ЗУЛ-КИФЛ (алайҳис-салом)

19

ЗУЛ-КИФЛ (алайҳис-салом) (араб. ذوالكفل) – Қуръони каримда номи зикр этилган пайғамбарлардан бири. Айюб (а.с.)нинг ўғиллари бўлиб, у зот Бишр деб ҳам аталадилар. Манбаларда келтирилишича, Зул-кифл (а.с.) Шом диёрида яшаганлар ва 75 ёшда вафот этганлар. У зотнинг қабрлари қаерда жойлашганлиги ҳақида турли фикрлар мавжуд. Баъзилар уни Эроннинг Дазфул шаҳрида, бошқалар Сурияда, Ироқнинг Ҳилла шаҳри ёки Кифл шаҳарчасида, Фаластинда, Ўзбекистоннинг Термиз вилояти яқинида дейдилар.

Қуръони каримда Зул-кифл (а.с.)нинг номлари Анбиё ва Сод сураларида 2 марта келган. Жумладан, бу зот қуйидаги икки оятда сабр-матонатли ҳамда  Аллоҳ яхши деб мақтаган улуғ пайғамбарлар қаторида зикр этилади: «Исмоил, Идрис ва Зул-кифлни (эсланг). Барчалари сабр қилувчилардандир» (Анбиё, 85). «Яна Исмоил, ал-Ясаъ ва Зул-Кифлни эсланг! Барчалари яхши кишилардандир» (Сод, 48). Зул-кифл (а.с.) ва у зотнинг ҳаётлари, оилалари, қавмлари ва пайғамбарлик вазифалари ҳақида манбаларда бошқа маълумот келтирилмаган.