ЖОЛУТ

40

ЖОЛУТ (араб. جالوت) – Қуръони каримда зикр қилинган кофир шахс. Жолут сўзи Қуръони каримда уч марта Бақара сурасида такрорланган. Маълумотларга кўра, Ж. Фаластин ва Миср орасида яшаган Амолиқ халқининг подшоҳи бўлиб, кучли, бақувват инсон бўлган. Доимо Бани Исроилни қўрқувга солиб, қўшини билан уларга ҳужм қилиб турган. Бани Исроил подшоҳи Толут Ж.га қарши оз сонли қўшин билан курашади. Чунки Толут қўшинининг бир қисми «Бу кун бизда Жолут ва унинг лашкарига тоқат йўқ» (Бақара, 249), деб уришмасдан қайтиб кетадилар. Оз сонли қўшин «Жолут ва унинг лашкарлари билан тўқнашганларида: «Эй, Раббимиз! Бизга сабр (ва тоқат ёмғири)ни ёғдир, қадамларимизни собит қил ва кофирлар қавми устидан бизга ғалаба ато эт!», – дедилар» (Бақара, 250). Шунда Аллоҳ таолонинг ёрдами билан Толут қўшини зафар қозонади. Толутнинг таклифига биноан Ж. билан Довуд жанг қилади ва уни йўлдан териб келган учта табаррук тош билан уриб қатл этади. Оятда «Довуд Жолутни ўлдирди» (Бақара, 251), дейилган ва бу урушда биринчи бор Бани Исроил ғалаба қилади.