ЖАҲОЛАТГА ҚАРШИ МАЪРИФАТ БИЛАН

87

Бу сўз, бу ғоя, бу чақириқ бугун ҳар бир ватандошимиз қалбидан чуқур жой олиб, жаҳон ҳамжамиятининг қарашларида ҳам ўз ўрнини топди. Айнан шу ташаббусни қўллаб-қувватлаш мақсадида Бирлашган миллатлар ташкилотида Ўзбекистон томонидан таклиф этилган “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюцияси қабул қилинди…

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. М. Мирзиёевнинг 2019 йил 4 сентябрдаги «Диний-маърифий соҳа фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги № ПҚ-4436-сонли Қарори қабул қилинди. Мазкур қарорда диний-маърифий соҳани янада такомиллаштириш, жамиятда “жаҳолатга қарши маърифат” деган улуғвор ғоя асосида диннинг инсонпарварлик, эзгулик ва тинчлик каби фазилатларини ҳамда диний бағрикенглик руҳини кенг тарғиб қилиш, шунингдек, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлиги ва қонун устуворилигини таъминлаш каби бир қатор вазифалар алоҳида қайд этилган. Ушбу қарор ижросини таъминлаш мақсадида 2019 йил 9 сентябрь куни Ўзбекистон халқаро ислом академияси анжуманлар залида “Жаҳолатга қарши маърифат” рукни остида “Давлат ва дин” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Ушбу тадбирда Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Имом Бухорий номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази, Республика “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази, ИИВнинг Жазони ижро этиш бош бошқармаси, Тошкент шаҳар ИИББнинг Экстремизм ва терроризмга қарши кураш бўлими вакиллари, таниқли имомлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди. Мазкур тадбирда Ўзбекистонда давлатнинг дин ва диний ташкилотлар билан ўзаро муносабати, ислом динининг тинчликпарварлик моҳияти ҳамда ислом динида мутаассиблик ва жаҳолатнинг қораланиши, “жаҳолатга қарши маърифат” билан курашиш ғоясининг аҳамияти, экстремизм ғоялари таъсирига тушиб қолган, тўғри йўлдан адашган фуқароларни ижтимоий реабилитация қилиш каби бугунги куннинг бир қатор долзарб масалалари илмий-амалий равишда таҳлил қилинди.

Хорижий экспертлар, турли диний ташкилот вакиллари, диншунос ва шарқшунос олимлар иштирок этган тадбир доирасида Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг Илмий тадқиқотлар ва инновацион лойиҳалар маркази томонидан пухта таҳлиллар асосида тайёрланган “Жаҳолатга қарши маърифат” ўқув қўлланмасининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Қайд этиш лозимки, мазкур қўлланмада миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликнинг моҳияти, мутаассиблик, экстремизм ҳамда терроризмнинг салбий жиҳатлари кенг қамровли маълумотлар ва далиллар орқали атрофлича баён қилинган. Шу билан бир қаторда, ислом ниқоби остида фаолият кўрсатаётган бузғунчи оқим ва ҳаракатларнинг юзага келиш тарихи, уларнинг мақсади, ғоявий-ақидавий асослари, молиявий манбалари, фаолият услублари ва ғайриисломий моҳияти алоҳида бандлар асосида очиб берилган.

Ушбу давра суҳбати ва китоблар тақдимоти мамлакат ва халқ осойишталигини сақлаш, жамият ривожи, барқарорлик, тинчлик ва тараққиётни таъминлашда тадқиқотчи олимлар, зиёлилар ва талабалар, ёшлар, кенг жамоатчилик вакиллари орасида турли бузғунчи ғоялар, ақидапарастлик, радикализм ва бошқа салбий оқибатларга олиб келувчи омиллардан огоҳ этиш, уларга қарши курашиш ҳамда ёт ғоялар таъсирига тушиб қолмаслик борасида катта сабоқ бериши билан аҳамиятлидир.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси
Матбуот хизмати