёга бир гуруҳ яҳудийлар зинокорлик туҳматини уюштириб, уни ўлдирмоқчи бўладилар. Моҳир дурадгор бўлган Закариё (а.с.) қочиб, бир дарахтнинг кавагига кириб яшириниб оладилар. Иблис уларга йўл кўрсатиб топиб бергач, дарахтга қўшиб Закариё (а.с.)ни арралаб ўлдирадилар.

Закариё (а.с.)нинг ёшлари 92 (баъзи ривоятларга кўра, 99, 120)га етган бўлсада Аллоҳнинг ҳикмати ила бефарзанд эдилар. Аммо, у зот ноумид бўлмадилар. Ўзлари ва хотинларининг ёшлари ўтиб қолган бўлса ҳам, сабр ила Аллоҳдан фарзанд сўрайвердилар: «Ўша жойда Закариё Раббига илтижо қилиб, деди: «Раббим, менга (ҳам) ўз ҳузурингдан пок зурриёт ато эт! Дарҳақиқат, Сен дуони эшитувчидирсан» (Оли Имрон, 38). Бу воқеа бошқа оятда шундай баён этилади: «Закариёнинг: «Эй, Раббим! Мени ёлғиз ташлаб қўйма (меросхўр фарзанд ато эт!) Сен (Ўзинг) ворисларнинг яхшироғидирсан», – деб нидо қилган пайтини (эсланг!)» (Анбиё, 89). Шунда Закариё (а.с.)га Аллоҳ таоло фарзанд ато этди ва унинг исмини Ўзи Яҳё деб қўйиб, улуғ пайғамбарлардан қилди: «Сўнгра, масжидда туриб намоз ўқиётганида, фаришталар унга нидо қилиб, дедилар: «Аллоҳ сенга Яҳё (исмли фарзанд) хушхабарини бермоқда-ким, у Аллоҳнинг сўзини тасдиқ этадиган, (ўз қавмига) пешво бўлиб, (шаҳватлардан) ўзини тиядиган солиҳ пайғамбарлардан (бўлур)» (Оли Имрон, 39).