ЖИБРИИЛ

42

ЖИБРИИЛ (араб. جِبْرِيل – Жаброил) – исломда Аллоҳга яқин бўлган тўрт фариштадан бири (Микоил, Исрофил, Азроил б-н бирга). Жибриил сўзи Қуръони каримда 3 марта (Бақара 97, 98 ва Таҳрим 4) келган. Жумладан, «Ким Жаброилга душман бўлса…» ва «Ким Аллоҳга, Унинг фаришталарига, пайғамбарларига, Жаброил ва Мекоилга душман бўлса» (Бақара, 97, 98) ҳамда «…Шубҳасиз, Аллоҳнинг ўзи ҳам, Жаброил ҳам, аҳли солиҳ мўминлар ҳам унинг ҳимоячисидирлар…» (Таҳрим, 4).

Жибриилнинг вазифаси Аллоҳнинг ваҳийсини пайғамбарларга етказиш «Ким Жаброилга душман бўлса, ахир, у уни (Қуръонни) қалбингизга Аллоҳнинг изни билан ўзидан аввалги (илоҳий китоблар)ни тасдиқ этадиган, мўминларга ҳидоят ва хушхабар ҳолида нозил қилди-ку!» (Бақара, 97) ва дин таълимини бериш, мас., имом Муслим ривоят қилган «Жаброил ҳадиси»дан билинади.

Жибриил сўзи икки эски сомий сўзи – «жибр» (қул) ва «Ил» (Рабб) сўзидан ясалган бўлиб, «Аллоҳнинг қули» маъносини билдиради. Шунингдек, Ж. Қуръони каримда бошқа номлар билан ҳам келади: «Руҳ», «Руҳул қудс» (Муқаддас руҳ). Ж. пайғамбарлар олдига турли кўринишда келган. Жумладан, Расулуллоҳ (с.а.в.) олдиларига ўз қиёфасида ҳамда одам шаклида. Жибриил пайғамбарларга ҳамроҳлик қилган. Мас., исро, меърож воқеаларида ва бошқ.